Линклар

Тожикистонда Худойбердиев гуруҳи аъзоси қўлга олинди


Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот маркази тарқатган маълумотда айтилишича, Ҳисор туманида истиқомат қилувчи 48 ёшли Тоғаймурод Иброҳимов қўлга олинган.

Иброҳимов 1996 ва 1997 йилларда исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиев гуруҳига қўшилиб, давлат тўнтаришига уриниш амалиётида қатнашган.

Исёнчи полковникнинг жангарилари 1996 йилда Қўрғонтепа вилоятига ҳужум қилган, сўнг улар Душанбега ҳужум қилмоқчи бўлган. Бироқ исёнчилар нияти амалга ошмаган. 1998 йилда эса улар Сўғд вилоятига ҳужум қилганда 120 киши нобуд бўлган эди.

Шундан сўнг, тожик расмийлари таъкидлашларича, Худойбердиев гуруҳи қўшни Ўзбекистон ҳудудига қочиб ўтиб, ўша ердан паноҳ топган.

Тожикистон бош прокурори Бобохон Бобожоновнинг билдиришича, қўлга олинган жангарилар тергов жараёнида Ўзбекистон ҳудудидаги ўндан ортиқ ҳарбий базаларда Маҳмуд Худойбердиев одамлари яшаганини ва жанговар тайёргарликдан ўтганини тан олганлар. Тергов маълумотларига кўра, бу базаларнинг ҳар бирида Маҳмуд Худойбердиевнинг 60 тадан 100 тагача одами бор.

Жорий йил олти ойи ичида Тожикистонда аввал Маҳмуд Худойбердиев гуруҳига аъзо бўлган 7 киши қўлга олинган.

Шу пайтгача Маҳмуд Худойбердиев гуруҳига аъзоликда айбланиб, 110 дан зиёд тожикистонлик турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинди.

Республикада ўлим жазосига мораторий эълон қилинган 2002 йилгача мазкур гуруҳ аъзоларидан ўн кишига нисбатан ўлим жазоси белгиланган эди.
XS
SM
MD
LG