Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:47

Австралияда жангарилар қўлга олинди


Австралияда террорчиликда гумонланган тўрт шахсни қўлга олиш амалиётида 400 нафар полициячи иштирок этди.
Австралияда террорчиликда гумонланган тўрт шахсни қўлга олиш амалиётида 400 нафар полициячи иштирок этди.

Австралия полицияси мамлакат тарихидаги энг мудхиш воқеа бўлиб қолиши мумкин бўлган қўпорувчилик ҳужумини содир этишни режалаганликда гумон қилинган тўрт шахсни қўлга олди.

Австралия Федерал полицияси мамлакатдаги ҳарбий базада худкуш ҳужуми содир этишни режалаганликда гумон қилинган тўрт шахсни ҳибсга олди.

Бундан ташқари келиб чиқиши Ливан ва Сомалидан бўлган Австралия фуқароларининг Сомалидаги Ал-Шабаб исломий жангарилар гуруҳига алоқаси борлиги таҳмин қилинмоқда. Ушбу гуруҳнинг Ал-Қоида билан яқиндан ҳамкорлик қилиши ҳам айтилади.

Полициянинг билдиришича, ёши 20лар атрофида бўлган тўрт шахс Сидней жануби-ғарбидаги ҳарбий базага қуролли ҳужум уюштиришни режалаган. Ўсмирлар шаҳид бўлишдан аввал имкон қадар кўпчиликни отиб ўлдиришни ният қилган.

Австралия Бош вазири Кевин Руд ушбу режани биргаликда фош этгани учун полиция ва хавфсизлик хизмати ходимларини олқишлади.

-Мен бу идораларнинг биргаликда ва мувофиқлаштирилган ҳолда олиб борган ишларини олқишлайман. Австралия ҳукумати мамлакат ичкарисида ва ташқарисида терроризм тахдиди мавжудлиги ҳақида ҳар доим таъкидлаб келади,-деди Австралия Бош вазири.

Маълум бўлишича, эрта тонгда Мелбурн шаҳрида ўтказилган махсус амалиётда 400га яқин полиция ходими иштирок этган. Яқин кунлар ичида яна бир қанча шахс ҳибсга олиниши мумкин.

Ҳозирча қўпорувчилик амалиёти содир этиш режаси сабаблари аниқ эмас, бироқ Австралия қўшинлари Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий амалиётлардаги иштирокини давом эттирмоқда ва шунинг учун Австралия исломий жангарилар томонидан нишонга олиниши ҳам мумкин.

Сўнги етти йил ичида Австралияга яқин Индонезияда содир этилган қўпорувчилик амалиётларида Австралиянинг 90дан зиёд фуқароси нобуд бўлган.

Полиция бошқармаси раҳбари Тони Негуснинг журналистларга айтишича, ҳибсга олинганлардан бири Сомалига сафар қилиб, бу ерда Ал-Шабаб исломий жангарилар лагерида махсус тайёргарликдан ўтган.

Маълум бўлишича, ҳибсга олинган шахслар етти ой давомида полиция ва хавфсизлик кучлари кузатувида бўлган. Шу вақт давомида бу шахслар бир нечта ҳарбий базада бўлиб, маълумот тўплашга уринган.

Мазкур воқеадан бир ҳафта муқаддам ислом динини қабул қилган Шейн Кент исмли шахс 2005 йилда Мелбурн шаҳрида ўтказилган спорт тадбирларидан бирида қўпорувчилик амалиёти содир этишни режалаганини тан олди. Айтилишича, Шейн Кент ва унинг шериклари 92 минг томошабин тўпланадиган спорт тадбири чоғида портлаш содир этишни режалаган. Ушбу гуруҳнинг саккиз аъзосига аллақачон қамоқ жазоси тайинланган.
XS
SM
MD
LG