Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:57

Эркин микрофон


Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг - Озодликнинг эркин микрофони Сиз учун ҳам очиқ!
Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг - Озодликнинг эркин микрофони Сиз учун ҳам очиқ!

Озодликка тингловчи ва муштарийлардан бўлаëтган қўнғироқлар¸ йўлланаëтган SMS хабарлар асносидаги суҳбатларда яна турфа мавзулар¸ турфа мулоҳаза ва истаклар жамланди.

Ўз исмини айтмаган самарқандлик тингловчимиз бундан уч ҳафта муқаддам Самарқанд вилоят судида бўлиб ўтган бир маҳкама ҳақида хабар берди. Унинг айтишича, Самарқанддаги “Сайҳун” ўқув марказида ишлаб юрган 11 нафар самарқандлик ёш йигитлар нурчилик диний оқимига алоқадорликда айбланиб¸ узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилди:

- Булар бизларда очилган турк лицейида таҳсил олган йигитлар. Улар бу ерда ишлаëтган эди. Улар “Сайҳун” деган репетиторлик марказини очган. Уларни ушлаб: “Сизлар Фатҳуллоҳ Гуланнниг китобини ўқигансизлар, сизлар нурчиларсизлар, давлатга қаршисизлар” деб туриб¸ Ўзбекистон республикаси жиноят кодексининг 244-моддаси 2-қисми ва 3-қисми билан айблашган. Бу жуда қаттиқ моддалар-да. Бу йигитларнинг ҳеч қайсиси давлатга қарши ҳеч нарса қилмаган. Булар шундай яхши¸ билимли йигитлар. 11 йигитни ушлаб 7 йилдан 11 йилгача қамоқ жазоси бериб қамаб юборишди.

Озодлик: Демак¸ булар самарқандлик йигитлар.

- Ҳа¸ шундай.

Озодлик: Неча киши булар?

- 11 киши.

Озодлик: Улар судда ўз айбларига иқрор бўлишдими ëки йўқми?

- Йўқ¸ иқрор бўлишмади. Тергов пайтида бизларга “Сизлар нурчисизлар” деб айтгандан кейин бизлар нурчи эканлигимизни билдик¸ дейишди.

Озодлик: Неча ëшда бу йигитлар?

- 18 дан 30 гача¸ дейди ўз исмини айтмаган самарқандлик тингловчимиз.

Ўтган бир йил давомида Ўзбекистонда нурчиликда айбланиб, 100 дан ортиқ ёшлар қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ёшларнинг ҳаммаси Ўзбекистонда илгари фаолият юритган турк лицейларининг талаблари бўлиб, ўтган йилнинг август ойидан бошлаб уларга мамлакат бўйича таъқиблар бошланган эди. Илмий салоҳияти кучли бу йигитлар ўқув марказлари ташкил қилган, илм-фан соҳасида фаол ишлаётган эдилар.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Ўзбекистон ҳукумати бу янги тўлқиндан чўчиб қолди ва уларни диний ташкилотлар тузишда айблаб¸ янги қатағонларни бошлаб юборди. Бундан илгари Тошкентда, Хоразмда, Бухорода ҳам гуруҳ-гуруҳ йигитлар нурчиликда айбланиб¸ улар устидан ҳукм ўқилган эди.

***


Қашқадарё вилоятининг Косон туманида яшовчи уй бекаси Маликахон болалар пули ойлаб кечиктирилаётгани ҳақида арз қилади.

- Ҳужжатларимизни олиш учун домкомга борсак ҳам 10-15 минг сўм бермасак¸ ўтказишмайди¸ дейди Маликахон.

Маликахоннинг айтишича¸ болалар нафақасини олиш учун бир ойлик нафақа пулини пора сифатида инъом қилиш керак. Шундан сўнггина сизни шу рўйхатга тиркаб қўйишади¸ бўлмаса йўқ.

- Сизлар шароитлар ҳақида кўп гапирасизлар. Бу гаплар ҳақиқатан ҳам телевизорда айтилмайди. Бизларда пул жуда ҳам муаммо. Икки нафар фарзандимизнинг пулини вақтида ололмаймиз. Ўзи 50 минг сўм бўлса¸ қўлимизга 40 минг сўм пул тегади. Кассирлар: “Пул олишга қийналаяпмиз, процентга олаяпмиз”, дейди. Икки-уч ойдан бери умуман вақтида ололмаяпмиз¸ дейди Маликахон.

***


Андижон вилоятининг Бўз туманидан қўнғироқ қилган Раҳимжон Озодлик радиосининг мухлиси эканлигини айтиб ўтар экан, шу билан бирга газга бой Ўзбекистонда уларнинг қишлоқларига ҳали ҳам газ етиб келмаганлигини¸ одамлар эса қишда печкага ўтин ва қиринди ёқиб кун кечиришларини айтади.

- Масалан¸ мен ўзим қишлоқ жойида тураман. Мана қишга яқинлашиб бораяпмиз. Ҳозир “газлаштириш” деб айтилаяпти. Бизда газнинг трубаси бор¸ лекин газ йўқ. Қўшни туманларда ëғоч ишлаб чиқарадиган хусусий корхоналар бор. Аҳоли ўшалардан ëғочнинг қириндиси бўладию - апилка¸ ўшани олиб¸ ëқиб қишдан чиқади. Қиш яқинлашган сайин апилканинг ҳам нархи ошиб кетади. Ëқилғи маҳсулотларининг нархи қишга яқин ошиб кетади-да¸ дейди Раҳимжон.

***

Навбатдаги тингловчимиз эса Озодлик радиосига бағишлаб шеърлар ҳам битибди.

- Аввало сиз ижодкорларга ишларингизда муваффақият тилайман. Оилангизга тинчлик¸ хотиржамлик¸ соғлик-саломатлик тилайман. Доимо Оллоҳ ишларингизнинг ривожини берсин.

Жаҳон тингламоқда сизни Озодлик¸
Ватанимда бўлсин деб доим ободлик¸
Ҳақиқатни сўзлайсиз¸ сўзламоқдасиз¸
Жон куйдириб, самодан куйламоқдасиз.

Торингизнинг торлари тортилсин таранг¸
Яна ҳам атрофга меҳр ила қаранг¸
Самодаги парвозингиз абадий бўлсин¸
Ижодингизга Оллоҳ барака берсин.

***

Азиз муштарий! Озодлик радиосининг эркин сўз микрофони сизлар учун доим очиқ. Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS орқали хабарлар йўлланг.

XS
SM
MD
LG