Линклар

Эркин микрофон

  • Абдулла Искандар

Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг - Озодликнинг эркин микрофони Сиз учун ҳам очиқ!

Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг - Озодликнинг эркин микрофони Сиз учун ҳам очиқ!

Озодликка тингловчи ва муштарийлардан бўлаëтган қўнғироқлар¸ йўлланаëтган SMS хабарлар асносидаги суҳбатларда яна турфа мавзулар¸ турфа мулоҳаза ва истаклар жамланди.

Самарқандда чироқ йўқ

Илк суҳбатдошимиз Самарқанддан. Электр пайвандчи. Суҳбатдошимиз Самарқанддаги электр узилишларидан ташвиш билдирди.

- Свет¸ электр ҳақида гапирсангизлар деган эдим.

Озодлик: Сиз қаерда яшайсиз?

- Самарқанд вилоятида.

Озодлик: Самарқанд вилоятида свет йўқми?

- Свет бор. Эрталаб соат 06.00 да ëнади ва бир-икки соат бўлади. Кечқурун олти-етти соат бўлади. Пулни қиммат олади¸ шуни гапирсангизлар, деган эдим.

Озодлик: Светнинг пули қимматми?

- Ҳа. Битта оиладан 15 мингдан олади. Пенсионерлардан 15 мингдан олади¸ ойуликлардан 15 мингдан олади. Бир хил қариялар 20-30 минг пенсия олади¸ дейди самарқандлик тингловчимиз.

"Ризқингни сот - равшан ол¸ ортган пулига эса совун ол" деган нақл Самарқандда ҳам бор.


Ҳам бошингни ейман, ҳам ошингни

Бизга қўнғироқ қилган, ўзини Темур деб атаган навбатдаги суҳбатдошимиз солиқ департаменти ходимларининг тижоратчиларга қилаëтган зулми ҳаддан ошганидан нолиди.

Темур: Абдулла ака¸ орган ходимлари ҳам Озодликни эшитиб туришади. Бошбошдоқликлар бўлаëтганини билишсин¸ етиб борсин. Шунақа нарса бўлибди лекин. Шу нарсани билиб қўйишса¸ “Ҳақиқатан бизлар бунақа бошбошдоқлик қила олмас эканмиз. Ҳаммаси назоратда экан. Ўзимизнинг Тошкентдаги одамлар Озодликка хабар бериб¸ бизларни уялтириб қўйиши мумкин” деб¸ кейинги сафар мана шу ишни қилмаслиги мумкин.

Озодлик: Тошкентда бўлса керак, ҳар ҳолда.

Темур: Тошкентда. Ҳақиқатда босишган. Бизларда одат. Ўзим ҳам оғайниларимдан¸ таниш-билиш¸ қўни-қўшни¸ қариндош-уруғларнинг орасида бўлади. Мана шунақа босишган¸ дўконни ëпасиз. Бир нарса қидиришаëтгандай бўлади¸ лекин мақсади бошқа бўлиб чиқади. Аëл буни билган. Тирикчилик тўхтаб қолмаслиги учун иложи йўқ. Агар ҳозир ëпиб юборса¸ кейин очадими - номаълум. Дўконида еттита янги қиммат холодильник бўлган. Биласиз¸ ҳозир улар камида 1000 доллар туради. Ўшандан рози қилиб бермоқчи бўлган. Улар етти киши бўлиб келишган. “Майли¸ сизларнинг ҳам тирикчилигинглар бор” деб, аëл рози бўлиб¸ ҳар биттасига биттадан деб берган. Лекин булар беш қўлини оғзига тиққан. Қаердандир чақирганми¸ яна бештаси келган. Тасаввур қилинг, ҳалол ишлаëтган аëлга. Ўзи битта холодилникни биттасига бериб юборсангиз қанақа...

