Линклар

Суд дастлабки қарорни ўзгартирмади


Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячилари Оязимхон Хидированинг ҳибсга олинишига унинг вилоят амалдорларини фош қилгани сабаб бўлган, деб ҳисоблайдилар.

Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячилари Оязимхон Хидированинг ҳибсга олинишига унинг вилоят амалдорларини фош қилгани сабаб бўлган, деб ҳисоблайдилар.

5 август куни Жиззах вилоят жиноий ишлар суди фермер ва ҳуқуқ ҳимоячиси Оязимхон Хидировани тергов қилиш жараёнида уни ҳибсда ушлаб туриш бўйича дастлабки суд ҳукмини ўз кучида қолдирди.

5 август куни Жиззах вилоят суди Оязимхон Хидированинг ҳимоячилари томонидан берилган апелляция шикоятини кўриб чиқди.

Фермер аёлнинг адвокати Нафас Камоловнинг Озодликка билдиришича, Жиззах вилоят апелляция суди Арнасой туман судининг Оязимхон Хидировани бутун тергов давомида ҳибсда ушлаб туриш бўйича ҳукмини ўз кучида қолдириш бўйича ажрим чиқарган.

- Бу киши муқаддам судланмаган. Унга қўйилаётган жиноят унча оғир бўлмаган ва ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар туркумига киради. Унинг доимий иш жойи ва яшаш жойи бор. Мен: “Бу аëл қонундан бўйин товлаб қочиб кетиш имкониятига эга эмас, шунинг учун уни очиқда қолдиришингизни сўрайман”, деб сўрадим. Лекин прокурор дастлабки тергов вақтида бир неча бор чақирилганда унинг етиб келмаганини¸ унинг мажбурлаб келтирилганини назарга олиб¸ "яна қочиб кетиши мумкин" деб, "эҳтиëт чораси сифатида қамоқда ушлаб туришингизни сўрайман"¸ деди. Апелляция суди унинг сўзларини тасдиқлаб¸ ажрим чиқарди, деди Нафас Камолов.

Суд мажлисида Оязимхон Хидированинг ўзи иштирок қилмаган. Бу унинг соғлиги ёмонлиги билан изоҳланаяпти. Фермер аёл ҳибсга олинган кунидан бошлаб очлик эълон қилган, кейин эса соғлиги ёмонлашиб касалхона тушган эди.

Адвокат Нафас Камоловнинг айтишича, ҳозирда Оязимхон Хидировага қўйилган айблов моддалари ўзгарган.

Фермер аёлдан Жиноят кодексининг 205-модда, “Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш” моддаси олиб ташланган.

Эндиликда Оязимхон Хидирова Ўзбекистон республикаси ЖКнинг 184-моддаси - “Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш”, 277-модданинг 1- ва 3-қисмлари - “Безорилик”, 168-модда - “Фирибгарлик”да айбланаяпти.

Адвокат тергов давомида бу айбловлар яна ўзгариши мумкинлигини тахмин қилади.

- Балки 184-модда ёки 168-моддани олиб ташлаши мумкин ёки аксинча, 205-модда қўшилиб қолиши мумкин. Бу тергов жараëнида ҳал бўлади, деди Нафас Камолов.

Адвокатнинг айтишича, айни пайтда Оязимхон Хидировага қўйилаётган асосий айблов бу “солиқ тўлашдан бўйин товлаш”моддасидир.
- Улар Оязимхон Хидированинг солиқдан қарзини уч миллион сўмга яқин қилиб қўяяпти, деди адвокат.

Жиззахлик фермер Маъмуржон Азимовга кўра, Оязимхон Хидировани “солиқ тўлашдан бўйин товлаш”моддаси билан айблаш нотўғри.

- 184-модда билан бир фермерни қамайдиган бўлса¸ вилоятдаги барча фермерларни қамашга тўғри келади. Чунки кўплаб фермерларнинг солиқ инспекциясидан қарздорлиги бор. Бу қарздорликнинг келиб чиқишига сабаб фермерлар эмас. 2008 йилда пахта ва ғалла режасини ўз вақтида бажарган фермерлар бор. Давлат томонидан ўз вақтида пуллар келиб тушмаганлиги натижасида фермерлар нафақат солиқ инспекциясидан¸ минерал ўғитдан¸ ëқилғи мойлаш корхонасидан катта қарздор бўлиб қолаяпти.

Шахсан мен ўзимни оладиган бўлсам¸ айни кунда давлатнинг мендан 2¸5 миллион қарздорлиги бор. Мен 2008 йилда пахта планини ҳам¸ ғалла планини ҳам бажарганман. Бизга 2008 йил 1 декабргача пахта пуллари келиб тушиши керак эди. Лекин бу пахта пули шу кунгача келиб тушгани йўқ. Давлатнинг мендан 2¸5 миллион қарзи бор¸ менинг эса солиқдан бир миллион қарздорлигим бор. Жиззахда битта менда ëки Оязимхонда эмас¸ ҳамма фермерларда мана шунақа қарздорлик бор. Фермерларнинг солиқдан қарздорлиги бор¸ давлатнинг эса фермерлардан қарздорлиги бор, деди Маъмуржон Азимов.

Биз ушбу борада Жиззах вилоят солиқ бошқармасига мурожаат қилганимизда, ушбу ташкилот ходимлари Оязимхон Хидирова билан боғлиқ ишдан бехабарлигини, бироқ солиқ тўлашдан бўйин товлаган ҳар қандай одам жавобгарликка тортилиши шартлигини билдиришди.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Зиёдулла Раззоқовга кўра, Оязимхон Хидированинг ҳибсга олинишига унинг Жиззах вилоятида коррупция билан боғлиқ ҳолатларни фош қилгани сабаб бўлган.

- Оязимхон Хидирова ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида Арнасой тумани ҳокимининг¸ прокурорининг ва Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ноқонуний ҳаракатларини тўғридан-тўғри президентга етказаяпти. Бу эса Арнасой тумани ва Жиззах вилояти ҳокимлигига ëқмади.

28 июл кунига Ўзбекистон Бош прокурори Рашид Қодировдан Жиззах вилояти прокурори Бобожоновга “28 июлгача муаллиф Оязимжон Хидировага ва Бош прокурорга Арнасой тумани прокурори ва ҳокимлигининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари юзасидан текширишлар ўтказиб¸ бизга жавоб беришингиз сўралади” деган жавоб хати келади. Лекин бу хатга жавоб беришнинг ўрнига ҳуқуқ ҳимоячиси¸ тадбиркор¸ фермер бўлган Оязимхон Хидировани қамоққа олишга санкция режалаштирилади, дейди Зиёдулла Раззоқов.

Жиззахлик Оязимхон Хидирова жорий йилнинг июн ойида Ўзбекистон расмийлари, мамлакатда фаолият кўрсатаётган демократик давлат элчихоналари ва халқаро ташкилотларга очиқ хат йўллаб, адолат қарор топмаса¸ муддатсиз норозилик акцияси бошлашини маълум қилган эди.

Июн ойининг охирида Оязимхон Хидирова вилоят раҳбарларидан 22 гектар жойдаги буғдойни ўз вақтида ўришга рухсат берилишини талаб қилгани учун калтакланди.

28 июл ойи охирига келиб фермер аёл милиция ходимлари томонидан 72 соат муддатга ҳибсга олинди.

31 июл куни Жиззах вилоят Арнасой туман суди Оязимхон Хидировани тергов давомида ҳибсда ушлаб туриш ҳақида хукм чиқарди.

5 август куни Жиззах вилоят суди Оязимхон Хидирова адвокатларининг апелляция аризасини қоноатлантирмасдан қолдирди.
XS
SM
MD
LG