Линклар

Бишкекда ўзбек қочқинлари йўқолди

  • Шерзод

Андижон воқеаларидан сўнг юзлаб ўзбек қочқинларига бошпана берган қирғиз ҳукумати қочқинларнинг айримларини ноқонуний тарзда Ўзбекистонга бериб юборгани учун танқид қилинмоқда.

Андижон воқеаларидан сўнг юзлаб ўзбек қочқинларига бошпана берган қирғиз ҳукумати қочқинларнинг айримларини ноқонуний тарзда Ўзбекистонга бериб юборгани учун танқид қилинмоқда.

Бошпана сўраб БМТ қочқинлар идорасига мурожаат қилган ўзбекистонлик икки фуқаро Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида бедарак йўқолгани айтилмоқда.

Ҳюман Райтс Вотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти 2009 йил 30 июлдан бери бедарак йўқолган Санжар Худойберганов ва унинг 11 яшар ўғли Сарварбек Эркинзода Ўзбекистонга мажбуран жўнатиб юборилган бўлиши мумкинлиги хусусида ташвиш билдириб, 4 август куни баёнот эълон қилди.

ҲРВ ёйинлаган баёнотда билдирилишича, Ўзбекистонда таъқиб ва тазйиқлардан қочиб, 2008 йилда Қирғизистонга келган Санжар Худойберганов бошпана берилишини сўраб, Бирлашган миллатлар ташкилоти Қочқинлар бўйича олий комиссарлигининг Бишкекдаги идорасига мурожаат қилган, аммо унинг иши шу пайтгача ҳал бўлмаган.

Санжар Худойберганов ва ўғлини охирги марта 30 июлда Қирғизистон миграция ва аҳолини иш билан таъминлаш давлат қўмитасидан уйга қайтаётганларида кўрганлар.

Ҳюман Райтс Вотчнинг Марказий Осиё ва Евро Осиё бўйича дастури директори Холли Котнер ўзбек қочқинининг бедарак кетгани юзасидан хавотир билдиради:

- Бизнинг ташкилотимиз Санжар Худойберганов 11 яшар ўғли билан бирга 30 июл куни йўқолганидан хабардор. Улар зўрлик билан Ўзбекистонга олиб чиқиб кетилган бўлиши мумкин. Биз бундан ташвишдамиз, деди Ҳюман Райтс Вотч ташкилотининг Марказий Осиё ва Евро Осиё бўйича дастури раҳбари Холли Кортнер.

Биз Санжар Худойберганов тўғрисида тўлароқ маълумот олиш учун БМТ Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлигининг Бишкекдаги ваколатхонасига мурожаат қилганимизда идора ходимлари бу борада маълумотни фақат ваколатхона раҳбари Хан Шоддер бериши мумкинлигини, бироқ у айни пайтда Қирғизистонда эмаслигини билдирдилар.

Санжар Худойбергановнинг синглиси Дилобар акасига сўнгги пайтларда номаълум шахслар томонидан таҳдидлар бўлганини, Санжар Худойбердиев бу борада БМТ Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлигининг Бишкекдаги ваколатхонасига ариза ёзганини маълум қилди:

- Акамнинг ортидан номаълум шахслар уйигача кузатиб юришган эди. Улар акамнинг уйига боришган. Машинада ортидан кузатишган. Қўни-қўшнилардан суриштирган. Акам аризаларида ўша йигитларнинг кўринишларини тасвирлаб берган. Қолаверса, у қўшнилардан бу борада кўрсатмалар ҳам олган, деди Дилобар.

Унинг айтишича, Санжар Худойберганов ўзига телефон қилган ва ортидан кузатиб юрган одамлар ўзбек ва қирғиз миллатига мансуб йигитлар эканини айтган.

Қирғизистонда вақтинчалик бошпана топган ўзбекистонлик қочқинлардан бири Тошпўлат Йўлдошев ушбу икки қочқинни Ўзбекистон махсус хизматлари Ўзбекистонга олиб кетган бўлиши мумкин, деган фикрда:

- Қирғизистонда Ўзбекистондан келган қочқинларнинг хавфсизлигини ҳеч ким таъминлай олмайди. Бундан аввал ҳам тўрта одам йўқолган эди. Куни кеча ҳам икки киши йўқолган экан. Ўзбекистон махсус хизматлари Бишкекда, Ўшда яшаётган қочқинларни бемалол кузатиб, улар ҳақида маълумот йиғиб, истаган пайтда Ўзбекистонга олиб кетишлари мумкин, дейди Тошпўлат ака.

Айни пайтда Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти вакили Холли Котнер ташкилот яқин кунларда Қирғизистон раҳбариятига махсус мактуб юборишини билдирди. Унинг айтишича, мактубда Қирғизистон инсон ҳуқуқлари борасида ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажарилишини таъминлаши кераклиги талаб қилинади:

- Биз ўзбек қочқинларининг куч билан Ўзбекистонга қайтарилаётгани тенденциясини кузатаяпмиз, айниқса бу борада Қирғизистонда бир қатор воқеалар қайд этилган. Шунинг учун биз Қирғизистон ҳукуматига мурожаат қилиб, инсон ҳуқуқлари борасида ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бажаришини талаб қилмоқчимиз, деди Холли Котнер.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ўтган йилнинг сентябрида Қирғизистон ҳукуматини БМТ мандатига эга бўлган андижонлик қочқинларни Ўзбекистонга бериб юборгани учун танқид қилган эди.

Бирлашган миллатлар ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 93-сессиясида масаласи тилга олинган ўзбекистонлик тўрт қочқин Жаҳонгир Мақсудов, Одил Раҳимов, Ёқуб Тошбоев ва Расулжон Пирматовлар, қўмита текширувлари натижасига кўра, Ўзбекистонга ноқонуний равишда бериб юборилган.

Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячилари эса 2005-2009 йиллар давомида ўнга яқин ўзбекистонлик қочқин Қирғизистон ҳудудида қўлга олиниб, ноқонуний тарзда Ўзбекистонга топширилгани ҳақида маълумотлар борлигини айтадилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG