Линклар

logo-print

Ўзбек энди ҳашар қилмайдими?

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистонда гувала думалатиб уй қуриш, ҳашар уюштириш эскилик сарқити бўлиб қоладиганга ўхшайди.

Ўзбекистонда гувала думалатиб уй қуриш, ҳашар уюштириш эскилик сарқити бўлиб қоладиганга ўхшайди.

Ҳашар - эскилик сарқити! Ҳар ҳолда Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 3 август куни эълон қилинган қарори матни билан танишиб чиққан одамнинг хаёлига ана шу фикр келиши мумкин.

Агар қарор мазмунини тўғри тушунган бўлсак, бундан буён мамлакат қишлоқларида яшайдиганлар уй-жой қуриш учун нафақат ҳашар уюштирмайди, балки ўзларининг ҳам қўли лойга тегмайди.

“Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорнинг матни анча катта.
Мазмуни будир: “Қишлоқ қурилиш банк” уй-жой қурувчига кредит ажратади; уй-жой қурувчи ер участкасини ва намунавий лойиҳани танлаб “Қишлоқ қурилиш банк” қошида ташкил этилажак “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компаниясига топширади; “Қишлоқ қурилиш инвест” уй-жойни қуриб, уй-жой қурувчига “тайёр ҳолда топширади”.

Хўш, ўзбекистонлик бундай тартиб жорий этилаётганидан суюнсинми ё хафа бўлсинми?

Давлатнинг “намунавий лойиҳаси” бўйича бекаму-кўст уй қуришга, ҳатто кредит берилган тақдирда ҳам (ахир кредитни қайтариш ҳам борку?!), қурби етмайдиганларга ўзи бола-чақаси билан гувала думалатиб бир том ёпиб олишига рухсат берадиларми?

Бу саволларни бериш учун кун бўйи “Қишлоқ қурилиш банк” билан боғланишга қилган ҳаракатларимиздан иш чиқмади – телефон гўшагини биров кўтармади.

Бироқ, президент Каримовнинг яқинда Наманганда айтган мана бу гапларини қарор шарҳи сифатида қабул қилиш мумкин:

- Қишлоқнинг қиëфасини ўзгартириш. Қиëфа деганда одам яшайдиган жойларни айтмоқчиман. Нима бўлаяпти? Мен минг бор айтганман¸ қайси вилоятга бормасам¸ эй барака топгур¸ уйингни шундай қуришинг керакки¸ етти пуштингга етиши керак. Нафақат ўзинг роҳат қилишинг керак¸ нафақат болаларининг дарс тайëрлашда қанақадир ëруғ уйларда ўтиришда¸ қандайдир замонавий бир шароитда яшашга албатта муносиб бўлиши керак.

Бу гапларни айтганидан кўп ўтмай Ўзбекистон президенти бугун ўрганаётганимиз қарорни имзолади.

Ўзини Карим ака, деб таништирган сирдарёлик тингловчимизнинг сўзларига қараганда, президент қарорида назарда тутилган чора-тадбирлар ҳужжат имзолангунга қадар бошланган. У яқинда “Қишлоқ қурилиш банки”да бўлганини, банк уй-жой қуриш учун кредит ажратиши мумкинлигини билганини айтди.

- Мисол учун битта проект 40 миллион бўладиган бўлса¸ ўшанинг 75 фоизни банк кредит билан таъминлайди. Лекин кредит олувчининг қўлига берилмайди. Белгиланган қурилиш ташкилотларига пуллар ўтказиб берилиб¸ ўшалар томонидан сметада кўрсатилган ҳолатда иморатлар қуриб берилади деган фикрларни билдиришди¸ - дейди Карим ака.

Худди қарордаги гапни айтаяпти Карим ака.

- Лойиҳаларни ҳам кўрдим, дедингиз, улардан бирини тасвирлаб беринг, - деб илтимос қилдик Карим акадан.

- Биз кўрган лойиҳаларнинг ичида бир қаватлиси ҳам¸ икки қаватлиси ҳам бор эди. Ҳозир мен биттасини мисол келтириб айтаман. Бир қаватли лойиҳа чиройли замонавий типда кўрсатилган. Лойиҳанинг қиймати 38 миллион сўм¸- дейди Карим ака.

Демак, Карим ака айтаётган лойиҳа қиймати - 38 миллион сўмнинг 75 фоизи – 28 миллион 500 сўмини “Қишлоқ қурилиш банки” уй қурувчига беради.

Аниқроғи, ўша пулни чап чўнтагидан ўнг чўнтаги – ўзи тузадиган “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компаниясига ўтказиб беради.

Бу уй қурувчи учун қулайми, қулай эмасми? Қурилишни молиялашнинг бу усулидан уй қурувчи ютадими, ютқазадими?

Бу саволларга ҳозирдан жавоб бериш қийин – иш энди бошланаяпти.

Бироқ мамлакат бўйлаб бир монополист пайдо бўлаётгани, бу монополист 2014 йилгача барча солиқлардан озод қилинаётгани (қарорнинг 8-банди), уй-жой қурувчи танлаш ҳуқуқидан маҳрум этилаётгани кишини ўйлантиради.

Ўзбекистонлик бир ҳуқуқшунос масаланинг мана шу – ҳуқуқий жиҳатларини ўрганиб, ўз фикрини билдиришга ваъда берди.

Ўзини Алижон, деб таништирган водийлик бир қурувчи-муҳандис эса, қарорда назарда тутилган тартибга тўла амал қилингудай бўлса, уй қурувчи ютади, деган фикрни билдирди.

- Пилус-минусини олганда ҳукумат қилгани яхши. Фақат бу ерда заказчик орқали контрол қаттиқ бўлиши керак. Проектга рози бўлиб¸ экспертизалардан ўтказиб¸ бу қоидалар эскидан бор¸ буни берсам¸ ўзлари солиб бериб қўяди деб эътибор бермаса¸ улар ҳамма ëқдан эконом қилиб юбориши мумкин. 1000 та ғиштнинг ўрнига 700-800 та уриб қўяди. У ғишт сонига қарамайдию¸ обëмни берса бўлди-да. Контрол қаттиқ бўлиши керак¸- дейди қурувчи-муҳандис Алижон ака.

Сирдарёлик Карим ака ҳам “агар “Қишлоқ қурилиш банк” “чўталсиз” кредит берсаю¸ “Қишлоқ қурилиш инвест” уйни ўз вақтида сифатли қуриб берса, бундай имкониятдан нега фойдаланмай”, деди.

Ўзбекистонлик минглаб Карим акалар хомтама бўлмаяптиларми?

Бу савол жавоби ҳадемай, жорий йил охиригачаёқ аён бўлиб қолади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG