Линклар

logo-print

Тожик қизи Дубайга маҳрамсиз бормайди

  • Гулнора Равшан

Амирлик расмийлари янги таъқиқни тожикистонлик қизларни жинсий қулликка тушиб қолишидан асраш чораси ўлароқ тақдим этмоқдалар.

Амирлик расмийлари янги таъқиқни тожикистонлик қизларни жинсий қулликка тушиб қолишидан асраш чораси ўлароқ тақдим этмоқдалар.

Тожикистонлик қизларнинг Бишлашган Араб Амирликларига ўзи ёлғиз бориши таъқиқланди. Бундан буён 30 ёшгача бўлган тожикистонлик қизлар учун Амирликлар тупроғига кириш учун виза расмийлаштирилмайди.

“Душанбе халқаро аэропорти” давлат унитар корхонаси бош директори Азиз Иброҳимовнинг таъкидлашича, арабистонликлар 30 ёшгача бўлган қиз ва жувонларни фақат эри ёки отаси кузатувидагина мамлакатга киритади. Агар 30 ёшгача бўлган қиз ёки жувон ўзи ёлғиз БААга сафар қилмоқчи бўлса, у ҳолда унга виза расмийлаштирилмайди.

- Араб амирликлари расмийлари бунинг сабабларини сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари орасида, хусусан, тожикистонлик қизларнинг жинсий қулликка тушиб қолаётгани кўпроқ қайдга олинаётгани билан изоҳламоқдалар, дейди Иброҳимов.

Расмийга кўра, бундай қарор аввал Тожикистон ҳукумати томонидан ҳам қабул қилинган, шунга қарамай, 30 ёшгача бўлган тожик қизларининг Арабистонда қулликка сотилаётгани кузатилади.

- Араб Амирликларига сафар қилмоқчи бўлган ва ёши 30 дан ошмаган ҳар бир қиз ёки жувон Душанбе ҳамда Хўжанд аэропортларидаёқ ортга қайтарилади. Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг аэропорт ҳудудидаги ходимлари бу иш билан шуғулланишади. Аммо, шунга қарамай, қизларимизнинг хорижда қулликка сотилаётгани кузатилади. Негаки, уларнинг Москва, Қирғизистон, Қозоғистон аэропортлари орқали у томонга учиш имконияти мавжуд. Айнан шу мамлакатларда уларнинг паспортлари қалбакилаштирилаётганига доир маълумотлар ҳам йўқ эмас, деди халқаро аэропорт расмийси.

Расмийнинг таъкидлашича, Тожикистон тегишли идоралари томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар одам савдоси билан шуғулланаётган шахсларнинг қизларни Тожикистондан Россия ва Араб Амирликларига олиб кетиш йўлларини тўсган.

Бироқ, Халқаро Миграция ташкилотининг Тожикистондаги ваколатхонаси ҳуқуқшуноси Рустам Шариповнинг билдиришича, хорижий давлатларда қулликка сотилаётган тожикистонлик қизларнинг аксарияти мамлакатнинг ўзидан Арабистонга учиб кетаётир.

- Тажрибадан келиб чиққан ҳолда гапирадиган бўлсак, тожикистонлик қиз- жувонлар аксарияти ўша мамлакатларда фаҳш ишлар билан шуғулланишини билган ҳолда ихтиёрий равишда Душанбе ва Хужанд аэропортларидан Араб амирликларига парвоз қилишмоқда, дейди Халқаро Миграция ташкилоти масъули.

Айни пайтда суҳбатдошимиз Қирғизистон ва Қозоғистон ҳам тожикистонлик қизларнинг хорижга олиб чиқилиши учун транзит мамлакат вазифасини ўтаётганини таъкидлайди.

Рустам Шариповнинг маълум қилишича, сўнгги тўрт йил мобайнида биргина Араб Амирликларидан 130 нафар тожикистонлик аёл ортга қайтарилган.

У ҳозирда ҳам бошқа бир қатор хорижий давлатларида кўплаб тожикистонлик қизлар ва ўсмир болалар танфурушлик ва бошқа қора ишлар билан шуғулланаётир, деган ишончда.

Тожикистон президенти қошидаги Стратегик тадқиқотлар маркази бундан бир ой аввал тожикистонлик ўсмирлар Қозоғистон, Араб Амирликлари, Афғонистон, Покистон ва Эронда жинсий қуллик ва қора ишларни бажариш учун олиб чиқилаётгани борасида маълумот тарқатган эди.

Хўжанд вилоятидаги “Чашмаи ҳаёт” ноҳукумат ташкилоти раиси Рафоат Бобоеванинг таъкидича, айни пайтда Тожикистонда одам савдосига қарши кураш масалалари билан шуғулланаётган 13 та ноҳукумат ташкилоти фаолият юритади.

- Одам савдоси қурбони бўлаётганларнинг аксариятини ўсмирлар ва ёш қизлар ташкил қилади. Менимча, уларнинг шу куйга тушиб қолишларига аввало жамиятимиз айбдор бўлса, сўнгра уларнинг бу масалаларда етарли билимга эга эмасликлари сабаб бўлмоқда. Биргина шу йилнинг ўзида мамлакат ичкариси ва ташқарисида одам савдоси ҳамда зўровонлик қурбони бўлган 57 нафар қиз ва ўсмирга ташкилотимиз бошпана берди, дейди Рафоат Бобоева.

2004 йилдан буён Тожикистон Ички ишлар вазирлиги қошида одам савдосига қарши кураш бўлими фаолият кўрсатаётганига қарамай, ҳар йили бу мамлакатдан ўнлаб қиз-жувон ҳамда ўсмир болалар хорижий давлатларга жинсий қуллик учун олиб кетилмоқда.

Кузатувчилар бунинг бир сабабини мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларида мавжуд порахўрлик ва бу ишларга мазкур идора ходимларининг ўзлари бош-қош экани билан изоҳламоқдалар.
XS
SM
MD
LG