Линклар

Ҳабибулло акасиз бир йил!

  • Садриддин Ашур

Марҳум Ҳабибулло Ботиров Озодлик радиосининг фахрий журналистларидан бири эди.

Марҳум Ҳабибулло Ботиров Озодлик радиосининг фахрий журналистларидан бири эди.

Озодлик радиосининг Тожикистондаги мухбири, маҳоратли журналист Ҳабибулло Ботировнинг ўктам ва қудратли овози тўлқинларимизда жарангламай қолганига бир йил бўлди.

Бир йилдирки, уни биз ҳамкасблар соғиниб эслаймиз, бир йилдирки, Озодлик радиосининг минтақадаги бир томони бўшаб қолгандай.

Ҳабибулло ака ўтган йилнинг 6 августида оғир давом этган касалликдан сўнг оламдан кўз юмган эди. Бу одам ҳеч қачон ётиб қолмаган, дардни писанд қилмаган шахс эди. Лекин паймона тўлгандан кейин унинг иложи бўлмас экан.

Ҳабибулло ака Озодлик радиосидаги ветеран журналистлардан бири эди. 1995 йилдан буён у радионинг Тожикистондаги мухбири бўлиб хизмат қилиб келди. Тожикистондаги фуқаролар уруши, Афғонистондаги урушлар - буларнинг ҳаммаси бу одамнинг кўз ўнгида бўлиб ўтди.

Тожикистонда яшаётган бир ярим миллиондан ортиқ ўзбекларнинг дарду-ташвишлари, муаммолари Ҳабибулло аканинг кундалик эшиттиришларидан ўрин оларди. Бу одам ўз тили билан айтганда “қайсар” ва “қайтмас” журналистлардан бири эди.

Жумладан, Андижон воқеаларининг икки йиллигига бағишланган эшиттиришларидан бирида у қуйидагиларни айтган эди:

- Тожикистонда яшовчи бир ярим миллиондан ортиқ ўзбекнинг тақрибан ярмидан кўпининг у ëки бу жиҳатдан Ўзбекистон билан боғлиқлиги бор. Тожикистон жанубидаги районлар пойтахт Душанбе ва унинг атрофида яшовчи ўзбекларнинг аксарияти ўтган аср 20 йиллари Фарғонадан келганлар ва улар авлодларидир. Мана 70-80 йил бўлибдики¸ улар ўзбекистонлик қариндошлари билан алоқаларини узган эмаслар.

Республикалар мустақилликка эришгандан кейин виза тартиби туфайли борди-келдилар камайганига қарамай¸ тожикистонлик ўзбеклар тарихий ватанларида юз бераëтган ҳар қандай воқеа ва ҳодисани кузатиб борадилар. Яхши муждалардан қувонадилар¸ Андижондагига ўхшаш нохуш воқеаларни дард билан қаршилайдилар.

Суҳбатдошимиз Жамила Жамол айтганидай¸ Ўзбекистон раҳбарияти ташқаридаги ўзбекларни ўз тарихий ватанларидан қанчалик узоқлаштиришга ҳаракат қилмасин¸ улар ўзбекистонликлар тақдирига бефарқ қарамайдилар. Шунинг учун ҳам Андижон воқеалари тожикистонлик ўзбеклар юракларини зирқиратиб юборди ва ҳали ҳам кўпларни ана шу дард ўртайди¸ деган эди Ҳабибулло Ботиров.

Ҳабибулло Ботировнинг ота-оналари ўтган асрнинг 30-йилларида Ўзбекистоннинг Фарғона водийсидан Тожикистонга муҳожир бўлиб кўчиб келишган эди.

Ҳабибулло ака Тошкент Давлат университетида ўқиди. Деярли бутун ҳаётини Тожикистонда ўзбек тилида чиқадиган “Совет Тожикистони” (“Халқ овози”) газетасига бағишлади. 1995 йилдан бошлаб эса Озодлик радиосининг Тожикистондаги доимий мухбири бўлиб ишлаб келди.

Озодлик радиосининг ижодий жамоаси, яна бир бор Ҳабибулло аканинг яқинларига сабр бардош тилаб, унинг охирати обод бўлишини яратгандан сўраб қолади. Бизнинг қулоқларимиз остида эса Ҳабибулло аканинг ҳар лавҳа сўнгида айтадиган мана бу гаплари доим жаранглаб туради.

Ҳабибулло Ботиров¸ Озодлик радиоси¸ Душанбе

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG