Линклар

Янгисини қурасан деб, эскисини бузмоқдалар

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистонликларнинг эътироф этишларича, сўнгги йилларда Тошкент таниб бўлмас даражада ўзгарган, аммо бу ўзгаришлар кўпинча аҳолига қиммат тушмоқда.

Ўзбекистонликларнинг эътироф этишларича, сўнгги йилларда Тошкент таниб бўлмас даражада ўзгарган, аммо бу ўзгаришлар кўпинча аҳолига қиммат тушмоқда.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган қурилишларнинг ижобий жиҳатларини қайд этаётган ўзбекистонликлар айни пайтда бу жараёнда аҳоли ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилаётганини таъкидлаяптилар.

Қурултойнинг “Ўзбекистон мустақиллиги ва Тошкент шаҳрининг 2200 йиллиги олдидан республика бўйлаб кетаëтган қурилишлар ва бузилишлар” деб номланган бу галги сонида Хоразмдан рассом Давронбек Йўлдошев¸ Франциядан мустақил таҳлилчи Камолиддин Раббимов ва Намангандан мустақил журналист Носир Зокир иштирок этади.

Бугунги мавзуимиз Каримовнинг Наманганга ташрифи ва бу ташриф борасида билдирилган фикрлар билан боғлиқ.

Ислом Каримовнинг Наманганга ташрифидан сўнг жуда кўп маҳаллалар бузилиши бошланган. Бу бузилишлар инсон ҳуқуқлари бузилиши баробарида амалга оширилган.

Ўтган ой бошида Наманганга борган Ислом Каримов қуйидагиларни айтганди:

“Умуман инсоннинг жойи обод бўлиши керак. Мана мисол учун ҳозир сизнинг уйингизга борсак¸ ҳовлингизга. Агарки¸ атроф супурилмаган бўлса¸ атроф обод бўлмаса¸ сув сепилмаган бўлса¸ одамларнинг кўзини қувонтирадиган бўлмаса агар¸ одам нима бўлади? Ҳижолат бўлади. Ҳамма ўзбеклар шундай яшаган ва умрининг охиригача шундай яшайди”.

Шунингдек, Каримов уйларнинг қиëфаси қандай бўлиши кераклигини ҳам кўрсатиб ўтганди.

“Қишлоқнинг қиëфасини ўзгартириш. Қиëфа деганда одам яшайдиган жойларни айтмоқчиман. Нима бўлаяпти? Мен минг бор айтганман¸ қайси вилоятга бормасам¸ эй барака топгур¸ уйингни шундай қуришинг керакки¸ етти пуштингга етиши керак. Нафақат ўзинг роҳат қилишинг керак¸ нафақат болаларининг дарс тайëрлашда қанақадир ëруғ уйларда ўтиришда¸ қандайдир замонавий бир шароитда яшашга албатта муносиб бўлиши керак. Лекин шу билан бирга сенинг болаларинг¸ сенинг невараларинг¸ сенинг етти пуштинг шундан сендан рози бўлиши керакки¸ “Бобом бир вақтлар шунақа уйлар қурган” деб. Бунақа обод уйлар қуриш учун бизлар ҳамма нарсани ташкил қилаяпмиз”.

Каримов бу гапларидан кейин уйни қандай қурилиш материалларидан қуриш кераклигини ҳам бир меъмор каби одамларга тушунтириб берди.

“Анави “облицовочний кирпич” дейди. Шунақа бўлиши керакки¸ бунақа бўяш-мўяшлар, ҳар йили бўяш керак эмас. Фасад томони¸ кўриниш томони шундай ғиштдан қурилса агар, бошқа унга қўл тегмайди 10-20 йил”.

Каримов ўзининг меъморчилик соҳасида етук билимдон эканини¸ қандай қуриш¸ нима билан қуриш¸ қанча қават бўлиши – ҳаммасини Наманган вилоятида бир-бир тушунтиргандан кейин у ерда уй бузиш бошланди. Уй бузилишлари фақат Наманганда эмас¸ мамлакатимизнинг бошқа нуқталарида ҳам кўзга ташланмоқда.

- Аввал “уйлар бузилади”, дейишди. Бир томондан 30 метр¸ иккинчи томондан 30 метр ичкарига киради, дейишган эди. Энди эса: “Унақа кирмайди, бузмаймиз”, дейишди. “Томларнинг ҳаммасини черепица қиламиз” деган гап бўлди.

Магазинлар бузиб ташланди. Нон комбинатининг олдида¸ Чкалов деймиз¸ дом бор эди. Ўша домнинг олдида бозорча¸ магазинлар қатор қурилган эди. Домнинг олдини очиш керак¸ деб ҳаммаси бузиб ташланди. У ерда янги қурилган магазинлар бор эди.

Бу ëқда ҳам бир этажли магазинимиз ҳам бор эди. “Бу ердаги магазинларни ҳам икки этажли қиласизлар” деб тўхтатиб қўйди. Томини бузиб қўйишган. Тепасига ўрнатайлик десак¸ кўтара олмас экан. Бузиб қурай деса¸ қурби етмас экан. Микрорайондан бошлаб йўлга озгина чиқиб қолган ҳамма ошхоналар¸ магазинлар – ҳаммаси бузилди¸ дейди наманганлик уйи бузилган аëллардан бири.

Ўзбекча уйларни бузиб¸ европача усулдаги уйларни қуриш қанчалик тўғри? Давронбек¸ сиз нима дейсиз?

Давронбек Йўлдошев: Менинг фикримча¸ ҳар бир мамлакатда биринчидан¸ иқлим шароитидан келиб чиқиб¸ архитектурани замонавийлаштириб¸ ҳозирги замон талабларига жавоб берадиган¸ иқлим талабларига жавоб берадиган иморат бўлиши мумкин ëки бўлиши керак. Масалан¸ Ле Корбюзе¸ Антонио Гауди (Antoni Gaudi - испан архитектори) каби буюк архитекторларни олсак¸ улар илгаридан қурилган тарихий обидаларнинг қурилишига¸ чиройига¸ кўринишига ва шу билан бирга, иқлим шароитига ҳам эътибор бериб¸ шундан келиб чиқиб асар яратганлар. Шу билан қурилган архитектура ëдгорликлари ҳозиргача яхши хизмат келаяпти. Бизнинг шароитда ҳам шундай ëндошилса¸ ëмон бўлмас эди.

Озодлик: Масалан¸ Нидерландиядаги черепицадан бўлган уйларни олиб келиб Наманганга қўйиб қўйиш ëки Хивадаги Калта минор ëнига қўйиб қўйишга қандай қарайсиз?

Давронбек Йўлдошев: Энди Голландия иқлим шароити билан бу ернинг иқлим шароити тўғри келмаслиги мумкин. Голландиянинг иморатлари бу ернинг архитектурасига тушмаслиги мумкин. Бу мантиққа тўғри келмайди.

Озодлик: Мана, сиз айтиб ўтган Ле Корбюзе Хивадаги тескари айвонларнинг ўлчамларини олиб¸ Яқин Шарқ мамлакатларида¸ Араб мамлакатларидаги бир қанча жойларга қўллаган. Самарқандда ҳам¸ Бухорода ҳам¸ Хивада ҳам савлат тўкиб турган уйлар ëнида лойдан бўлган уйлар ҳам бўлган. Яъни ялтироқнинг ëнида ялтирамайдиган уйлар ҳам бўлган. Айни пайтда давлатимиз раҳбари бир хилликни талаб қилмоқда¸ ҳамма бир хил яшасин, деяпти. Камолиддин¸ шу нарса мумкинми?

Камолиддин Раббимов: Биласизми¸ албатта Каримовнинг айтган гапларига эътироз билдириш қийин. Чунки бизнинг ҳозирги даврни ўрта асрлар билан тенглаштириш менимча¸ нотўғри.

Иккинчидан¸ Каримов томонидан шу пайтгача шаклланган миллий менталитетга эътироз билдирилаяптики¸ имкон қадар меъморчиликда узоқ муддатга етадиган бинолар қуриш маслаҳат берилаяпти. Бу нарса¸ менинг назаримда¸ жуда ҳам тўғри маслаҳат. Чунки бизнинг шу пайтгача шаклланган анъаналаримизга мувофиқ лойдан қуриладиган уйлар ëки тахтадан қуриладиган уйлар кўп вақтга етмаслиги мумкин. Жамиятнинг¸ давлатнинг тараққиëтидан келиб чиқиб энг илғор технологиялар¸ қурилишларни жорий қилиш¸ назаримда¸ жуда ҳам тўғри.

Мана, Европа шаҳарларида юрадиган бўлсангиз¸ ҳеч ким балконларига кийимларини илмайди. Ҳеч ким ўз уйини ëки балконини ўзлари хоҳлаган стандартда бузиб ташламайди. Ўзларининг ҳатти-ҳаракатидан келиб чиқиб¸ бутун шаҳарнинг қиëфасини ўзгартирмайди. Чунки ҳар бир шаҳарнинг ўзининг стили бор ва ўша стилдан келиб чиқиб шаҳар қурилади ва ўзгаришлар ҳам шу стилдан келиб чиқиб қилинади.

Озодлик: Камолиддин¸ биласизми¸ бу ерда “1 сентябргача икки қаватли уйлар қуринг” деган фикр айтилаяпти. Охир-оқибатда Потëмкин қишлоқлари пайдо бўлмоқда. Буни ҳатто Каримовнинг ўзи ҳам айтиб ўтди:

“Айтишим керак¸ мана, у ëқ-бу ëқ¸ мана, янги асфалтни кўраяпман. Агарки¸ раҳбарлар келса, шуни қандайдир кўринишини ўзгартирайлик деб, янги асфалт қўйибсизлар. Мана бу кечаги қўйилган асфалт. Ҳоким тушунаяптими? Хўжакўрсинлик ҳеч кимга керак эмас. Президент келар экан¸ деб аҳволни ўзгартиришга уриниш фақат ўзини ўзи алдаш деган нарса. Президент учун эмас бу ишларни қилиш¸ халқ учун”.

Озодлик: Носир ака, айтилган гаплар бир ëнда¸ қилинаëтган ишлар бир ëнда қолиб кетмаяптими? Каримов бир пайтлар “Янгисини қурмасдан эскисини бузманг”, деган эди. Билишимизча¸ Наманганда 12 километрлик кўчада бузиш ишлари авжида шекилли.

Носир Зокир: Ҳа¸ мен эрталаб бориб кўриб келдим. Ҳамма жойлар бузилаяпти. Лекин¸ биласизми¸ мухолифатчилар¸ ҳуқуқ ҳимоячилари¸ бизга ўхшаган мухолиф фикрлайдиган журналистлар доим ҳукумат қарор чиқарса¸ танқид қилишга ўрганиб қолганмиз.

Мана, кеча Ички ишлар вазирлигидан бир расмий келди. У бизнинг вилоятга боғланган экан. Мен у билан гаплашдим. Мен ўша қарорни кўриб чиқдим. Жуда ҳам тўғри чиқарилган. Илгари¸ биласиз¸ Тошкентга эътибор берилаверар эди¸ Тошкент гуллаб-яшнайверар эди. Вилоятларнинг марказлари бардакка айланиб кетган эди. Нима учун? Чунки бизда ўта бойлар ва ўта камбағаллар бор. Шуларнинг уйи бир бирига уланган бўлиб¸ бойларники жуда ҳам чиройли бўлиб кетган¸ унинг ëнидаги камбағалларники кўримсиз бўлиб қолган. Шуларни тўғирла, деяпти.

Озодлик: Камолиддин¸ мана сиз Париждасиз. Биласизки¸ муҳташам саройларнинг ëнида бундайроқ уйлар ҳам бор. Бундоқроқ бўлса ҳам унинг тарихий аҳамияти бор. Масалан¸ Тошкентда шундай жойлар бор эди ва улар шунчаки мулозимнинг кўзига ëмон кўрингани учун бузиб ташланаяпти. Европада мулозимнинг кўзига бундоқроқ кўринган уй бузиб ташланиши мумкинми?

Камолиддин Раббимов: Бир томондан, тарихий тажриба асосида шаклланган анъанавийлик. Бизнинг шу пайтгача бўлган меъморий ҳунарларимиз ва меъморий урф-одатларимиз лойдан бинолар қуриш¸ баъзан том ҳам қурмаслик ëки умуман қурилишга бўлган ўртамиëна ëндашув.

Ғарбда қурилиш соҳасига эътибор берадиган бўлсак¸ Ғарбда қурилишлар анча пишиқ. Узоқ даврда шаклланган бизнинг урф-одатларимизни анъанавийлик дейишимиз мумкин.

Иккинчиси¸ сиëсий режимнинг вазиятни ўзгартиришга қилаëтган уринишлари. Биз айтдикки¸ унинг мақсадларига қўшилиш ëки қўшилмаслик қийин. Минтақаларни¸ шаҳарларни ободонлаштиришни мақсад қилиб қўйибди. Лекин буни амалга ошириш борасида бизнинг бир қанча эътирозларимиз бўлиши мумкин ва шундай бўлиши табиий.

Мана, Тошкентда ҳам бир қанча туманларда аҳолини кўчириш бошланган. Тошкентнинг марказидаги ҳовли-жойларни бузиб¸ Тошкентнинг четидаги бир жойларга кўчириш амалиëтини биз кузатаяпмиз. Мана шу ерда бир қанча адолатсизликлар бор. Бу вилоятларда ҳам бўлиши мумкин ва бу нарсани кутиш мумкин.

Инсоннинг ҳақ-ҳуқуқларидан келиб чиқиб¸ инсондан аввало рухсат сўраган ҳолда уни имкон қадар вазиятни ўзгартиришга ишонтириш керак. Унинг ҳақ-ҳуқуқларини инобатга олиш керак. Бирор-бир шахснинг уйи Тошкентнинг марказида бўладиган бўлса¸ унга бир қанча жойлар таклиф қилиниши керак ва уйининг ҳажмига тўғри келадиган уй таклиф қилиниши керак. Ўша одам рози бўлгандагина уни кўчириш лозим бўлади. Бу нарса Ўзбекистонда кейинги йилларда бошланди. Бу Қозоғистонда бир неча йиллардан бери кузатилаяпти.

Инсонларни мажбурлаб кўчириш¸ унинг хоҳиш-иродасини инобатга олмаслик¸ уни ҳовлисидан кичкина жойга кўчириш бу инсон ҳақ-ҳуқуқларининг бузилишидир.

Авторитар жамиятларда энг катта муаммо бу ресурс муаммоси. Энг аввало, қайси ресурс етишмайди десак¸ бу интеллектуал ресурсларнинг етишмаслиги. Чунки жамият ўзининг потенциалини ҳукуматга бермайди ва ўртада мана шундай ғоялар дефицити пайдо бўлади. Авторитар жамият ўзининг жамиятини ишонтира олмайди. Жамият ҳукуматга ишонмайди ва мана шундай ҳолатда ҳукумат иложсизликдан жамиятни қўрқитиш¸ мажбурлов орқали ўз ислоҳотларини амалга оширишга ҳаракат қилади. Худди шундай ҳолат ҳозир Ўзбекистонда кузатилаяпти.

Қўйилган мақсадлар эзгу мақсад. Жамиятнинг менталитетини ўзгартириш¸ қишлоқ жойларини ислоҳ қилиш¸ имкон қадар чиройли бўлиш. Буни ҳар бир ҳукумат хоҳлайди. Буни хоҳламайдиган ҳукумат бўлмайди. Ўша мақсадга эришиш йўлида бир қанча эътирозлар билдиришимиз мумкин. Мен буларни юқорида айтиб ўтдим.

Озодлик: Сиз айтиб ўтган эътирозлар инсон ҳақ-ҳуқуқлари нуқтаи-назаридан бўлди. Яна собитлик деган нарса бор. Лондонга ëки Прагага 50 йил олдин борган одам бугун ҳам айни манзарани кўради. Тошкентда мана шунақа собитлик кўзга ташланмайди. Таксистлар уйларга қараб, “балки шу уйни охирги марта кўраëтгандирман” деган туйғуни бошдан кечиришар экан. Чунки эртага бу уй бузилиб кетаяпти ëки ўрнига бошқа нарса қурилаяпти. Биз уйлари бузилаëтган одамларга ҳам микрофон тутган эдик. Мана уларнинг айримлари:

- Одамларнинг ҳаммаси хавотирда. “Хоҳласанг ол, бу ҳукуматнинг ери, йиқамиз”, дейишаяпти.

- Тўрт сотих ерим бор¸ олти хона уй бор. Икки хонали уй бераман, деяпти. Сергели тарафдан берамиз, дейди. Бизнинг уйимиз марказда бўлса. Тўрт сотих ер билан домда икки хонали уйнинг фарқи бор-ку. Ҳамма норози-да. Марказда уй йўқ, дейишаяпти.

- Ҳамма юрагини ҳовучлаб юрибди. “Сергелидан ëки Қўйлиқдан берамиз” деган гаплар бўлиб турибди. “Бизнинг уйимиз марказда, марказдан беринг” деса¸ “Бори шу, бўлмаса¸ жойсиз қолиб кетасизлар”, дейишаяпти. Марказда одамларнинг етти сотихдан ери бор. “Марказда бир сотих ернинг нархи 25 минг доллардан 60 минг долларгача” деб ўзлари айтишаяпти. Энди ўйлаб кўринг¸ етти сотих ери бор одамнинг жойи неча пул бўлади? Булар шунинг ўрнига икки хонали квартира берамиз, дейди. Орада фарқ борми?

Озодлик: Тошкентда шаҳарсозлик билан боғлиқ бир нечта инситутлар бор. Ўшалардан биттасининг ходими биз билан ўз исмини айтмаган ҳолда гаплашишга рози бўлди. Биз унга: “Сиз меъмормисиз?” деб мурожаат қилдик.

- Йўқ¸ мен меъмор эмасман. Мен қурувчиман.

Озодлик: Менинг саволларимга жавоб берарсиз-а?

- Бериб кўринг-чи.

Озодлик: Шаҳарсозликда икки хил ëндошув бор. Биласиз¸ Европада шаҳарларни ўзгартириш мумкин эмас. Шаҳарнинг бирламчи ҳолати сақланиб қолинади. Фасадлар қолдирилиб¸ орқасига мўъжаз бинолар қурилади. Шаҳарсозликда қайси бир метод маъқул?

- Тошкентда янги бинолар кўп қурилди¸ лекин эски шаҳарда маълум бир участкаларни сақлаб қолишди. Аммо Тошкентни янгича қилиб қуриб ташлашди.

Озодлик: Совет даврининг бинолари бор эди. Ўшаларнинг устига шиша қоплаб ўзгартиришаяпти.

- Ҳа¸ шунақа қилишаяпти.

Озодлик: Биласизми¸ Исроил ëки Яқин Шарқ мамлакатларида мармар¸ ғишт ва тошлардан фойдаланишади. Улар шишадан кам фойдаланишади. Шиша бу ëмғир кўп ëғадиган Европа мамлакатларига хос. Сизнинг назарингизда¸ бу Тошкентда маъқулми ëки бу урф кетидан қувишми?

- Менимча¸ бу урф кетидан қувиш. Уйларга қўйилаëтган АКФА ромлари ҳам уйга ҳаво киргизмаяпти, деб қўшниларимиз шикоят қилишган эди. Бу бизнинг шароитга тўғри келмайдиган нарса. Чунки бизда иссиқ.

Озодлик: Ленин мавзолейини қурган меъмор Ўзбекистон Алишер Навоий театрини қурган. У киши асосан мармар ва ғиштдан фойдаланган. Нимага бу анъаналар унутилаяпти?

- Бизларда бунақа муҳокамага камдан-кам рухсат беришади.

Озодлик: Кечирасиз¸ сиз неча ëшдасиз?

- Мен 47 ëшдаман.

Озодлик: Яхши. Сиз мана эски Тошкентни эслайсиз-а?

- Эслайман. Расмлари ҳам бор.

Озодлик: 80-йилларда бош майдоннинг режасини тузган инженерлар гуруҳи ўша пайтдаги давлат мукофотига сазовор бўлган. Бугунга келиб ўша нарсага билмаган одамларнинг¸ мутахассис бўлмаган одамларнинг аралашишига қандай муносабат билдирасиз?

- Ноқонуний ишлар роса кўп бўлади-ю¸ лекин бизнинг гапни ҳеч ким эшитмайди барибир.

Озодлик: Мутахассисларнинг гапига қулоқ солиш керак барибир. Кинога аралашса¸ бундан бировга балки зарар йўқдир. Иморатга мутахассис бўлмаган одам аралашса¸ йиқилиб кетади-ку.

- Тўғри. Сиз анчадан бери Тошкентда бўлмагансиз шекилли-а?

Озодлик: Нима эди?

- Бу ерда ҳозир жуда кўп ўзгаришлар бўлиб кетган.

Озодлик: Қанақа ўзгаришлар бўлган?

- Умуман, Тошкентда роса кўп қурилишлар бўлган. Янги бинолар қурилган¸ Мустақиллик майдонидаги Вазирлар маҳкамаси биноси ҳам сариқ ойна билан қопланган. Кўп иморатлар реставрация қилиниб¸ бошқа биноларга берилган.

Озодлик: "Илҳом" театрининг режиссëри Марк Вайл “Биз йўқотган Тошкент ” деган фильмни суратга олган. Марк Вайлнинг айтишича¸ илгариги Свердловск биноси ҳозир биржа бўлган. Олдин унинг архитектураси чиройли бўлган¸ уни ўзгартириб бекор қилишди¸ дейди. Сиз мутахассис сифатида ўз шаҳрингизга қандай материалларни раво кўрган бўлардингиз?

- Тўғри¸ чиройли, деб қилишаяпти. Ғишт ва мармарлар тўғри келса керак¸ лекин мармарни фасадга ëпиштирса¸ оғирлик қилади. Ғиштдан иморатлар чиройли чиқади. Бетон бизга тўғри келмайди. Бетон жуда ҳам иссиқ.

Озодлик: Мана, ҳозир ҳокимлар “Байрамгача битирайлик” деб тез-тез қилдиришади. Бу биноларнинг зилзилага бардошлиги қандай?

- Буларни энди экспертлардан сўраш керак. Тез қурилганларнинг ичида орадан бир-икки ой ўтиб деформация бўлиб¸ ўнқир-чўнқир бўлган жойлари бор. Олой бозори шунақа бўлган.

Озодлик: Француз архитектори Ле Корбюзе Яқин Шарқ мамлакатларига¸ Қоҳирага¸ Тунисга бир неча лойиҳаларни қилиб берган. Уни Хива ва Бухородаги уйлардан илҳом олган дейишади. Ўзбекистонда Нидерландияникига ўхшаган тик томли¸ яъни ëмғир кўп ëғадиган мамлакатларга мўлжалланган уйларни копия қилишаяпти. Бунга қандай қарайсиз?

- Билмасам¸ пули кўплар шунақа чиройли уйларни хоҳлашаяптида. Лекин коттежларни ҳам чиройли қилиб қуриб ташлашган.

Озодлик: Энди ëмғир кўп ëғадиган мамлакатлардан нусха олиш шартмикан?

- Кўп лойиҳасларни бу ерга мослаб¸ ўзгартиришлар ҳам киритишади. Тўғридан тўғри нусхасини кўчиришмаса керак.

Озодлик: Мана Германияда совет симболлари олиб ташланди¸ лекин баъзи бирлари тарихдан эсдалик бўлиб турсин деб қолдирилди. Ўзбекистонда эса бу нарса таг-томири билан йўқотилди. Бунга қандай қарайсиз?

- Йўқ¸ умуман қолмаган.

Озодлик: Шу яхшими ëмонми?

- Ëмон. Қолиши керак эди. Бизлар у пайтларда ëмонлик кўрмаганмиз¸ яхши яшаганмиз.

Озодлик: Шаҳар одамлар учун деган маънода шаҳарнинг ўртасидан катта автобаллар ўтказилмайди. Тошкент шаҳри эса катта-катта шоҳкўчалар билан ўраб ташланди. Бунга қандай қарайсиз?

- Уни ҳам қандайдир подземний қилиш керакмиди... Подземний қилса ҳам бизларда сув яқин-ку. Шунинг учун кўп тепадан қуришди. Машина кўпайгандан кейин йўллар ҳам роса чиройли бўлган. Буларга менинг қаршилигим йўқ.

Озодлик: 20 йил олдинги ва ҳозирги Тошкентнинг яхши ва ëмон томонлари нимадан иборат?

- Телефонда ҳаммасини айта олмайман...

***

Озодлик: Бу Тошкентдаги шаҳарсозлик институтининг ходимларидан бири эди. Носир ака¸ муаммолар бор¸ хўжакўрсин деган гаплар бор. Айни пайтда¸ 1 сентябргача қуриб битказиш деган гап ҳам бор. Ният яхши бўлган тақдирда ҳам бир-бирига зид бўлган талабларни бир вақтда бажариш мумкин.

Носир Зокир: Кеча ҳокимиятда йиғилиш бўлган. 10-15 кунга рухсат беради. Лекин гап бунда эмас. Мен ўша қарорни ҳам ўқиб чиқдим. Ҳукумат яхши ният билан “Наманганни обод қиламиз” деяëтган бўлиши мумкин. Лекин бунинг бажарилиш механизми шундай қўпол тарзда бажарилаяптики¸ масалан¸ мен ўзимдан мисол қилиб келтирадиган бўлсам¸ менинг уч сотих ерим бор. Турли хил мевали дарахтлар экилиб¸ шохлари эгилиб турган жойга кеча эрталаб соат 08.00 да борсам¸ тагидан қирқиб ташлаяпти. Кейин Тошкентдан келган комиссияга бориб: “Дўстим¸ мана шунақа қилибди, бориб кўринг” десам¸ “Бу дарахтлар кесилмасин, дейилган эди. Булар нотўғри тушунибди. Қани бориб кўриб келайлик” деди. Келди¸ кўрди.

Кўп нарсалар дўқ-пўписа билан бўлаяпти. Йўлларнинг бўйидаги чойхоналар¸ ошхоналар бузилиб кетган. Буни ҳокимият ўзининг қарори билан чиқарган. 50 метр у ëққа¸ 50 метр бу ëққа олиб қўйгандир. Лекин қонун-қоида бўйича буларнинг пулини бериши керак. Пулини берадими¸ бермайдими - бу ҳам номаълум. Масала яхши ният билан қилинган бўлса ҳам бажарилиши қўполлик билан бўлаяпти.

Озодлик: Камолиддин¸ мана турли фикрларни эшитдик. Мао Цзедуннинг “Халқ мен учун оппоқ қоғоз - хоҳлаган нарсамни ëзаман¸ хоҳлаган нарсамни чизаман” деган гапи бор. Шу маънода Ўзбекистон раҳбарлари Ўзбекистон деган тарихий маконни оппоқ қоғоз шаклида тасаввур қилиб¸ ундан олдинги меросни сақлаш ўрнига дунëнинг турли хил бурчакларидан Ўзбекистонга уйғун бўлмаган архитектура намуналарини олиб келиши қанчалик адолатли¸ қанчалик инсофли?

Камолиддин Раббимов: Биласизми¸ Ўзбекистондаги сиëсий режим хусусида ҳамма якдил хулосага келган. Ўзбекистонда авторитаризм. Авторитаризмнинг асосий характеристикаларидан биттаси инсон ҳуқуқлари ва демократияга ҳурматсизлик ва ундан юз ўгириш. Авторитаризм қурилиш соҳасида ҳам¸ бошқа соҳаларда ҳам ўзини ҳар доим намоëн қилади.

Тарихда кўпгина авторитар жамиятларда баъзан мисли кўрилмаган ўсишлар бўлган. Маълум бир муддатдан кейин эса сиëсий инқироз иқтисодий инқирозга сабаб бўлган. Авторитар фикрлашда давлатни¸ жамиятни ободон қилишнинг ўзига хос ëндошув бўлади. Жамиятни худди оқ қоғоздек ëки ўз хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб пластилиндек кўриш ҳолатлари табиий ҳолат. Менимча¸ худди шундай ҳолат ҳозир Ўзбекистонда кузатилаяпти. Кўпчилик “Биз хавотирдамиз” деб айтди. Албатта бу хавотирга соладиган ҳолат.

Озодлик: Айни пайтда мутахассисларнинг гаплари ерда қолаëтгани ҳақида ҳам гаплар бор. Масалани экспертлар эмас¸ Вазирлар маҳкамасида ўтирган мулозимлар ҳал қилаëтгани маълум бўлди. Тошкентдаги шаҳарсозлик қўмиталаридан бирининг вакили бу борада қуйидагиларни айтди.

- Сиз Тошкент шаҳрининг архитектура қурилиш бош бошқармасига мурожаат қилишингиз керак. Уларда Тошкент шаҳрининг қурилиши билан шуғулланадиган институт бор.

Озодлик: Нима учун қурилиш баҳонасида тарихий объектлар¸ одамлар кўникиб кетган объектлар бузилиб кетаяпти?

- Биласизми¸ бу жуда нозик савол. Бу савол устида баҳс қилиш керак. Бунақа маълумотни республика қурилиш бошқармасидан олиш керак. Мен чет эл оммавий ахборот воситаларига жавоб бера олмайман. Менинг бунга ҳаққим йўқ. Биз нотўғри информация беришимиз¸ республика қурилиш бошқармаси эса бошқача информацияга эга бўлиши мумкин. Мен Ўзбекистон меъморчилиги истиқболлари ва ягона режаси ҳақида хорижий оммавий ахборот воситаларига батафсил маълумот бера олмайман. Мен институт директориман¸ аммо бу ҳақда гапира олмайман. Президент девонига мени чақириб¸ “Сен нима деяпсан? Бизда бошқача сиëсат-ку” деб ëқамдан олишса¸ нима қиламан? Ўзбекистонда қурилиш сиëсатини давлат архитектура қурилиш қўмитаси белгилайди.

Озодлик: Мана шу нуқтада энди Қурултойга якун ясасак. Хулоса ўрнида эса наманганлик мустақил журналист Носир Зокирнинг фикрини келтиришни лозим топдик.

Носир Зокир: Йўл бўйлаб одамлар уй солган. Ичкарида ҳам солган¸ ташқарида ҳам солган. Ҳукумат ўша уйларни нариги уйлар даражасига кўтарасан деяпти. Аслини олганда бу яхши нарса. Лекин бу нарса одамларни норизо қилиш эвазига бўлмаслиги керак.

Одамлар ҳамма нарсага ўрганиб қолган¸ лекин ишонч деган нарса бор. Агар бугун ҳукумат яхши ният билан бир нарсани амалга оширадиган бўлса¸ одамлар дарров: “Бу ëмонлик бўлса керак” деб ўйлайди. Шунинг учун ҳаммаси одамларнинг розилиги билан бўлиши керак. Ҳақини бериш керак. Ўшанда шаҳар гуллайди¸ яшнайди.
XS
SM
MD
LG