Линклар

logo-print

Эргаш Каримов оламдан ўтди

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистонлик минглаб мухлисларига кулгу улашишдан чарчамаган Эргаш Каримов бугун ўз тобути устида уларни йиғлашга мажбур қилди.

Ўзбекистонлик минглаб мухлисларига кулгу улашишдан чарчамаган Эргаш Каримов бугун ўз тобути устида уларни йиғлашга мажбур қилди.

Tаниқли кулгу устаси, Ўзбекистон халқ артисти Эргаш Каримов 4 август куни эрта тонгда вафот этди. 75 ëшида оламдан ўтган Эргаш Каримов ўтган асрнинг етмишинчи йилларида Ўзбекистонда комедия қироли мақомида эди.

1974 йилда “Муштум” журналида скамейкада гул ушлаб ëлғиз ўтирган Эргаш Каримовнинг ҳажвий сурати босилди. Сурат тагида “Комедияхонни кутаëтган Эргашвой” деган ëзув бор эди.

Эргаш Каримов ўз санъатини тўлиқ намойиш қилиш учун комедияхонни узоқ кутди. Айтиш мумкинки¸ умрининг охиригача кутди.

Мунаққидлар Эргаш Каримовнинг актëрлик салоҳиятини тўлиқ намойиш қилган фильм сифатида “Учрашув” фильмини эсга олишади. Ўша пайтнинг билимдон томошабинлари сув формуласини билмаган талаба устидан кулишади.

Эргаш Каримовнинг “Сувда атом нима қилади? Атом бомба-ку” деган ибораси кўпчиликнинг ëдида.

Режиссëр Али Ҳамраевнинг айтишича, аслида Эргаш Каримовнинг ўзи кулгу бомбаси эди.

- Биз жуда кўп учрашганмиз. Доим қучоқлаб: "Қалайсиз¸ саломатликлар қалай?" деб сўрарди. Ўзи жуда юмшоқ¸ кўнгли очиқ одам. Эсимда бор¸ шу 30 йиллар олдинми, Ўзбекистон телевидениесида "Телевизион миниатюралар театри" бўлган. Ҳар кеча миллионлаб томошабинлар Эргашжонни интизорлик билан кутдилар. Эргаш Каримов¸ Ҳусан Шарипов¸ Бахтиëр Ихтиëровлар шанба-якшанба кунлари бу кўрсатувни олиб боришган. Ҳар хил одамларни ўйнаган. Раҳматли Эргашжон аскияга жуда уста бўлган. Қаранг¸ катта-катта артистларимиз¸ катта дўстларимиз оламдан ўтаяпти¸ дейди Али Ҳамраев.

Ўзбек комедия қироли Эргаш Каримов, режиссер Али Ҳамраев эътирофича, умрининг сўнгги йилларини ҳоксорликда ўтказди.

Али Ҳамраев: Энди ўзингиз биласиз¸ ҳозир кинода оғир пайтлар. Ҳукумат пул берса ҳам кўпчилик хусусий киностудияларда ëзилаяпти. У ëқда арзон киноларни қилиб¸ чуқур фикр йўқ. Эргашжон ҳам ишсиз қолгандир. Менинг эшитишимча¸ театрда ўйнамаган. Униб-ўсган болалар Эргашжонни боқиб¸ шунақа секин-секин қариб қолгандир-да. Кейин нима бўлди - билмадим. Касал бўлганми... Илгари кўрганларимда кўзлари олов бўларди. Охирги пайтларда эса жуда бошқача эди. "Эргашжон¸ қалай саломатликлар?" десам¸ "Яхши Али ака, ўзингиз кўраяпсиз-ку нима бўлаëтганини" дерди. Халқ артисти¸ сатирага жуда уста бўлган. 60 ëшдан ошган бўлса керак у?

Озодлик: 75 ëшда эканлар.

- Йўғе¸ қаранг, мен уни мендан ëш, деб ўйлабман. Худо раҳмат қилсин. Барибир катта артист¸ катта одам. Ҳозир катта артистларга қандай оғир пайт бўлаëтганини ëшлар сезмайди¸ дейди Али Ҳамраев.

Эргаш Каримов ижросидаги жажжи телелавҳалар - телеминиатюралар юзлаб ëшлар юрагига кулгу устаси бўлиш истагини солди. Ана шундайлардан бири - қизиқчи Жакбарали Жўраев гапиради.

Жакбарали Жўраев: Ëшлигимизда¸ 10-12 ëшларимизда кўрганмиз-да. "Шанба нонуштаси" деган кўрсатувлари¸ миниатюраларини¸ "Учрашув" деган киноларини завқ билан томоша қилганмиз. Бизнинг санъаткор бўлишимизга бу одам жуда катта туртки бўлган.

Озодлик: Ҳаëтда қанақа эди бу одам?

- Ҳаëтда яхши одам эдилар. Ҳаëтда катта пул йиғишга¸ мол-дунë¸ бойлик йиғишга қизиққан инсон бўлмаганлар¸ дейди Жакбарали Жўраев.

Эргаш Каримов ҳали тирик чоғида Озодлик микрофонига ўзининг санъат йўли ҳақида гапириб берган эди.

- Бу йўлга энди ўзим сабабчи бўлганман. Санъатни жуда яхши кўрардим. 1952-1953 йилларда мактабимизга радиокомитетдан Жалил ака деган келиб, ғижжак чалган. Шу кишининг қўлида ўқиганмиз¸ ғижжак чалишни шу кишининг қўлида ўрганганмиз. Шунинг нимаси қулоқда қолган¸ мусиқа деса¸ ўзимизни томдан ташлардик.

Уйдагилар менинг доктор бўлишимни исташарди. Лекин мен ўзим қонни жуда яхши кўрмасдим. Шунинг учун кирганим йўқ. Кейин шу ўқишга кирдим. Наби акам¸ Ғани акамлар жуда ҳавасимни келтирарди. Шу одамларга ўхшасам, деб ният қилардим.

Ëшлигимда Юсуфжон қизиқдан дуо олганман. "Актëр бўламан" десам¸ у киши "Ниятингга етгин" деб дуо қилганлар. Кулги санъатига хизмат қиламиз, деб тасодифан шу йўлга кириб¸ рол ўйнаб юриб¸ шу йўлга келиб қолдик. Розахон билан бир синфда¸ бир курсда бирга ўқиганмиз¸ деган эди Эргаш Каримов.

Санъаткорнинг рафиқаси Розахон Каримованинг айтишича, Эргаш Каримов санъаткорнинг эл орасида обрўли бир шахс бўлиши мумкинлиги ва у тўйма-тўй юриб, сийқаси чиқмасдан ҳам кун кечириши мумкинлигини ўз ҳаëт тарзи билан исбот қила олган.

- Эргаш акам бир вақтлар тўйга бир қийиқча пул кўтариб келган одамлардан қўрқиб¸ шифонерга кириб бекиниб олардилар. У одамлар куни билан бўсағамизни пойлаб турарди. У бечоралар қишин-ëзин меҳнат қилиб¸ келарди-да. Пул йиғиб¸ "Тўйимга миниатюрада чиққан Эргашни олиб келаман", деб келарди-да улар. Куни билан пойлаб ўтиргандан кейин Эргаш акам ачиниб чиқардилар. Чиқиб, "Тўйга бораман, деб сизга ваъда бера олмайман. Сиз энди Ҳусан Шариповга айтинг. Боринг ўшанга. Унда мусиқачи ҳам бор¸ ўзи ҳам қизиқчи" деб, Ҳусанга жўнатиб юборардилар. Жуда қўймаса¸ Ҳусан билан бирга борган пайтлари бўлган. Лекин асосан Ҳусанга жўнатиб юборарди¸ дейди эндиликда марҳум санъткор Эргаш Каримовнинг рафиқаси Роза Каримова.

Роза опанинг айтишича, Эргаш ака мудом: "Оддий инсонларга ўхшаб яшашимиз керак. Тўйга бормасин демайман¸ майли борсин. Бугун бу тўйда кўрса¸ эртага у тўйда кўрса¸ индинга саҳнага чиқса¸ эффект йўқолади. Санъаткор дегандан кейин халққа хизмат қилишимиз керак"¸ дер экан.

Эргаш Каримов "Шум бола"¸ "Еттинчи ўқ" фильмларида трагик ролларни ҳам ўйнаган эди.

- Мен ўзим уни таклиф қилдим. Мен "Эргашжон¸ доим сиз кулгили ролларни ўйнайсиз. Сиз катта артистсиз. Қани келинг" десам¸ "Э, Али ака¸ мен эплолмайман", дейди. Мен "Эргашжон¸ сиз артистсиз. Ҳаммаси яхши бўлади. Мен ëрдамлашаман" дедим. Жуда яхши ўйнаб берди. Жуда тешворди¸ дейди режиссер Али Ҳамраев Эргаш Каримовнинг драматик ролларини эсларкан.

Али Ҳамраевга кўра, Эргаш Каримов умрининг сўнгги йилларида ҳам рол кутиб яшади¸ аммо уни таклиф қилишмади.

Али Ҳамраев: Трагик¸ драматик ролларни унга бермаган-да.

Озодлик: Сиздан бошқа кинорежиссëрлар уни марҳамат билан сийлашмади-да. Яхши-яхши роллар берилмади.

- Ҳа¸ бу кишини доим комедияларга олишган. У энди баъзи бир артистларга ўхшаб "Мени олинг¸ мени олинг" демаган-да. Тинчгина юрган. Жуда оддий одам бўлган. Ҳамза Умаровдан кейин Эргаш Каримов жуда катта артист. Раҳматли Ҳамза Умаров ҳам катта артист бўлганда¸ дейди Али Ҳамраев.

Эргаш Каримов Санъаткор “Биринчи муҳаббат” интермедияси қаҳрамони Муқимжон тилидан рафиқаси Розахонга “сен ҳам бева, мен ҳам бева”, деб ҳазил қилар эди.

Бугун бу икки санъаткор бир-бировидан, ўзбекистонлик кулгу ихлосмандлари эса комедия қиролидан айрилишди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG