Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:57

Рус матбуоти Тошкент реакцияси ҳақида


Қирғизистонда Россиянинг қўшимча ҳарбий контингентини жойлаштириш тўғрисида 1 август куни Москва билан Бишкек ўртасида имзоланган Меморандумга нисбатан Ўзбекистон раҳбарияти тутаётган позицияни Россияда чиқадиган нуфузли газеталар кенг шарҳламоқда.

Одатда “тузи” ҳам, “қалампири” ҳам меъёридан сал ортиқроқ бўладиган рус газеталари Ўзбекистон раҳбариятининг Қирғизистонда Россиянинг қўшимча ҳарбий контингенти жойлаштирилишига нисбатан тутган позициясини шарҳлар экан, бу гал деярли заҳарханда қилмади.

Мақолаларда кинояю истеҳзодан кўра нима бўлаётганини тушуниш истаги кучлироқ.

Сарлавҳалар ҳам қуруқ, информатив.

Мана улардан баъзилари.

“Коммерсантъ” газетаси – “Ўзбекистон Қирғизистоннинг Ўш вилоятида Россиянинг ҳарбий базаси пайдо бўлишига қарши”.

“Независимая газета” – “Кремль Каримовнинг иззат-нафсига тегиб қўйди. Ўзбекистон Қирғизистон жанубида Россиянинг янги ҳарбий базаси жойлаштирилишига қарши”.

Сувни кўрмай туриб этигини ечиб олган Москва

Рус газеталари Москванинг иддаолари тобора кучайиб бораётганига, лекин ўша иддаолар реал вазиятни тўғри баҳолай олмаётгани аломати эканлигига ишора қилмоқдалар.

"Москванинг КХШТни НАТОга қиёслаш мумкин бўлган қудратли ҳарбий блокка айлантриш режаси яна бир бор барбод бўлиш таҳдиди остида қолди. Бу гал Россия ҳарбий базасини Қирғизистонда жойлаштирилишига қарши чиққан Ўзбекистон туфайли", деб ёзди “Коммерсантъ”.

Худди шунга ўхшаш фикрни "РБК" нашри эълон қилган мақолада ҳам ўқидик: "Ўзбекистоннинг баёноти Москванинг КХШТни глобал кучайтириш бўйича режаларини бузиб юбориши мумкин ва Россия бундан буён ўз қўшниларига нисбатан сиёсатига ўзгартишлар киритиши кераклиги тўғрисида жиддий ўйлаб кўришига тўғри келади".

Тошкент нега қарши?

"Коммерсантъ" газетаси бу саволга жавоб тариқасида экспертлар фикрларини келтирган.

Уларнинг фикрларидан келиб чиқиб, газета "Тошкент Россия ҳарбий базасининг Қирғизистонда жойлаштирилиши оқибатида минтақадаги кучлар мувозанати Ўзбекистон зарарига бузилади, деб хавфсирамоқда", деб ёзди.

Москвадаги Сиёсий технологиялар маркази вице-президенти Алексей Макаркин "Коммерсантъ" билан суҳбатда Тошкентнинг норозилигини сув-энергетика масалалари билан боғлаган.

Ҳарбий эксперт Иван Сафранчук фикрича эса: "Қўшнилари билан муносабатларда куч омили ҳозирча Тошкент томонида. Боз устига, ўзбек элитаси орасида сув учун уруш қилиш мумкин, деган кайфият тарқалган. Мана шундай вазиятда Россия Ўзбекистон чегарасида ўз базасини қурмоқчи. Бу ҳолат эса Тошкентнинг куч жиҳатидан устунлигини йўққа чиқаради".

"Независимая газета"даги мулоҳаза ҳам юқорида ўқиганингизнинг давомига ўхшайди. Газета минтақа мамлакатлари орасида ечимини кутаётган оғриқли муаммолар, жумладан, баҳсли ҳудудлар муаммоси борлигини эслайди ва ёзади: "Кўплаб ўзаро баҳсли нуқталари борлиги учун Тожикистон ва Қирғизистон каби мамлакатлар уларни ҳал қилиш учун КХШТнинг Тезкор кучларини ишга солиб юборишларидан Ўзбекистон қўрқади".

Айни пайтда "Независимая газета" Тошкентнинг қаршилигини Ўзбекистон президентнинг шахси билан ҳам боғлайди: "Москва ўз қарори юзасидан Тошкент билан маслаҳатлашмай, Ислом Каримовнинг иззат-нафсига тегиб қўйди. Айниқса, АҚШ Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги етакчи давлат деб тан олганидан кейин".

Дарғазаб Тошкентнинг бундан кейинги қадамлари

"Независимая газета" МДҲ мамлакатлари институтининг Ўрта Осиё бўлими мудири Андрей Грозиннинг "Тошкентнинг сўнгги баёноти ўз ташқи сиёсати курси ғарбий йўналишга алмашаётгани тўғрисида АҚШ ва Европа Иттифоқи учун қилинган ишорадир", деган фикрини келтирди.

Умуман, россиялик журналистлар ва сиёсатшунослар Ўзбекистоннинг Россия ҳарбий контингенти Қирғизистонда жойлаштирилишига қарши чиққанини Тошкентнинг КХШТдан чиқиш йўналишида қўйган биринчи қадами сифатида баҳоламоқда.
XS
SM
MD
LG