Линклар

Аҳмадийнажод қасамёдга келтирилди


Маҳмуд Аҳмадийнажод қасамёд маросими чоғида қилган нутқида Ғарб давлатларини ўзларига хуш келадиган демократияни хуш кўришда айблади.

Маҳмуд Аҳмадийнажод қасамёд маросими чоғида қилган нутқида Ғарб давлатларини ўзларига хуш келадиган демократияни хуш кўришда айблади.

Маҳмуд Аҳмадийнажоднинг қасамёдга келтирилиши 12 июн куни Эронда ўтказилган президент сайлови натижаларидан норозилар намойишлари давом этаётган бир даврга тўғри келди.

Иккинчи муддатга сайланган президент Маҳмуд Аҳмадийнажодни қасамёдга келтириш маросими 5 август куни Теҳрондаги парламент биносида бўлиб ўтди.

- Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм, мен жумҳурият раиси унвонини олар эканман, Қуръони карим, Эрон миллати ва қодир Оллоҳ номи билан Ислом республикаси низоми ва Конституцияси ҳимоячиси бўлишга қасамёд қиламан, деди Аҳмадийнажод.

Парламент биноси ичкарисида байрам руҳи ҳукм сурган бир пайтда, ташқарида мухолифатнинг юзлаб тарафдори Аҳмадийнажоднинг қасамёдга келтирилишига қарши норозилик намойиши ўтказишга уринди. Бироқ хавфсизлик кучлари ва Басиж қуролли гуруҳи аъзолари мухолифатчиларни тарқатиб юборди.

Ассошиэйтед пресс агентлигининг гувоҳларга таяниб хабар қилишича, хавфсизлик кучлари аксилҳукумат шиорларини қичқирган намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланган.

Сўнгги маълумотларга қараганда, таниқли ислоҳотчилар-собиқ президентлар Муҳаммад Ҳотамий ва Акбар Ҳошимий Рафсанжоний, президентликка собиқ номзод Мир Ҳусайн Мусавий ва бошқа сиёсатчилар бугунги маросимда иштирок этмаганлар.

Қасамёд маросими чоғида қилган нутқида Аҳмадийнажод июн ойидаги президент сайловидан сўнг Теҳронда рўй берган намойишларга кўп тўхталиб ўтирмади.

Бироқ Эрон раҳбари намойишларнинг ҳукумат томонидан бостирилишига оид Ғарб мамлакатлари фикрларига эътироз билдирди.

- Айрим хорижий давлатлар бизда ўтказилган сайлов ва янги тузилажак ҳукуматни тан олишлари, бироқ бизга табрик йўлламасликлари ҳақида эълон қилганидан хабарингиз бор. Буни қандай тушунса бўлади? Бундай ҳаракатлардан бир нарса аниқки, бу ҳам бўлса улар ўз фойдаси учун хизмат қиладиган демократияни хуш кўрадилар. Улар бошқа миллат ҳуқуқи ва сайловчиларни ҳурмат қилмайдилар. Улар ўзларини демократия тимсоли, деб биладилар. Бизнинг халқимиз бу каби ҳаракат ва зеҳниятга мутлоқ қарши. Шуни билингки, Эронда ҳеч ким сизнинг табригингизни кутаётгани йўқ, деди Аҳмадийнажод.

Аснода Аҳмадийнажоднинг қасамёдга келтирилиши борасида муносабат билдираётган турли мамлакат расмийлари бу ҳақда халқаро дипломатия ҳадлари доирасида сўзлашга уринмоқдалар.

Вашингтонда журналистлар саволига жавоб қайтарган Оқ уй матбуот вакили Роберт Гибс Аҳмадийнажодни “сайланган раҳбар”, дея атади.

АҚШ президенти Барак Обама ҳам Эрон билан алоқаларни яхшилашга уриниб келаётгани боис Теҳрондаги намойишларнинг куч билан бостирилишига қарши ўта эҳтиёткорлик билан муносабат билдирди.

Айни пайтда Халқаро амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти Аҳмадийнажоднинг қасамёдга келтирилиши арафасида танқидий баёнот билан чиқди. Унда айтилишича, “мухолифатчилар намойишларининг куч билан бостирилиши Эронни репрессиялар гирдобига ташлаган”.
XS
SM
MD
LG