Линклар

Вашингтон янги стратегиясини эълон қилди


АҚШ расмийлари Афғонистондаги халқаро террорчиларга қарши курашда ҳарбий ва ноҳарбий воситалардан фойдаланмоқчи.

АҚШ расмийлари Афғонистондаги халқаро террорчиларга қарши курашда ҳарбий ва ноҳарбий воситалардан фойдаланмоқчи.

АҚШ президентининг ички хавфсизлик ва терроризмга қарши кураш бўйича маслаҳатчиси Жон Бреннан Ал-Қоидага қарши курашда ишлаб чиқилган янгича ёндошувни баён қилди.

Юқори лавозимли Оқ уй расмийсига кўра, президент Обама маъмурияти терроризмни мағлубиятга учратиш учун икки хил ёндошув ишлаб чиққан.

Жон Бреннан Вашингтонда қилган чиқишида янгича ёндошув жангари экстремистларга ҳарбий зарбалар бериш ва жангари гуруҳлар бошпана топган давлатларга иқтисодий ёрдам кўрсатишдан иборат эканини айтди.

Бреннан Ал-Қоида ва Толибон жангариларини Афғонистондан қувиб чиқариш учун Обама маъмурияти ҳарбий куч қўллашни давом эттиришини билдирди.

Айни пайтда у терроризмни келтириб чиқарадиган сабабларни бартараф қилиш бўйича “юмшоқ куч” қўлланилиши, яъни, мулоқот олиб борилишини маълум қилди.

Жон Бреннан ёш мусулмонларнинг Ал-Қоида жангарилари сафига қўшилишига асосий сабаб камбағаллик деб ўйлаш соддалик бўлишини айтди.

Унинг фикрича, аслида бунга болалар ўқиш имкониятига эга бўлмагани, ёшлар орасида ишсизлик кенг тарқалгани, ҳукуматларнинг халқ эҳтиёжини қондиришда муваффақиятсиз сиёсат юритгани сабабдир.

- Биз бу курашдан четда қололмаймиз. Биз ўзимиз хоҳлаган ҳар қандай террорчини, уларнинг раҳбарлари ёки оддий аскарини ўлдира оламиз. Агар биз кенгроқ миқёсда - сиёсий, иқтисодий ва ижтимолий соҳаларда муваффақиятсизликка учрасак, экстремистлар ўз сафига янги жангариларни жалб қилиш ва янги ҳужумлар уюштириш имконига эга бўлади, деди Оқ уй расмийси.

Бреннан Обама маъмурияти стратегиясининг муҳим жиҳати одамлар “дунёдаги барча муаммолар учун Қўшма Штатлар айбдор” деган террорчилар фикрини кўр-қурона қабул қилишига йўл қўймасликдан иборат эканини айтди.

Жон Бреннанга кўра, аслида Ал-Қоида, Толибон, Ҳизбуллоҳ, Хамас ва бошқа гуруҳлар уларнинг хоҳиш-иродаси рўёбга чиқишига тўсқинлик қилмоқда.

- Ал-Қоида ўлдирган барча одамларнинг аксарини мусулмонлар ташкил қилади. Бегуноҳ одамларни ўлдириш, президент (Обама) Қоҳира шаҳрида айтганидек, маънавий салоҳият талаб қилишда эмас, балки унга берилишдадир. Экстремистлар тинчлик ҳукм сурган келажакни эмас, балки зўравонликни таклиф қилмоқда. Умид ва имкониятларни эмас, балки камбағаллик ва умидсизликни таклиф қилмоқда. Албатта, охир-оқибат экстремистларни Қўшма Штатлар эмас, балки шу давлатлар халқлари изоляция қилади, деди Ички хавфсизлик ва терроризмга қарши кураш бўйича АҚШ президент маслаҳатчиси Жон Бреннан Вашингтонда қилган чиқишида.
XS
SM
MD
LG