Линклар

logo-print

Анвар қорини пичоқлаганлар топилмаяпти

  • Барно Анвар

Анвар қорига яқин кишиларнинг гувоҳлик беришларича, Тошкент бош имом-хатибининг аҳволи аввалгидан анча яхши, унинг жонига қасд қилганлар эса ҳамон қидирилмоқда.

Анвар қорига яқин кишиларнинг гувоҳлик беришларича, Тошкент бош имом-хатибининг аҳволи аввалгидан анча яхши, унинг жонига қасд қилганлар эса ҳамон қидирилмоқда.

31 июл куни пичоқлаб кетилган Тошкент шаҳар имом-хатиби Анвар қори Турсуновнинг соғлиги тикланмоқда. Бироқ унга ким суиқасд қилгани ва нима мақсадда суиқасд қилгани ҳануз номаълумлигича қолмоқда.

Тошкент шаҳар имом-хатиби Анвар қори Турсунов пичоқлаб кетилганидан буён воқеадан хабар топганларни икки саволнинг жавоби қизиқтирмоқда.

Саккиз бора пичоқ урилган экан, Анвар қорининг аҳволи яхшими ва Анвар қорига ким, нима мақсадда пичоқ урди?

Биз воқеадан беш кун ўтиб, ана шу саволларга жавоб топишга уриниб кўрдик ва шу кунларда Тошкентда Анвар қорининг соғлиги борасида турли хил миш-мишлар юрганига гувоҳ бўлдик.

Гўёки Анвар қорига урилган пичоқлардан бири унинг жигарини қаттиқ шикастлаган ва ҳануз аҳволи оғир. Яна баъзи манбаларга кўра, Анвар қори ўзига келган, 16-шаҳар касалхонасига олиб ўтилган. Шу кунларда Тошкент шаҳар прокуратураси терговчиларига кўрсатма бермоқда.

Тошкент шаҳар прокуратураси ва Ўзбекистон Бош прокуратурасидан бу хабарларга аниқлик киритувчи маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Тошкент шаҳар имом-хатибининг ўринбосари Эргашали Рустамов эса Озодлик мухбирининг бу борадаги саволларига жавоб берар экан, ҳар хил асоссиз хабарлар тарқалишига йўл қўймасликни алоҳида тайинлади.

Эргашали Рустамов: Аҳволлари яхшилиги тўғри. 16-шаҳар касалхонасига ўтказилди, деган гап нотўғри. Ҳалигача биринчи тушган касалхоналарида ëтибдилар.

Озодлик: Янгиободдамиди биринчи тушган касалхонаси?

Эргашали Рустамов: Янгиободдаги ТАПОИЧ (Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси - таҳр) деган касалхона. Кеча ўринларидан туриб¸ озгина юриб¸ массаж-пассаж қилинди. Гапириб турибдилар¸ яхши.

Озодлик: “Жигарига оғир жароҳат олган экан. Шу ҳаëтига хавф солиб турган экан” деган хабарларни ҳам эшитдик.

Эргашали Рустамов: Бу нотўғри. Озгина қон йўқотганликлари учун биринчи куни ҳар хил гап-сўзлар бўлди. Ҳозир, алҳамдилуллаҳ¸ анча яхшилар.

Озодлик: Буни ким қилган бўлиши мумкин? Тахминлар борми?

Эргашали Рустамов: Бу саволни ҳамма бериши мумкин. Бу саволнинг жавобини ҳозир биз ҳам билмаймиз. Жавобини мутасадди ташкилотлар тинмасдан ахтариб топиш ҳаракатида.

Озодлик: Мана шу воқеа олдидан бирор бир хавф ëки таҳдид бўлмаганмиди?

- Бунақа жиддий¸ шу даражага етиб борадиган хавф ҳаëтларида ҳам¸ муомалада ҳам¸ ишда ҳам бўлмаган. Соат 09.00 да Қоратошда катта мажлисни ўтказдилар. Жумани ўқиб бердилар. Жумадан кейин бир нечта аризачиларни қабул қилдилар. Ундан кейин уйига кетганлар.

Биз ҳар куни у кишининг ҳолатларидан хабардор бўлиб турибмиз. Кеча ҳам соат 18.00 ларда у кишининг ҳузурида эдик. Биз кира олмасак ҳам, у кишининг олдига киришга фақат битта укаларига рухсат бўлган. Укалари кириб, у кишининг ҳолатларидан бизга хабар бериб турибди. Ортиқча ташвишга соладиган бир нима йўқ.

Интернетда бериладиган хабарларга сиз бугун бизлардан эшитиб ойдинлик киритиб¸ билиб ëки билмасдан қилинадиган туҳматлар деймизми ëки қўштирноқ иичда бошқа маънодаги гапларни ишлатамизми – ўшаларга ойдинлик киритиб, тезда етказишингизни биз ҳам илтимос қиламиз¸ дейди Тошкент шаҳар имом-хатиби Анвар қори Турсуновнинг ўринбосари Эргашали Рустамов.

Суҳбатдошимиз баъзи электрон ахборот воситаларида "Анвар қори Тошкент шаҳар прокуратураси терговчиларига кўрсатма бераяпти" мазмунида тарқалган хабарларни ҳам инкор қилди.

Демак, имом-хатибнинг ўринбосари билан суҳбатдан ойдинлашгани шуки, Анвар қори Турсуновнинг соғлиги яхши, ортиқча ваҳима асоссиз. Аммо имом-хатибга ким ва нима мақсадда пичоқ ургани ҳануз қоронғулигича қолмоқда.

Ёдингизга соламиз, воқеа 31 июл куни оқшом соат 22.00 лар атрофида содир бўлган ва уч шахс Анвар қорини уйидан чақиртириб олиб, ўз маҳалласида пичоқлаб кетган эди.

Имом-хатибнинг ўринбосари Эргашали Рустамовга кўра, Анвар қорига уч бора пичоқ урилган. Қорининг маҳалласига яқин маҳаллада яшайдиган бир суҳбатдошимизга кўра эса, воқеа содир бўлганидан хабар топиши билан яқинлари ва қўшнилари пичоқ урганларни қувиб етишга ҳаракат қилган. Маҳаллада анча шовқин-сурон кўтарилган. Аммо жиноятчилар қочишга улгурган.

Ҳозирги кунда бу уч шахсдан бирортасининг шахси аниқландими, қўлга олиндими, бу жиноятнинг мотивлари бўйича тергов гуруҳининг дастлабки тахмини қандай — бу каби саволлар мутлақо очиқ қолмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистонда кейинги йилларда бундай воқеага илк бор гувоҳ бўлаётган жамоатчилик ўртасида, аввал айтганимиздек, уч тахмин тилга олинмоқда.

Биринчиси, бу радикал диндорларнинг имом хатибдан ўч олишидир, деган тахмин. Иккинчиси, имом хатибнинг шахсий тижорати устидан чиққан можаро, деган тахмин. Учинчиси эса, диндорларга қарши реппресиянинг янги тўлқинини бошлаш учун ҳукумат тарафидан атайлаб уюштирилган фитнадир.

Аммо бу радикал кайфиятдаги диндорларнинг ўчидир, деган тахминнинг тарафдорлари кўп бўлмоқда.

Бундай фикр тарафдорлари Анвар қори Турсунов Ўзбекистонда таъқиқланган диний оқимларга алоқадорлик ва таъқиқланган диний ташкилотлар тузганликда айбланганлар устидан ўтадиган маҳкама жараёларнида эксперт сифатида иштирок этгани, қамалган диндорлар билан суҳбатлар олиб борадиган ҳукумат комиссиясининг аъзоси эканини тилга олмоқда.

Мана шу ҳолатлар, “Эзгулик” жамияти вакили Абдураҳмон Ташанов фикрича, "Анвар қорига пичоқ урганлар радикал кайфиятдаги диндорлар" дея тахмин қилганлар учун асос бўлмоқда.

- Бунинг бошқа бир сабаби бўлиши ҳам мумкин¸ лекин биз қорининг хизмат фаолияти билан¸ қорининг ижтимоий мавқеи билан таққослаб¸ шу нуқтаи-назардан келиб чиқиб фикр юритадиган бўлсак¸ албата мен айтганимдай, диний-радикал оқим вакилларига кўпроқ шубҳа тушади. Чунки Ўзбекистонда кузатмаган бўлсак ҳам бошқа жойларда жуда кўп кузатганмиз - радикаллар томонидан жисмоний ҳужум қилиш ҳолатлари жуда кўп. Шу ҳодиса балки Ўзбекистонга кириб келаëтган бўлиши ҳам мумкин. Чунки бундан икки ҳафтача олдин Кўкалдош мадрасасининг маънавият ишлари бўйича директор ўринбосари кўп қаватли уйнинг олдида пичоқлаб ўлдириб кетилди. Ҳали бу боланинг қотиллари топилгани йўқ¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Айни вақтда Ташанов бу воқеа ортидан тижорат устида чиққан жанжал ётган бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги тахминни мутлақ инкор қилади.

- Тижоратини биз сезмаганмиз. Чунки тижорат бу одамда вақт ҳам йўқ эди. У ўзбекларнинг маъракаларидан¸ анъаналаридан ортадиган одам эмас эди. У одамнинг ҳатто 15-20 кунлик рўйхатлари бўларди. У одам худойиларнинг¸ маъракаларнинг имижига кириб қолган эди. Социал факторлар билан ҳисоблайдиган бўлсак¸ бу одамга мана шунинг ўзидан тушадиган фойдалар ниҳоятда катта эди. Бу одамнинг отаси ҳақиқатан бир умр лимонад заводининг директори бўлган. Тошкентда ўзига тўқ оилалардан бўлган. Биз жуда яхши биламиз¸ диндорлар¸ айниқса, диний уламолар жуда ўзига тўқ одамлар. Шариатга мувофиқ, учта-тўрттадан хотин сақлашади. Бу киши унақа эмас. Бу кишининг илдизлари олимликдан келиб чиққан зиëлилардан биттаси¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Аҳмаджон Мадумаров ҳам айнан Анвар қори Турсуновнинг Ўзбекистонда радикал диний оқимларга алоқадорликда айбланган диндор маҳбусларга нисбатан кескин чиқишларини тасдиқлар экан, Анвар қорининг феврал ойида Навоийдаги қамоқхонада қилган маърузасидан сўнг бу ерда маҳбуслар исён қилганини эсга олди.

Аммо, Аҳмаджон Мадумаров фикрича, шунда ҳам "Анвар қорига радикал диндорлар пичоқ урди", деган тахмин асоссиз. Мадумаров бу ишнинг ортида ҳукумат турибди, деган гумонда.

- Мана, мустақиллик яқинлашиб келаяпти. Саналар яқинлашаëтган пайтда худди мана шундай ҳодисалар бўлади. Шуни бир неча йилдан буëн кўриб келаяпмиз. Яъни исботини топаяпти. Сайлов яқинлашганда бир бўлади¸ саммит ўтказиладиган бўлганда бир бўлади. Бу фақатгина ҳукуматга фойда. “Буни радикал исломчилар қилди” деб туриб¸ шундан фойдаланиш керак ва уларга ҳақиқий террорни бошлаш керак¸ дейди Аҳмаджон Мадумаров.

Ўзбекистонлик яна бир таҳлилчи Маҳбуба Қосимова эса "Анвар қори Турсунов билан содир бўлган воқеа шу қадар кутилмаган ва шу қадар мавҳумки, тахмин қилиш ҳам мушкул", дея мулоҳаза билдиради.

Аммо Маҳбуба Қосимова ҳам Ўзбекистондаги бугунги шароитда таниқли имом-хатибга пичоқ уришга қодир диндорлар борлигига ишонмайди. У бу жиноятнинг ортида кўпроқ шахсий хусумат ётган бўлса керак, деб ҳисоблайди.

- Уларнинг ўзи бир ҳаммаси бечора аҳволда. Бу одамга шунақа суиқасд уюштирилган билан нима ўзгаради? Бу билан ҳеч нарса ўзгармайди. Эрта-индин мана амнистия чиқади. Уларда ҳам оғзи куйганлар¸ бир-икки эмас бир неча йиллардан бери. Уларнинг кўпчилиги ўзининг жони омон қолишини ўйлаяпти. Бирорта нарсани тахмин қилишнинг ўзи ҳам хатарли. Бу одам таниқли одам бўлганлиги учун бунақанги хавф-хатар ҳеч кутилмаган нарса, ақлга сиғмайдиган нарса. Балки бирорта одамнинг хусумати бордир¸ дейди Маҳбуба Қосимова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG