Линклар

Қаршида диндорлар судланмоқда


Қашқадарёда судланаётган диндорлар кўпинча бир-бирига сўзи ва амали тўғри келмайдиган бир неча диний оқимга алоқадорликда айбланмоқда.

Қашқадарёда судланаётган диндорлар кўпинча бир-бирига сўзи ва амали тўғри келмайдиган бир неча диний оқимга алоқадорликда айбланмоқда.

3 август куни Қашқадарё вилоят жиноий ишлар судида “Исломий жиҳод иттиҳоди” ва бошқа бир неча диний оқимларга алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган ўн бир киши устидан маҳкама жараёни бошланди.

Қашқадарё вилоят жиноий ишлар суди ходимига кўра, 3 август куни 11 кишидан иборат жиноий гуруҳ устидан маҳкаманинг биринчи мажлиси бўлиб ўтган.

Лекин суд ходими иш ниҳоясига етмагани боис бу борада тўлиқ маълумот бера олмаслигини билдирди.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи ушбу маҳкама жараёнини бевосита кузатиб бораяпти.

Гуруҳ раҳбари Суръат Икромовга кўра, қашқадарёлик 11 кишининг барчаси экстремизм ва терроризмда айбланмоқда.

- Буларнинг ҳаммаси диний оқимларга қўшилганликда айбланаяпти. Терговни МХХ органи қилган. Айблов хулосасида улар Ҳизбут-Таҳрир ва ваҳҳобийлик ҳамда Ўзбекистон исломий ҳаракати¸ Ал-Қоида¸ Исломий жиҳод деган оқимларга алоқаси борлиги гапирилаяпти, дейди Суръат Икромов.

Маълум бўлишича, судланувчиларнинг ёши 22-35 ёш оралиғида бўлиб, улардан икки нафари қаршилик, бошқалари эса шаҳрисабзлик.

Маҳкамага тортилганлар орасида Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани “Чоршанба” маҳалласида яшовчи 29 ёшли Ойбек Остонов ҳам бор.

Ойбек Тошкент шаҳридаги кафелардан бирида қоровул бўлиб ишларди.

Ойбекнинг опаси Насиба Остонованинг Озодликка билдиришича, жорий йилнинг 18 июн куни Қашқадарё вилоят Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари укаси Ойбекни Тошкентда ушлаб, Қашқадарёга олиб кетишган.

Насиба Остонова укасининг айбсизлигини айтар экан, тергов жараёнида укаси ва у билан бирга ҳибсга олинганларга нисбатан қийноқ қўлланилгани ҳақида гапиради.

- Қийнашган¸ лекин бу болалардан “қийнаганимизни айтмайсан” деб, тилхат ëздириб олишган. Улар: “Мени қийнади¸ азоб берди” деса¸ қайтадан азоб бериш бошланади. Шунинг учун улар қийнашганини айтолмаяпти. Уларни қийнашган¸ бўйнига қўйишган¸ қўл қўйдириб олишган. Саккизта айбнома билан айблаб туришибди¸ лекин улар бехабар.

“Биз бунақа нарсани қилганимиз йўқ¸ лекин бизларга ноҳақ айбномани қўйган” деб, айбномани ўқигандан кейин ҳайрон қолишаяпти. Улар: “Биз бу нарсалардан бехабармиз”, деяпти. “Ўзбекистон ҳукуматига қарши¸ ҳукуматни ағдариш, ҳукумат лавозимидаги инсонларни йўқотиш¸ кейин ўрнига ўзлари ўтириб олиш” каби айбномалар қўйиб ташланган, дейди Насиба Остонова.

Маҳкама жараёнида судланувчиларга ҳимоячилик қилаётган адвокат Рустам Тўлагановга кўра, қашқадарёлик 11 киши уюштирилган жиноят қурбони бўлишаяпти.

- Айбловни қўйган лекин исботи йўқ. Ҳеч қанақа унақа китоблар йўқ. Йўқ нарсалар ҳаммаси. Бу болаларнинг уйидан бирорта қурол-аслаҳа топилмаган. Ҳаммаси бир-бирига уланган. Қуруқ кўргазма. Бошқа ҳеч бало йўқ. Уйдирма ишда¸ уйдирма. Бирорта исбот-далил йўқ. Кеча Санжарбек дегани кўрсатма беришни бошлади. У: “Мен фақат тергов даврида кўрдим, мана бу иккитасини умуман танимайман”, деяпти, дейди Рустам Тўлаганов.

Адвокатнинг айтишича, маҳкаманинг илк куни судланувчилар ўзларига қўйилган айбловларнинг барчасини инкор қилиб, айблов хулосасида тилга олинган диний оқимларга умуман алоқаси йўқлигини билдирганлар.

Айтиш жоизки, қашқадарёлик ўн бир киши билан боғлиқ ушбу маҳкама Ўзбекистонда аввал кузатилган маҳкамалардан бироз фарқ қилади.

“Исломий жиҳод иттиҳоди” гуруҳига алоқадорликда гумонланган шахсларнинг маҳкамаси Ўзбекистонда аввал учрамагани айтилмоқда.

Суръат Икромов бу гуруҳ Ўзбекистонда мавжуд эмаслигини айтаркан, Қашқадарёдаги оммавий ҳибсни ўзбек ҳукуматининг навбатдаги сиёсий ўйини сифатида баҳолайди.

Аксар таҳлилчилар Қашқадарёдаги оммавий ҳибсни Ўзбекистонда диндорларга нисбатан давом этаётган сиёсий репрессия ўлароқ баҳолайдилар.

Суръат Икромовга кўра, кейинги пайтда диний мотивлар билан оммавий ҳибсга олиб маҳкамага тортиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

- Лекин бунақа маҳкама ишлари кўп бўлаяпти. Айниқса¸ Тошкентда¸ вилоятларда. Бунақа маҳкама ишлари Ўзбекистон бўйича ҳали тўхтамаган. Кўпайиб бораяпти. Қашқадарëнинг ўзида охирги бир ярим йил ичида бу учинчи маҳкама иши. Ҳаммаси оммавий. Терговчи ҳам битта. Ҳаммасида 10-15 та мана шунақа ишлар бўлиб ўтган. МХХ терговларни ўтказган¸ ҳаммаси уюштирилган, дейди Суръат Икромов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG