Линклар

logo-print

Ўзбек қочқинлари топилди


Кузатувчиларнинг айтишларича, сўнгги пайтларда Қирғизистон бошпана изловчи ўзбек қочқинлари учун хавфсиз жой бўлмай қолган.

Кузатувчиларнинг айтишларича, сўнгги пайтларда Қирғизистон бошпана изловчи ўзбек қочқинлари учун хавфсиз жой бўлмай қолган.

Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида бедарак йўқолгани айтилаётган ўзбек қочқини Санжар Худойберганов ва унинг ўғли мамлакат жанубий пойтахти -Ўш шаҳридан топилди.

Швецияда қочқин сифатида яшаётган Дилобар Худойберганованинг Озодликка маълум қилишича, кеча унга БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича Бишкек ваколатхонаси вакиллари телефон қилишиб, акаси Санжарбек ва унинг ўғли топилгани, айни пайтда улар хавфсиз жойда эканини билдирганлар.

- Лекин ҳозиргача акам билан гаплашишнинг имкони бўлгани йўқ. Мен ҳозир улар қай аҳволда, уларга нима бўлгани сабабларини билмайман. Бизга БМТ Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлиги Бишкекдаги ваколатхонасининг Олег Жданов деган ходими телефон қилди. Биз: “Акам билан гаплашишнинг иложиси борми?” деб сўраганимизда, “йўқ, улар ҳозир гаплашадиган аҳволда эмас”, деб жавоб берди, дейди Дилобар Худойберганова.

Санжар Худойберганов ва унинг ўғли топилганини БМТ Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлиги Бишкек ваколатхонаси ходимлари ҳам ҳам тасдиқлади:

- Айни пайтда у Қирғизистонда, бироқ унинг айнан қаерда эканини ҳам айта олмаймиз. Айни пайтда биз фақат ҳамкоримиз Қирғизистон миграция ва аҳолини иш билан таъминлаш давлат қўмитаси билан иш олиб борябмиз, улар эса Қирғизистоннинг бошқа тегишли идоралари билан ишлайдилар, деди БМТ Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлиги Бишкек ваколатхонасининг Бишкекдаги ваколатхонаси юридик бўлими ходимаси Раъно Саидумарова.

Аввал хабар қилганимиздек, бошпана сўраб БМТ қочқинлар идорасига мурожаат қилган Санжар Худойберганов ва унинг 11 яшар ўғли Сарварбек Эркинзода 30 июл куни бедарак йўқолганди.

Уларни сўнгги бор Бишкек шаҳридаги Қирғизистон миграция ва аҳолини иш билан таъминлаш давлат қўмитаси биносидан уйга қайтаётганларида кўрганлар.

Биз Санжар Худойбергановнинг аҳволи ва у айни пайтда қаердалигини билиш мақсадида Қирғизистон Миграция ва аҳолини иш билан таъминлаш қўмитаси қочқинлар бўлимига қўнғироқ қилдик.

Бироқ мазкур бўлим раҳбари Базаргул Керимбаева бу борада ҳеч қандай маълумот бермаслигини айтди:

- Мен айтдим-ку, биз маълумот бермаймиз, деб. Бизга телефон қилманглар, илтимос, деди Базаргул Керимбаева.

Би-би-сининг Дилобар Худойбергановага таянган ҳолда хабар қилишича, Санжар Худойберганов ва унинг ўғлини номаълум шахслар Ўш шаҳрида ташлаб кетганлар.

Маълумотларга кўра, 2008 йил 19 июл куни Худойбергановларнинг беш кишидан иборат оиласи БМТ Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлиги Бишкек ваколатхонасига қочқинлик мақоми берилишини сўраб мурожаат қилган.

Ҳюман Райтс Вотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти Санжар Худойберганов ва унинг 11 яшар ўғли Сарварбек Эркинзода Ўзбекистонга мажбуран жўнатиб юборилган бўлиши мумкинлиги хусусида ташвиш билдириб, 4 август куни баёнот эълон қилган эди.

Ташкилот баёнотида Қирғизистон ҳукуматидан Худойбергановнинг айни пайтда Қирғизистонда яшаётган рафиқаси Саодат ҳамда икки фарзанди Лазиза ва Салоҳиддинларни ҳимоя қилиш талаб қилинади.

Санжар Худойбергановнинг акаси Искандар 2002 йилда Тошкентда қатор айбловлар, жумладан, терроризмда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм этилган.

Ҳюман Райтс Вотч ташкилотига кўра, ўшандан буён Худойберганов оиласи аъзолари ўзбек расмийлари томонидан таъқиб қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG