Линклар

Ўзбекистон исломий ҳаракати – 10 йил ўтиб


Кузатувчиларнинг айтишларича, бугунги кунда Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари сони бир неча минг кишини ташкил этиши мумкин.

Кузатувчиларнинг айтишларича, бугунги кунда Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари сони бир неча минг кишини ташкил этиши мумкин.

Бундан ўн йил олдин, август ойи бошида, Тожикистондан Қирғизистон ҳудудига ўтиб бир қишлоқни қўлга олган кичик қуролли гуруҳ минтақага жиддий таҳдид сифатида кўрилмаган эди.

Кейинроқ Ўзбекистон исломий ҳаракати деб эълон қилинган бу гуруҳнинг аъзолари шу кунга қадар Марказий ва Жанубий Осиё ҳудудларида таъқиб қилинмоқда. Айни пайтда бу гуруҳ номи Толибон ва Ал-Қоида каби террор ташкилотлари билан бирга тез-тез тилга олинади.

Ўзбекистон исломий ҳаракати 90-йиллар охирида Афғонистонда Аҳмадшох Маъсуд етакчилигидаги Шимол Иттифоқига қарши курашаётган Толибон ҳаракатига қўшилганидан кейин икки гуруҳ ўртасида ҳамкорлик бошланди.

2001 йил 11 сентябрида АҚШда содир этилган террорчилик ҳаракатидан сўнг Толибларни ҳокимиятдан ағдариш учун Америка ҳарбийлари Афғонистонга бостириб кирди. Бу давда Ўзбекистон исломий ҳаракати Ал-Қоида тарафида урушди.

2001 йил охирида АҚШ Афғонистонни ҳаводан бомбардимон қила бошлаганидан кейин Ўзбекистон исломий ҳаракатининг ҳарбий қўмондони Жумабой Хўжаев, яъни, Жума Намангоний ўлдирилди. Унинг ўрнини Тоҳир Йўлдош эгаллади.

Кўп ўтмай Ўзбекистон исломий ҳаракати Покистоннинг қабилалар яшайдиган ҳудудига қочиб ўтди. Йўлдош ва тарафдорлари ҳозир ҳам ўша минтақада экани тахмин қилинади.

Яқинда маҳаллий халқ норозилиги ва Покистон армияси хорижлик жангариларга қарши амалиётлар ўтказаётгани боис Ўзбекистон исломий ҳаракати номи ҳам у ерда тез-тез қулоққа чалина бошлади.

Покистонлик журналист Аҳмад Рашид 30 йилдан ортиқ вақтдан бери Марказий ва Жанубий Осиёдаги жангари ҳаракатларни кузатиб келади. Унга кўра, Ўзбекистон исломий ҳаракати 2001 йилда Толиблар ва Ал-Қоида билан Покистон ҳудудига қочиб ўтганда гуруҳнинг бир неча юз аъзоси бўлган.

Унинг фикрича, ҳозирги вазият бошқача.

- Ҳозир уларнинг сони Афғонистон ва Покистонда бир неча минг, балки тўрт ёки беш минг кишини ташкил қилади. Сабаби улар Афғонистон, Эрон ва Туркманистон орқали Марказий Осиёга борувчи тармоқ ташкил эта олганидир.

Андижонда 2005 йил май ойидаги қонли воқеалардан кейин кўплаб ўзбек ёшлари президент Ислом Каримов режимидан қочишга уринган, - дейди покистонлик журналист.

Аҳмад Рашидга кўра, Марказий осиёлик жангариларнинг Афғонистон ва покистонлик Толиблар ҳамда Ал-Қоида билан муносабатлари жуда мураккаб. Улардан айримлари ёлланма жангарига айланган.

Минтақада одам ўғирланиши воқеалари ортида ўзбеклар ҳам бўлгани учун маҳаллий одамларнинг уларга муносабати салбий томонга ўзгарган.

Аҳмад Рашид ҳозирда жанггарилар ўртасидаги муносабат қандай экани ҳақида гапириш қийин эканини айтди:

- Улар орасида жуда кўп гуруҳлар бор ва улар ўзаро рақобатдалар. Баъзи гуруҳлар ёлланма жангарилардан иборат. Улар гоҳ Покистон Толиблари қўмондонларига, гоҳ Афғонистон Толиблари қўмондонларига ёлланади.

Шу маънода улар бир-бирига қарши уришади. Саккиз йил давомида жуда кўп воқеалар содир бўлди. Ташқаридагилар у ерда нима бўлаётганини тушуна олмайди. Чунки бу ҳаракат яширин бўлиб қолмоқда, - дейди покистонлик журналист.

Аҳмад Рашидга кўра, Тоҳир Йўлдош Ўзбекистон исломий ҳаракатининг раҳбари бўлиб қолаётган бўлса-да, Покистон матбуоти ҳаракатга рақиб гуруҳларнинг таъсири, жумладан, тожиклар, туркманлар ва бошқаларнинг таъсири ортиб бораётганини хабар қилади.

Ҳозирда Покистон ҳарбийлари хорижлик жангариларга қарши кенг кўламли амалиётлар олиб бораётгани ва АҚШнинг одамсиз учадиган самолётлари ракета ҳужумлари уюштираётгани боис Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари ўзларига хавфсиз бошпана излаётган бўлиши мумкин.

Рашид фикрича, Марказий Осиё республикалари улар учун қулай жой бўлиши мумкин. У ўз фикрини Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондаги оғир иқтисодий-ижтимоий вазият билан изоҳлади.

5 август куни Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Тавилдарада Ўзбекистон исломий ҳаракатининг 11 жангариси ўлдирилгани, 20 нафари асир олинганини билдирган.

Август ойида Ўзбекистонда Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоси эканликда гумонланган 12 шахс устидан маҳкама бошланди.

Ғарблик таҳлилчилар фикрича, жангариларга қарши курашда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ўзаро келишиб чора кўраётгани йўқ.

Июл ойида Тожикистон Ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоров Афғонистонда халқаро кучлар жангариларга қарши амалиётларни кучайтирса, улар Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбеккистон ҳудудларидан ўзларига хавфсиз бошпана қидириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
XS
SM
MD
LG