Линклар

Ўзбекистон ҳукуматининг “Оилавий тадбиркорликни ва ҳунармандчилик фаолиятини кенгайтириш ва ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан танишган ҳунармандлар қувонишга ҳали эрталигини айтмоқдалар.

Ўзбекистон ҳукумати қабул қилган янги қарорга мувофиқ, солиққа тортилмайдиган ҳунармандчилик доираси янада кенгайтирилади, ҳунармандлар имтиёзли кредитлар билан таъминланади, бир оғиз сўз билан айтганда, Ўзбекистонда эркин ҳунармандчилик учун кенг йўл очилади.

Ўзбекистон “Ҳунарманд” уюшмасининг раиси Муҳаммадюсуф Қурбонов Озодлик билан суҳбатда Вазирлар Маҳкамасининг бу қарори ҳали бир ой ичида таклиф ва тавсияларни инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқилиши, шундан кейингина бу ҳақда гаплаша олишини айтди.

Қарорда айтилишича, Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги республика статистика қўмитаси билан биргаликда оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик билан шуғулланадиган барча шахсларни рўйхатга олиб чиқишни ташкиллаштиради. Шу йил мобайнида бу соҳани ривожлантириш учун Давлат фондидан бир миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади.

1997 йилда Ўзбекистон Президенти фармони билан миллий ҳунармандчиликнинг 31 тури билан шуғулланадиган жисмоний шахслар даромад солиғидан озод қилинган эди. Янги қарорга кўра, бу ҳунармандлар доираси энди анча кенгайтирилади.

“Ҳунарманд” уюшмаси Марғилон ҳудудий бўлими бошлиғи Каримберди Ризаевнинг Озодлик радиосига айтишича, энди новвойлар ва қандолатчилар ҳам даромад солиғидан озод этилади:

- Ўша ширинликлар тайëрлаш¸ нон маҳсулотларини тайëрлашнинг ҳаммаси солиққа тортилган. Ҳозиргача ҳам солиққа тортилган¸ чунки булар тадбиркорлик фаолияти юритаяпти. Яъни ҳунармандчилика кирмаган деган бир маъно билан солиқ буларга ўзининг оғирлигини солар эди.

Бундан ташқари¸ бу ерда бошқа нарсалар бор. Айтайлик¸ сумакка нақш бериш ëки бўлмаса оддий¸ хаëлингизга келмайди¸ лекин сиз билан менга жуда зарур бўлган нарса бўлган муқовалаш. Китобларни муқовалаш¸ бошқа китобларни муқовалаш. Яхши муқовачиларимиз бор. Санъат даражасида ҳаттотлик билан муқовалайди. Илгари ана шулар ҳам солиққа тортилган.

Якка тартибдаги мебел. Айтайлик¸ сизга бунақа гул солинган ëки бунақа формадаги мебел ëқади. Сиз келиб, ўша мебелнинг заказини берасиз. Ўша заказ бўйича қилинадиган ишлар ҳозир солиқдан озод қилинди¸ дейди Каримберди Ризаев.

Унинг айтишича, бу қарор ҳақида эшитган ҳунармандлар “Ҳунарманд” уюшмаси Марғилон ҳудудий бўлимига кўп мурожаат қилаяптилар.

- Кунда мурожаатлар бўлаяпти. Мен солиқ инспекциясига ана шу қарордан биттасини киргизаяпман. Худо хоҳласа¸ булар ўзлари танишиб чиққандан кейин бир хулосага келинади. Бундан ташқари¸ ўзингиз биласиз¸ шаҳар ҳокимлиги бор¸ вилоят ҳокимлиги бор. Ахир бу давлат бюджети. Бу ишларнинг ҳаммасининг давлат бюджетига озгина таъсири бўлади. Улар солиқдан чиқиб кетадиган бўлса. Шуни ҳозир чиройли қилиб кўриб чиқаяпти¸ дейди Каримберди Ризаев.

“Ҳунарманд” уюшмасининг Андижон вилоят бошқармаси раҳбари Манзура Юсупова ҳам бу қарор ҳунармандчиликнинг ривожи учун кенг йўл очишини айтади:

- Бу жуда ҳам катта асос. Нимага деганда, ҳар битта ҳунармандга имконият яратилди. Имконият яратилди дегани бу ўз шогирдларига яна ўзининг ҳунарини ўргатиб қолдириш ва бунинг орқасидан ëшларни ана шу ҳунарга жалб қилиш. Бекор юрмасдан мана шу ҳунарни ўрганса¸ бу унинг болаларига ўтади. Яъни давомийлиги таъминланди деган сўз¸ дейди “Ҳунарманд” уюшмасининг Андижон вилоят бошқармаси раҳбари Манзура Юсупова.

Суҳбатдошмизга кўра, новвойлар ҳозирча бу рўйхатга қўшилганича йўқ, лекин бу ҳақдаги талаб ва таклифлар ўрганиб чиқилаяпти:

- Бу ҳақда жуда кўп таклифлар тушаяпти. Новвойлар¸ қандолатчилар ҳам миллий анъаналарни давом эттираëтган усталар таркибига киради. Улар нимагадир кирмай қолган. Улар ҳозиргача саволлар билан мурожаат қилишаяпти ва бу ҳозир кўриб чиқилмоқда¸ дейди “Ҳунарманд” уюшмасининг Андижон вилоят бошқармаси раҳбари Манзура Юсупова.

Бироқ андижонлик ҳунарманд Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг айтишича, ҳозирча бу қарор ҳақида ҳеч нарса, деб бўлмайди. Саиджаҳон аканинг айтишича, аслида ҳукуматнинг ҳунармандларга бундай ғамхўрлиги яхши, лекин ҳар қандай яхши қарорнинг ҳам ижроси пайтида кутилмаган тўсиқлар чиқиб қолади:

- Кредит олишлар¸ ҳар хил бюрократик тўсиқлар келтириб чиқаришмаса¸ рўйхатда қонуний ишлаб¸ вақтида пенсия олиш албатта яхши. Кўпинча яхши ният билан шунақа фармонлар чиқади. Афсуски¸ амалда салбий оқибатларни келтириб чиқаради¸ дейди Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Унинг сўзларига кўра, қарорда ҳунармандларга имтиёзли кредитлар берилиши ҳам назарда тутилган. Лекин гап ана шу кредитларнинг фоизлари қай даражада бўлишида:

- Масалан¸ ҳозир солиқлардан озод қилинганликдан ташқари маҳаллада ҳам бизга бир миллион сўм атрофида микрокредит беришмоқчи бўлишган. Лекин фоизларни мен ҳисоблаб кўрсам¸ олгандан кўра олмаган маъқулроқ бўлиб чиқди. Шунинг учун биз олганимиз йўқ. Келажакка қараганда балки бу нарсанинг пенсия олишга келганда ëрдами тегиб қолар¸ дейди Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Кулолчилик билан шуғулланаётган риштонлик Нозимжоннинг айтишича, у солиқдан озод этилган бўлса-да, лекин ҳар йили “Ҳунарманд” уюшмасига 140 минг сўм аъзолик бадали тўлайди. Бироқ бу жамият ҳунармандларнинг муаммоларини ҳал қила олмаяпти. Газ босимининг пасайиб кетаётганлиги учун ҳам кулолларнинг маҳсулотлари пишмай, сифатсиз бўлиб қолмоқда.

- Газ муаммоси-да. Газ паст. Баъзи-баъзида светлар ўчаяпти¸ дейди риштонлик Нозимжон.

Вазирлар Маҳкамасининг бу қарори ҳунармандлар талаб ва истаклари инобатга олинган ҳолда, бир ойдан сўнг кучга киради. "Миллий ҳунармандчиликнинг қайси соҳалари солиқлардан озод этилди ва уларнинг ривожланиши учун қандай йўллар очилди?" каби саволларга ҳам ана ўшанда аниқ жавоб айтиш мумкин бўлади.
XS
SM
MD
LG