Линклар

Москва Тошкентга жавоб узатди


Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида қайд этилишича, Марказий Осиё минтақасида очилажак рус базалари фақат мудофаа мақсадини кўзлайди ва улар бошқа давлатларга қарши қаратилган эмас.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида қайд этилишича, Марказий Осиё минтақасида очилажак рус базалари фақат мудофаа мақсадини кўзлайди ва улар бошқа давлатларга қарши қаратилган эмас.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистон жанубида Россия ҳарбий контингентининг жойлаштириш юзасидан Ўзбекистон томони эътирозига билвосита жавоб тариқасида баёнот тарқатди.

“КХШТдаги иттифоқчиларимиз бўлмиш Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудида Россиянинг ҳарбий ҳозирлиги халқаро террорчилик хатари олдида минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш ҳақида ташвишларимиз ҳосиласидир. У (Россия ҳарбий ҳозирлиги – таҳр.) мудофаа характерига эга бўлиб, зинҳор бошқа давлатларга қарши қаратилган эмас”, дейилади Россия Ташқи ишлар вазирлиги сайтида шу йилнинг 5 август куни тарқатилган расмий баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, 1 август куни Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев ва Россия президенти Дмитрий Медведев Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган учрашувдан кейин “Россия ҳарбий тузилмаларининг Қирғизистон Республикаси ҳудудида бўлишини мувофиқлаштирувчи ва Россия қўшимча ҳарбий контингентининг Қирғизистон ҳудудида жойлаштирилишини тартибга солувчи Россия Федерацияси билан Қирғизистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама шартномавий-ҳуқуқий базани янада ривожлантириш ва такомиллаштириш ниятлари тўғрисида”ги меморандумни имзолангандилар.

Жорий йилнинг 3 август куни эса Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига қарашли “Жаҳон” ахборот агентлиги сайтида қирғиз-рус меморандумига муносабат ўлароқ баёнот ёйинланди.

Баёнотда қайд этилишича, Ўзбекистон томони мазкур меморандумда айтиб ўтилган “Қирғизистон жанубида Россия қуролли кучлари қўшимча контингентининг жойлаштирилиши борасидаги режаларни амалга оширишдан бирон-бир зарурият ва мақбуллик кўрмаяпти”.

“Бу каби лойиҳаларнинг мураккаб ва олдиндан айтиб бўлмайдиган, Ўрта Осиёнинг учта республикаси чегаралари бевосита туташган ҳудудда амалга оширилиши ҳарбийлашув ва миллатчиликка асосланган турли зиддиятларни келтириб чиқарувчи жараёнлар, шунингдек, кенг минтақадаги вазиятнинг жиддий беқарорлашувига олиб келиши мумкин бўлган радикал экстремист кучлар чиқишларининг кучайишига туртки бериши мумкин”, дейилади “Жаҳон” ахборот агентлигида ёйинланмиш баёнотда.

Рус ва қирғиз матбуоти Тошкентнинг бу эътирозини кўпроқ Ўзбекистоннинг минтақада ўз ҳарбий устунлигини йўқотиб қўйиш хавотири билан изоҳламоқдалар.

Айни пайтда ўзбек расмийлари ҳамда Қирғизистонда яна бир рус базасини очиш ташаббуси танқидчилари Марказий Осиёда турли базаларнинг кўпайиши минтақада беқарорлик келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидламоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG