Линклар

Тожикистон ички ишлар вазирлиги жорий йилнинг олти ойи давомида биргина Душанбе шаҳрининг ўзида фоҳишалик билан шуғулланган 1100 аёлни маъмурий жавобгарликка тортган.

Вазирлик матбуот хизмати тақдим этган статистик маълумотларга мувофиқ, биргина ички ишлар вазирлиги томонидан жорий йилда мамлакат Жиноят кодексининг 239-моддаси - фоҳишахоналар ташкил этганлик, қўшмачилик билан шуғулланганлик юзасидан 110 та жиноят иши очилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 тага кўп.

Айни пайтда фоҳишалик билан шуғулланаётган аёлларнинг ўзлари уларни бу ишга йўқчилик мажбур қилганини айтмоқдалар.

- Биз ҳар куни шу ердамиз. Тирикчилик мажбур қилган. Нима қилайлик? Мен бир идорада ишлайман,100 сомоний (тахминан 22,5 доллар - таҳр.) ойлик оламан, бирор нарсага етмайди. Мажбурмиз тунда ишлашга, дейди Душанбе кўчаларида танфурушлик билан шуғулланувчи аёллардан бири.

У ўзи ва фарзандларининг ризқини фақат шу йўл орқали топиш мумкин, деб билади. 30 ёшлардаги бу аёл тун қора чимматини юзига тортганда “ов”га чиқиб, ҳар кунги оби ёвғон учун пул топаётганини ва шу йўл билан болаларини боқаётганини айтади.

Суҳбатдошимизнинг эътироф этишича, Душанбеда фоҳишалик билан тирикчилик қилаётган аёллар кун сайин кўпаймоқда, уларнинг кўпчилиги 16 ёшгача бўлган қизлардир.

Айни пайтда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги масъуллари бу ҳол уларни ташвишга солаётгани ва бунга қарши турли чора-тадбирлар кўрилаётганини таъкидлашади.

Ички ишлар вазирлиги жиноят-қидирув идораси фоҳишаликка қарши кураш бўлими бошлиғи Ғайрат Иззатовнинг билдиришича, республика туман ва шаҳарларида ҳуқуқ-тартибот идолари ходимлари ҳафтада 4 марта рейд ўтказади ва ҳар рейдда 25, баъзида 45 нафар жувон фоҳишалик билан шуғуллангани қайдга олинади.

Иззатовга кўра, қўлга олинаётганларнинг ёши 13 ва 50 атрофида бўлиб, улар фақат маъмурий жазога тортилиб, маълум миқдорда жарима тўлаганларидан кейин қўйиб юборилмоқда.

Тожик жамиятидаги бу иллатга қарши курашга фаол аёллар ҳам бел боғлаганлар.

Шундай фаоллардан бири Зарафо Раҳмоний жамиятда фоҳишаларнинг кўпайиши ортидан Тожикистонда етим болалар ҳам кўпаяётганини айтиб қайғурди.

- Биз бу йўналишда ислом маданиятига кўпроқ аҳамият беришимиз керак. Фақат жарима ундириш билан фоҳишаларни жамиятимиздан тозалаб бўлмайди. Фоҳишаларнинг кўпаётгани эртага она бўладиган ёш қизларимиз тарбиясига ҳам, республика ёшлар орасида ОИТС вирусини юқтирганлар сонининг ортишига ҳам ўз таъсирини кўрсатади, дейди Зарафо.

Тожикистон ҳукумати қошидаги Хотин-қизлар билан ишлаш қўмитаси масъули Мавлуда Оймаҳмадова жамиятда “иффатсиз аёллар” сони ортаётгани уларни ҳам ташвишга солаётганини таъкидлайди.

- Ҳар рейдда бу аёллар билан қилган суҳбатларимиздан уларнинг кўпинча болаларини уйда ёлғиз қолдириб, кўчага чиқиб кетаётганлари маълум бўлди. Саёз тушунчали бу аёллар учун иффат ва покизалик муқаддас тушунчалар эмас, дейди хотин-қизлар билан ишлаш қўмитаси масъули.

Шу билан бирга, Мавлуда Оймаҳмадова ўзи ишлаётган қўмитанинг фоҳишалик билан шуғулланаётган аёлларга реал ёрдам бериш имкони йўқлигини ҳам эътироф этади. Унинг қайд этишича, хотин-қизлар билан ишлаш қўмитаси бу аёлларни мавсумий ишлар билан таъминлашга доир бир қатор лойиҳалар тайёрланган, аммо маблағ йўқлиги туфайли бу лойиҳаларни амалга оширишнинг имкони бўлмаяпти.

Мустақил таҳлилчилар ҳам тожикистонлик қиз-жувонларнинг фоҳишалик йўлига кириб кетишини глобал иқтисодий бўҳроннинг мамлакат иқтисодиётига салбий таъсири ва мамлакатда мавжуд ижтимоий муаммолар билан боғламоқдалар.

Тожикистон фанлар академиясининг демографик тадқиқотлар бўлими ходимаси Муниса Абдуллоева халқаро ташкилотлар статистикасига таянган ҳолда, ҳозирда бу мамлакатда саккиз мингдан зиёд аёл фоҳишалик билан шуғулланаётганини маълум қилади.

Тожикистонда, расмий маълумотларга кўра, етти миллиондан кўпроқ аҳоли яшайди, шундан 52 фоизини аёллар ташкил қилади.
XS
SM
MD
LG