Линклар

logo-print

"Шапка"ли муҳожирот

  • Сарвар Усмон

Жанубий Корея турли шаҳарларидаги саноат корхоналарида шу кунда минглаб ўзбекистонликлар меҳнат қилмоқдалар.

Жанубий Корея турли шаҳарларидаги саноат корхоналарида шу кунда минглаб ўзбекистонликлар меҳнат қилмоқдалар.

Ўзбекистон ишлаш учун Жанубий Кореяга жўнатадиган ўз фуқаролари сонини кўпайтирмоқчи. Бу ҳақда 5 август куни Регнум ахборот агентлиги хабар қилди.

Хабарда айтилишича, Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари яқинда Жанубий Кореяда бўлиб, ўзбекистонликларни бу мамлакатда иш билан таъминлаш масалаларини маҳаллий ширкатлар ва давлат идоралари билан муҳокама қилган. Аммо Кореяда ишламоқчи бўлган ўзбекистонликларни ишга ёллашнинг кўпчилик биладиган, лекин расмий давраларда очиқ муҳокама қилинмайдиган жиҳатлари ҳам бор.

Ўзи ҳам, тили ҳам, дини ҳам Ўзбекистондан узоқ Узоқ Шарқдаги Жанубий Корея мустақиллик йилларида Тошкент учун фавқулодда яқин мамлакатга айланди.

Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Агентлик бошқа давлатлар билан ҳам ишласа керак, лекин бу идоранинг Жанубий Корея билан ҳамкорлиги, маълумотларга қараганда, анча тиғиз.

Агентлик бир неча йилдан бери ўзбекистонликларга Кореядан иш топиб бериш билан шуғулланади.

Жанубий Кореяга сайёҳ визаси билан бориб, ҳозир бу мамлакатда нолегал ишлаб юрган ўзбекистонлик Абдуллажон агентлик орқали келганларга ҳавас қилади.

- Агентлик билан борган одамнинг имкониятлари катта. Ҳуқуқлари катта-да. Биринчидан¸ уларга юриш бемалол. Визани босиб беради. Масалан¸ уч йилга келса¸ уч йиллик визани беради. Бир еридан жароҳат олса ëки касал бўлса¸ уларнинг бонус картаси бўлади¸ корхона ҳисобидан даволанади¸ дейди Абдуллажон.

Андижонлик Шарофиддин шу кунда Россияда ишламоқда. Бир неча йил аввал у ҳам агентлик орқали Кореяга бориб¸ икки йил ишлаб қайтган.

Озодлик: Қанақа шартлар билан борганингизни айтиб берасизми?

Шарофиддин: Саккиз соатлик иш шартномаси. Шартнома бўйича шанба куни тушгача ишланади ва шанба куни тушдан кейин ҳамда якшанба куни дам. Биз у ерда саккиздан саккизгача ишлар эдик. Саккиз соатдан кейин иш бўлса ва ишласак¸ қўшимча соат ëзилар эди.

Озодлик: Баъзилар иш ҳақининг маълум бир қисмини агентликка ўтказиб туриш керак эди¸ дейди. Тўғрими шу?

Шарофиддин: Ҳа¸ бўлган. 100 минг вон Корея банкига ўтказилган¸ 260 минг вон Ўзбекистонга ўтказилган. Қолган ҳаммаси қўлимизга берилган.

Озодлик: Бу пулларни кейин сизларга қайтариб бердими?

Шарофиддин: "Эртага кетаман" деб бир кун олдин борганман ва ўша пулларни банкдан олганман.

Озодлик: Ўзбекистоннинг ҳисобига ўтказганингиз-чи?

Шарофиддин: Уни боргандан кейин жуда қийинчиликлар билан олганман. 2600 доллар олганман. Ўзи 4500-5000 доллар атрофида пул ўтган. Мен шунинг 2600 долларини олганман.

Озодлик: Дейлик¸ сиз 4000 доллар ўтказгансиз. 2600 долларни олгансиз. 1400 долларни агентлик нима учун ўзининг ҳисобида олиб қолган?

- Шунақа бўлиши керак¸ қонун-қоидамиз шундай¸ деди. Бошқа аниқ бир жавоб бергани йўқ¸ дейди Шарофиддин.

Жанубий Кореяда ишлаб келган бу йигит иш ҳақининг бир қисмини Агентлик нима учун ушлаб қолди? Балки контракт шартларида бу ҳолат аввалдан кўрсатилгандиру қаҳрамонимиз соддалик қилиб шартнома билан яхши танишмагандир?

Шу ва шунга ўхшаш, қолаверса, Жанубий Корея билан меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари тўғрисидаги саволларимизни Агентликка бера олмадик.

Ўзбекистондаги бошқа давлат идоралари каби бу идора ҳам ҳар қандай информацияни кўз қорачиғидай асрайди.

Ўзбекистонлик яна бир меҳнат мигранти Шокиржон шу кунда Кореяда. У ҳам агентлик орқали борган бу мамлакатга. У ҳам маошининг бир қисмини агентликка ўтказиб бериши лозим.

Озодлик: Қанча бўлди Кореяга борганингизга?

Шокиржон: Худо хоҳласа, декабрда сафаримиз қарийди. Уч йил бўлади. Шартнома тугайди.

Озодлик: Меҳнат вазирлиги орқали борганмисиз?

Шокиржон: Ҳа.

Озодлик: Шартноманинг шартлари қанақа?

Шокиржон: Шартномада 19 ой давомида 400 минг вон давлатга ўтказиш ëзилган.

Озодлик: Демак¸ бу пул Тошкентдаги агентлик ҳисоб рақамига ўтган.

- Ҳа. Бу ерда бюро агентствоси бор. Иброҳим деган билан шартнома қилинган. Кореяда у пулни 19 ой ушлаб туради¸ дейди Шокиржон.

Шокиржон билан ҳам узоқ гаплашдик. Бир қарашда шартнома шартларини яхши биладигандай кўринди. Лекин охир-оқибат ўтказиб бераётган пулидан қанчаси ўзига тегишини Шокиржон ҳам билмайди.

Суҳбатдошларимизнинг айтишича, Жанубий Кореяга боришни истовчилар жуда кўплиги сабабли агентлик рўйхатига илиниб қолиш ҳам жуда мушкул. Шу сабабли иш синалган усул билан ҳал қилинади. Кореяда нолегал ишлаётган Абдуллажон гапиради.

Озодлик: Кореяга кетадиганлар қаторига қўшиш учун пора олади¸ дейди. Шу бор гапми ëки йўқми?

Абдуллажон: Бу нарса тўғриси бор гап. Чунки бизнинг қариндошимиз кетди. Ўша суммани бермагунча¸ рўйхатга киритишмаган.

Озодлик: Неча пул эди у?

- 1000 доллар эди¸ дейди Абдуллажон.

Энди Кореяда икки йил ишлаб қайтган андижонлик Шарофиддиндан эшитинг.

- Фақат пора билан бўлади. Мен ҳам 400 доллар ишлатиб кетганман. Мен билан бирга ишлаган Фарғонанинг Чимëнидан болалар кўп эди. Ўша пайтда ҳатто 1000 долларгача берган болалар бор экан¸ дейди Жанубий Кореяда икки йил ишлаб қайтган андижонлик Шарофиддин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG