Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:51

Ўзбекча байрамлар хорижлик нигоҳида


Социолог олима Лаура Адамс фикрича, Ўзбекистонда ўтказилаётган тантанали байрам тадбирлари ўзбек расмийлари кутган самарани бермаяпти.
Социолог олима Лаура Адамс фикрича, Ўзбекистонда ўтказилаётган тантанали байрам тадбирлари ўзбек расмийлари кутган самарани бермаяпти.

Ўзбек матбуоти тарқатган хабарларда айтилишича, айни кунларда Ўзбекистонда мустақилликнинг 18 йиллик тантаналарига катта тайёргарлик кетаяпти. Мазкур байрам тадбирлари хорижлик тадқиқотчиларда қандай таассурот қолдирмоқда?

АҚШдаги Гарвард университетининг Марказий Осиё ва Кавказ дастури ҳамраиси, социолог олима Лаура Адамс бир неча йиллардан бери Ўзбекистонда ўтказиб келаётган байрам тадбирларини бевосита кузатиб келади.

Гарвард университети олимаси Лаура Адамснинг “Ўзбекистонда мустақиллик байрамлари нишонланишининг ўзбек халқи миллий ўз-ўзини англашига кўрсатаётган таъсири” деб номланган китоби жорий йил охиригача АҚШдаги нашриётлардан бирида чоп этилиши режаланмоқда.

Лаура Адамс бу китобида бир қатор муаммоларни ўргангани ҳақида гапиради:

- Мен “Ўзбекистон ҳукумати бу байрамларга нега бу қадар кўп маблағ сарфлайди? Санъаткорлар бу байрамларда ўзлари истаган нарсани кўрсата оладиларми? Дабдабали тарзда ўтказиладиган бу байрамлардан кўзланган мафкуравий мақсадлар амалга ошаяптими?” деган саволларга жавоб изладим, дейди Лаура Адамс.

Америкалик олиманинг бу саволларга топган жавобларини эътиборингизга ҳавола қилишдан олдин, айни саволларга Ўзбекистон матбуотидан топган жавобларимиз билан таништириб ўтсак.

“Истиқлол миллий маданиятимиз ва санъатимизни янада ривожлантириш, бу борадаги бой анъаналарни тиклаш ва асраб-авайлаш, эришган ютуқларимизни жаҳонга кенг тарғиб ва ташвиқ этиш имконини берди. Санъаткорларга эса ижод эркинлигидек тенгсиз неъматни ато этди. Бугунги кунда мустақилликнинг бебаҳо қадрият экани барча соҳаларда, ҳар бир юртдошимизнинг ҳаёти, фаолияти ва ижодида яққол намоён бўлмоқда”, дейилади Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг 4 август куни ёйинланган “Ўзбекистон фарзанди бўлиш-буюк бахт” сарлавҳали мақоласида.

Гарвард университети социологи Лаура Адамс эса Ўзбекистондаги байрам тадбирлари чоғида ўзи кузатган бошқа жиҳатларга эътиборни қаратади.

- Мен учун бу байрамлар жуда қизиқ тадқиқот бўлди. Чунки бу каби пропагандистик тадбирларнинг эффекти жуда сезиларсиз.

Биринчидан, бу байрамларда санъаткорларга ўзлари истаган ғояни кўтариб чиқишига рухсат берилмайди, саҳнадаги ҳар бир қадам ҳукумат томонидан қатъий белгилаб қўйилади.

Масалан, мен Амир Темур сиймосини яратиш бўйича қизғин муҳокамаларда иштирок этганман. Ҳукумат одамлари режиссёр ва актёрнинг Амир Темурни инсоний қиёфасини яратишига қаттиқ қаршилик қилиб, унинг образини қолипланган эски стереотиплар асосида яратилишини талаб қилган.

Иккинчидан, мен сўров ўтказган ўзбекистонлар катта маблағ ажратилиб, бу каби дабдабали тантаналар уюштирилишига қарши фикр билдирганлар, дейди Лаура Адамс.

Олима Ўзбекистон ҳукумати тантанали тадбирлардан кўзлаган мафкуравий мақсадига эриша олмаётганлиги сабабларига ҳам тўхталади:

- Ўзбекистонда “барча ташаббуслар, барча ғоялар, барча ҳаракатлар юқоридан бўлиши керак” деган тушунча мавжуд. Айни пайтда “юқори”га “қуйи”дан жуда оз ахборот етиб боради.

Менимча, Ўзбекистон раҳбарияти халқнинг фикри, унинг нималарни ўйлаши, халқнинг нимани истаётганидан мутлақо хабари йўқ. Раҳбариятда “Биз қандай қарор қабул қилсак, халқ шуни хоҳлайди”, деган тушунча мавжуд, дейди Лаура Адамс.

Айни пайтда Адамс хоним Ўзбекистон маданияти ва санъати расмий Тошкентнинг қаттиқ назорати остида, деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, бундай назоратнинг ижобий ва салбий жиҳатлари бор.

- Ўзбекистонда маданият ва санъатнинг ҳукумат томонидан молиялаштирилиши бу соҳаларнинг назорат қилинишини англатади. Бунинг салбий ва ижобий жиҳатлари бор.

Ижобий жиҳати - санъат ва маданият доимо молиявий жиҳатдан таъминланган, бу эса одамда гўёки бу соҳалар ривожланаяпти, деган таассуротни пайдо қилади.

Салбий жиҳати - санъат ва маданият фақат ҳукумат белгилаб берган мафкуравий йўналишдан четга чиқолмайди, бу эса ижод эркинлигининг бўғилишига сабаб бўлади.

Ўзбекистонда мендан: “Америкада санъатни ким бошқаради?” деб сўрашди. Мендан “хеч ким бошқармайди, санъат ўзини ўзи бошқаради” деган жавобни олишгач, ўзбек ижодкорлари жуда ҳайратга тушдилар. Мана шу кичик бир воқеанинг ўзиёқ Ўзбекистондаги санъат ва маданият соҳасининг қай аҳволда эканини кўрсатиб турибди, дейди Лаура Адамс.

Суҳбатимиз якунида Гарвард университетининг Марказий Осиё ва Кавказ дастури ҳамраиси ўзбек тилида ўзбек халқига бўлган эҳтиромини изҳор қилди:

- Мен уч йилдан буён Ўзбекистонда бўлганим йўқ. Бироқ кейинги йилда Ўзбекистонга албатта бораман, деб ишонаман. Ўзбекистонни жуда соғиндим. Мен ўзбек халқини жуда яхши кўраман. Ўзбекистон менинг иккинчи уйим, дейди Лаура Адамс.
XS
SM
MD
LG