Линклар

logo-print

"Биз Гулнора билан боғланмаганмиз"

  • Алишер Сиддиқ

Европа иттифоқи расмийси Озодлик билан суҳбатда Гулнора Каримованинг ўз отасига ворис бўлиши юзасидан турли шубҳа-гумонлар борлигини айтди.

Европа иттифоқи расмийси Озодлик билан суҳбатда Гулнора Каримованинг ўз отасига ворис бўлиши юзасидан турли шубҳа-гумонлар борлигини айтди.

Европа Иттифоқига раислик қила бошлаган Швеция вакиллари Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан сиёсатининг айрим жиҳатларига аниқлик киритмоқда.

Ўтган ҳафтада Тошкентга сафар қилган Европа Иттифоқининг нуфузли делегацияси Ўзбекистон ҳукумат вакиллари билан сўзлашувлар ўтказганди.

Европа Иттифоқининг “Тройка” форматидаги ҳайъати таркибида Швециянинг Марказий Осиё давлатларига элчиси Ханс Улшон ҳам бўлди.

Озодлик радиосига интевью берган жаноб Улшондан аввалига мустақил журналист Дилмурод Саййиднинг қамалиши юзасидан Европа Иттифоқи нима боис баёнот қилмаганини сўрадик. Зеро, журналистни 12,5 йилга қамаш ҳукми Европа Иттифоқи делегацияси Ўзбекистонни тарк этган куннинг эртасига ўқилди.

Улшон: Ушбу ҳолатни биз ҳамон ўрганмоқдамиз ва турли манбалардан ахборот олишга ҳаракат қилаяпмиз. Лекин¸ менинг назаримда¸ унинг ташрифимиздан сўнг дарҳол қамалиши шунчаки тасодиф.

Озодлик: Европа Иттифоқининг Марказий Осиё сиёсатини кузатувчи EUCAM таҳлилий маркази Европа Иттифоқи президент Каримов ҳукмронлиги тугаганидан сўнг воқеалар қандай сценарий асосида ривожланишини ўрганиши керак, деб ҳисоблайди? Бу каби сценарийлар сизлар борми?

Улшон: Ҳаммамизда президент Каримов раҳбарлиги қандайдир сабабларга кўра тугаганидан сўнг нима бўлиши борасида турли фикрлар бор албатта. Туркманистон тажрибаси бу ҳолат кутилмаганда содир бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Лекин мен қандайдир ҳукумат ёки тадқиқот марказларининг муайян сценарийни ёки кейинги ҳаракат режасини ўрганиб чиқаётганига ишонмайман. Менимча¸ бунга ҳали анча эрта. Воқеалар ривожи эса ҳеч кутмаган йўлдан бориши мумкин.

Озодлик: EUCAM таҳлилчилари ҳозирнинг ўзида Европа Иттифоқи Ўзбекистон сиёсий элитаси вакиллари билан мулоқот бошлашни таклиф этмоқда. Бу каби мулоқотни олиб борасизларми? Дейлик, президент Каримовнинг қизи Гулнора Каримова билан...

Улшон: Биз у билан боғланмаганмиз ва албатта унинг ворис бўлиши қанчалик рост эканини савол остига олувчилар бор. Бир қатор сабабларга кўра, бу борада шубҳалар бор. Бироқ¸менинг шахсий фикримча, Европа Иттифоқи давлатлари ўзларининг Ўзбекистондаги элчихоналари орқали мамлакатдаги бошқа сиёсий элита вакиллари билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилади. Баъзи одамлар билан алоқа ўрнатиш мамлакатдаги чекловлар туфайли имконсиздир.

Озодлик: Жаноб Улшон¸ таҳлилчилар фикрича, Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан сиёсати ошкора олиб борилиши керак ва ҳатто аксар ҳужжатлар ўзбек тилига таржима қилинса ҳам ёмон бўлмасди. Ҳозир Европа Иттифоқи стратегиясинининг ижроси ёпиқ ўйинга ўхшаб қолмадими?

Улшон: Мен буни "ёпиқ ўйин" деб атамаган бўлардим. Стратегия ижроси ва стратегия доирасида амалга оширилаётган турли тадбирлар юзасидан ҳеч қандай сир йўқ. Бу борадаги ахборотни истаганча топиш мумкин. Аксинча, биз ўзбекистонликларнинг стратегиямиз борасида кўпроқ билишини истаймиз.

Озодлик: Лекин барибир кўп нарса биз учун қоронғу қолмоқда-ку?! Стратегияни билсак ҳам инсон ҳуқуқлари соҳасида унинг ижросини билмаймиз.

Улшон: Инсон ҳуқуқлари масаласидаги мулоқотларимиз айни масала билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотлар иштирокида ўтказилади. Бу нафақат Ўзбекистон¸ балки бошқа давлатларга ҳам тааллуқлидир. Лекин¸ тўғри¸ инсон ҳуқуқлар масаласида бирор амалий ишни амалга ошириш имкониятларини чекламаслик мақсадида айрим нарсалар сир тутилиши мумкин. Мисол сифатида халқаро Қизил Хоч ташкилотининг фаолиятини келтиришим мумкин. Агар улар фаолиятини жамоатчиликдан сир тутмаганда эди, жуда кўп давлатдаги қамоқхоналарга киритилмаган бўларди.

Озодлик: Жаноб Улшон, бу борада Европа Иттифоқига нисбатан ёғилаётган танқидлардан яна бирига тўхталсак. Ўзбекистон яна Ғарбдан юз ўгириши мумкинлиги билиб инсон ҳуқуқлари масаласини жиддий кўтаришдан қўрқасизларми?

Улшон: Менимча¸ бу мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди. Ўзбекистон ва Туркманистонга қилган сўнгги сафаримиз давомида инсон ҳуқуқлари муаммосига жиддий тўхталганмиз. Бу борада Европа Иттифоқининг фундаментал қадриятлари ҳақида гап кетмоқда. Шунинг учун Европа Иттифоқи ўзининг энергетик манфаатлари йўлида инсон ҳуқуқлари масаласини четлаб ўтаётгани ҳақидаги даъволар асоссиздир.

Озодлик: Ҳозир Россиянинг Қирғизистонда ҳарбий база очиш режаси туфайли Москва ва Тошкент ўртасидаги муносабатларнинг бироз бузилганини кузатиш мумкин. Мана шу фурсатдан фойдаланиб Европа Иттифоқи ҳозир Ўзбекистон билан мулоқотни жадаллаштириш имкониятларини кўриб чиқмоқдами?

Улшон: Халқаро муносабатларга келганда расмий Тошкентнинг турли давлатлар учун ўз эшикларини очиқ қолдиришни афзал кўришини кузатдик. Шунинг учун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг баёноти биз учун бироз кутилмаган бўлди. Лекин Каримовнинг Қирғизистон базасига кескин қарши чиқиши жойдаги воқеликдан келиб чиқади. Ўзбекистонга сафаримиз давомида Ўзбекистон ҳукумати Марказий Осиёнинг қайта милитаризациялашуви борасида хавотир билдирди. Буни вазиятга муносиб реакция, деб тушуниш мумкин.
XS
SM
MD
LG