Линклар

Соипов қотиллари иши судга ошади

  • Алишер Сиддиқ

Таниқли журналист Алишер Соипов ўлимидан қарийб икки йил ўтгач, Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги мазкур қотиллик юзасидан иш судга оширилиши ҳақида эълон қилди.

Таниқли журналист Алишер Соипов ўлимидан қарийб икки йил ўтгач, Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги мазкур қотиллик юзасидан иш судга оширилиши ҳақида эълон қилди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ўшлик таниқли журналист Алишер Соиповнинг ўлдириши юзасидан қарийб икки йил давом этган тергов ишини якунлагани ҳақида эълон қилди.

6 август куни Қирғизистон президентига ҳисобот берган мамлакат Ички ишлар вазири Мўлдўмуса Қўнғантиев журналист Алишер Соиповнинг ўлдирилиши юзасидан очилган жиноят ишининг якунлангани ҳақида маълум қилди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг расмий вакили Бақит Сеитов Алишер Соиповни ўлдирганликда гумон қилинган шахс маҳкама олдида жавоб беришини айтди.

- Бу шахс баҳорда қўлга олинган эди. Ҳозир тергов ишлари якунланиб¸ Ўш шаҳар судига оширилган. Бу шахс Қирғизистон фуқаросидир. Уни ҳибсга олиш чоғида ундан “Макаров” тўппончаси ва 16 килограмм гиёҳванд моддаси мусодара этилган. Экспертиза шуни кўрсатдики, айнан шу тўппончадан 2007 йил 24 октябр куни Алишер Соипов отиб ўлдирилган. Бундан ташқари¸ уни таниб олган гувоҳлар ҳам бор¸ деди Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги мулозими.

Қотиллик буюртмачилари ҳақида сўралганида Бақит Сеитов терговнинг дастлабки босқичида унга Ўзбекистон махфий хизматларининг алоқадор бўлгани ҳақидаги версия илгари сурилганини инкор этмади.

- Бу версиянинг қанчалик ҳақиқат ёки ёлғонлигини маҳкама кўрсатади, деди Бақит Сеитов.

Алишер Соиповнинг ўлдирилиши юзасидан олиб борилган тергов жараёнини ўрганган ўшлик журналист Абдумўмин Мамараимов тергов материаллари билан таниш бўлмасдан туриб қотиллик буюртмачиларининг четда қолганини айтиш мумкин, деб ҳисоблайди.

- Бунақа пайтда ҳамиша буюртмачи четда қолиб кетади. Биз кутаëтган¸ бизни қувонтирадиган даражада иш қилинганига менда шубҳа бор¸ дейди Абдумўмин Мамараимов.

Унинг фикрича, тергов жараёни давомида Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги томонидан тарқатилган бир-бирига қарши баёнотлар терговнинг сифат жиҳатдан қанчалик мукаммал бўлгани борасида шубҳа билдиришга асос беради. Тўппончанинг топилгани ҳақида терговчилар икки марта эълон қилишди.

Аввалига Алишер Соипов мухолифат лидери Аликбек Жекшенқуловга тегишли тўппончадан отиб ўлдирилгани ҳақида айтилди. Кейинроқ наркотикларни назорат қилиш агентлиги томонидан бошқа бир шахс қўлга олинган ва ундан яна бир тўппонча мусодара қилинган эди. Алишер Соиповни ўлдириш учун ишлатилган ушбу тўппончанинг ҳақиқий эгаси Тожикистонда ҳам қидирилмоқда.

Айни пайтда маҳкама курсисига ўтказилган одамнинг шахси яна номаълум қолаётир. Боши берк кўчага кирган тергов жараёни икки марта вақтинча тўхтатилганди. Энди эса терговнинг якунлангани ҳақида эълон қилиниши халқаро кузатувчиларнинг тергов натижалари юзасидан шубҳа билдиришга сабаб бўлмоқда.

- Албатта¸ бу жиноят буюртмачиларининг қўлга олинмаганини биламиз. Шунинг учун шубҳасиз бу тергов тўлақонли бўлолмайди. Биз бир неча бор Қирғизистон ҳукуматидан айнан қотиллик буюртмачиларини топиш учун барча ишни қилишга чақириб келганмиз. Бу нафақат адолатни қарор топтириш учун¸ балки мамлакатдаги матбуот эркинлиги учун ҳам жуда муҳимдир¸ деди Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича вакили Миклош Харашти.

26 ёшда бўлган Алишер Соипов бир қатор хорижий оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилган. У таъсис қилган, президент Каримов тузумига танқидий руҳдаги “Сиёсат” газетаси Ўзбекистон ҳудудида ҳам тарқалар эди. Алишер Соипов ўлимидан сал аввалроқ ўз фаолияти туфайли ҳукуматга қарашли ўзбек телевидениеси томонидан мамлакат миллий манфаатларига қарши чиқаётган журналист сифатида бадном қилинганди.

Соиповнинг ўлдирилиши юзасидан мустақил текширув олиб борган бир қатор халқаро ташкилотлар ва айрим қирғиз расмийлари Алишер Соиповнинг ўлимида Ўзбекистон махсус хизматларининг қўли борлигини даъво қилганди. Расмий Тошкент, анча кескин бўлишига қарамасдан, бу даъволарни рад этиб чиққани йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG