Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:07

Норбой Холжигитовнинг аҳволи оғир


Яқинларининг эътироф этишларича, Норбой Холжигитовнинг қонида қанд миқдори ошган, чап қўли ва чап оёғининг ҳаракати сусайган.
Яқинларининг эътироф этишларича, Норбой Холжигитовнинг қонида қанд миқдори ошган, чап қўли ва чап оёғининг ҳаракати сусайган.

Тўрт йилдан мўлроқ вақт ичида қамоқда қолаётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Самарқанд вилоят Иштихон туман бўлими раиси Норбой Холжигитовнинг саломатлиги яна ёмонлашган.

Бу ҳақда яқинда Норбой Холжигитовни қамоқда кўриб қайтган оила аъзоларининг гапларига таянган ҳолда ана шу жамиятнинг Жиззах вилоят бўлими хабар тарқатди.

Маълум бўлишича, шу йилнинг 24 июлида Қаршидаги 64/49 жазони ўташ муассасасида қамоқ муддатини ўтаётган Норбой Холжигитовни унинг оила аъзолари кўриб қайтган. Унинг хотини Бўригул Холжигитованинг Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Жиззах вилояти бўлимига берган маълумотларига кўра, эрининг аҳволи жуда ҳам оғирлашган. Ана шу маълумотдан иқтибос:

“Хўжайинимнинг аҳволи аввалги учрашувдагига қараганда яна ҳам оғирлашибди. Соғлиги деярли тамом бўлган. Сахарний (қандли диабет) эмасми - қонидаги қанд миқдори ошиб, анча абгор ҳолатга келиб қолибди. Қамалганда¸ барча тишлари бор эди, биттагина тиши қолган. Энг ёмони, юзлари, оёқларининг учлари қорамтир тусга кирибди. Лаблари ҳам кўкимтир рангда. Қўл ва оёғининг чап томон ҳаракатлари сусайган. Кайфияти жуда ёмон, руҳан синиб қолган. "Ташқаридагиларга айт, бу ердан чиқишга ёрдам беришсин, ахир" деди. Хўжайинимнинг бу аҳволга келганини кўриб, ўзим ҳам тамом бўлдим”.

ЎИҲЖ нинг Жиззах вилоят бўлими раиси Бахтиёр Ҳамроевнинг айтишича, Норбой Холжигитов оғир дардга чалинганига қарамай, унга ҳали бирор марта ҳам амнистия қўлланилгани йўқ:

- Деярли тўрт йилдан бери¸ Норбой Холжигитов қамалганидан бери тўрт марта амнистия акти чиқди. Мана, бу йил ҳам амнистия акти чиқиши кутилаяпти. Бирортасида Норбой Холжигитовга амнистия қўлланилмаган. 23 июн куни Норбой Холжигитовга "ички тартибни бузди" деб навбатдаги нарушениени ëзишибди. Ўзбекистон қонунлари уни аллақачон чиқариб юбориши керак эди. Қандли диабет билан оғриган бундай касал чиқариб юборилиши керак ва у очиқда даволаниши керак. Минг афсуски¸ Норбой Холжигитов ҳали ҳам қамоқда ўтирибди¸ дейди Бахтиëр Ҳамроев.

Франциядаги Инсон ҳуқуқлари халқаро федерациясининг Евроосиё ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Франсуас Петри ҳам Норбой Холжигитовнинг қамоқдаги аҳволидан ташвиш билдиради:

- Биз Норбой Холжигитовнинг қамоқдаги аҳволини эшитиб жуда қаттиқ таъсирландик. Ташкилотимиз унинг озод қилинишини ва оиласи бағрига қайтишини Ўзбекистон ҳукуматидан талаб қилади. Зеро, бемор ҳуқуқ ҳимоячисини қамоқда ушлаб туриш ва бу билан унинг ўлимини яқинлаштириш жуда ёмон ҳолат. Биз бу воқеани кенг дунё жамоатчилигига етказишга ҳаракат қиламиз, дейди Франсуа Петри.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташкилотининг раиси, муҳожирликда яшаётган Абдужалил Бойматов фикрича, Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича бир қанча халқаро конвенцияларга имзо чеккан бўлса-да, лекин амалда уни бажармаяпти:

- Ўзбекистон қамоқхоналарида ҳуқуқ ҳимоячиларига¸ журналистларга қийноқлар қўлланилаяпти¸ уларга нисбатан ғайриинсоний муносабат бўлаяпти. Лекин бу нарса Ўзбекистон конституциясига ҳам¸ Ўзбекистон ратификация қилган конвенциялар ва пактларга ҳам зид. Қийноқ қўллайдиган шахсларга нисбатан жиноий иш очилиши керак. Ўзбекистон ҳукумати эса бу ишни қилмаяпти.

Бутун дунëдаги диктатор режимлари шундай. Инсонларнинг сиëсий¸ иқтисодий ҳуқуқларини ҳурмат қилмайди. Улар ўзларининг диктатурасини кучайтириш учун эркин фикрловчиларга нисбатан шунақанги чоралар кўради. Диктатурада коррупция ниҳоятда ривожланган бўлади. Бу коррупциядан давлат тепасида ўтирган раҳбарлар жуда катта фойда кўради¸ дейди Абдужалил Бойматов.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда Ўзбекистон қамоқхоналарида 15 нафар ҳуқуқ ҳимоячиси сақланмоқда. Уларнинг тўққиз нафари Ўзбекистон Инсон ҳуқуларини ҳимоя қилиш жамияти аъзоларидир.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Самарқанд вилояти Иштихон туман бўлими раҳбари бўлиб фаолият юритган Норбой Холжигитов 2005 йилнинг 4 июнида Ўзбекистон ЖКнинг 4 моддаси (139-модда, 158-модда, 159-модда, 216-модда) билан айбланиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. Бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари бу айбловларни асоссиз, деб билишади.
XS
SM
MD
LG