Ҳалиги аëл “Бу сизларга камми, ҳозир ҳаммаларингни ëқиб юбораман” деб ëқиб юбормоқчи бўлган. Улар усталик қилиб қочиб қолган. Бензинни энди ëқиб юбораëтганда анавилар қочиб қолиб, аëлнинг ўзи қолиб кетган эмиш. Ҳамма “Яхши одам эди, жуда сахий аëл эди” деб гапираëтган экан. Нима демоқчиман¸ шу даража шафқатсизлик¸ дейди Темур.

Эргаш Каримовнинг мухлиси

58 ëшдаги тингловчимиз Озодлик радиоси орқали Эргаш Каримовнинг вафоти ҳақида эшитиб кўп қайғурганини айтади.

- Ҳар кун эшитаман. Кўпинча эшиттириш олиб борасиз. Чодирхаëл ва бошқа-бошқа эшиттиришларингизни эшитиб бораман.

Озодлик: Раҳмат. Бизга айтадиган фикрларингиз борми?

- Энди нимa дейман¸ шу секин-аста ҳаëт кетаяпти. Озодлик радиосини бутун вужудим билан эшитаман. Эргаш Каримовнинг вафотларидан кейин кечаси билан ухлай олмадим. У кишининг ўғли 80-йилларда Тошкент политехника институтида биз билан бирга ўқиган эди. Бир марта пахтага бордилар. “Ҳа болалар¸ қандай?” дедилар. Бизлар ҳаммамиз ўғил бола эмасми - “Байканур, Эргаш ака” дедик. Кейин: “Э¸ раҳмат азаматларим, чарчаманглар” деди. Шуларни эслаб¸ роса ухлай олмай чиқдим.

Озодлик: Маҳаллий телевидение¸ радио¸ матбуот Эргаш Каримовнинг ўлими ҳақида гапирдими?

- Йўқ. Мен ногирон укам билан телевизорни роса эшитамиз. Ахборотни кўрамиз. Соат 21.00 дан кейин Озодлик бошланади. Шунда кутиб ўтирдик¸ умуман айтмади. Телевизорда айтмади. Эрталаб радиода ҳам кутдик¸ айтмади. Ҳозиргача айтгани йўқ. газеталарда чиқмаган бўлса керак. Газета шарҳларида беришарди¸ унда ҳам эшитмадик.

Эргаш Каримов жуда яхши инсон эдилар. Комик актëр эди-да у киши. 1975-1980 йилларда “Телевизион миниатюралар театри”ни мириқиб томоша қилар эдик. Ишқилиб¸ у киши ëмон инсон эмас эди. Мен механика факультетида ўқиганман. Факультетимизга бориб турарди у киши. Доим студентлар қуршовида бўларди.

Озодлик: Бу кишининг радио ва телевидениега анча меҳнати синган. Шунга бир таъзияни раво кўрмаганини қандай изоҳлайсиз?

- Биласизми¸ ҳозир радио ҳам¸ телевидение ҳам тижорий бўлиб кетганми дейман-да. Мен шундай деб ўйлайман. У кишининг Эркин деган ўғиллари бор эди. Балки эълон қилишга кучи етмагандир¸ имконият топа олмагандир, деган фикрдаман¸ дейди бу тингловчимиз.

Энди нима ҳам дердик Эргаш Каримов, шеърда айтилганидек, бу дунëдан қаҳ-қаҳ отиб кулиб кетди.

Кўринг¸ ҳавас қилинг¸ гражданиман мен Ўзбекистоннинг

Бизга қўнғироқ қилганлар рўйхатида доимо Россияда ишлаëтган мардикорлардан бири албатта бўлади. Бу ҳам ҳаëтнинг бир зайли. "Ўзбекистон ойнаи жаҳонини тарелкада кўрса бўладими?" деб сўрабди бу тингловчимиз.

- Биз Россияда мардикор дейдими¸ устачилик қилиб юрибмиз. Беш-олти йилдан бери Моксва вилоятида ишлаб юрибман. Биласизми¸ бизда имконият бор. Ўзбекистон телевидениесидан бошқа Тожикистоннинг¸ Туркманистоннинг¸ Қозоғистоннинг телевидениеларини параболик антенна билан кўрамиз. Тошкентникини соғинамиз. Ўзбекистонни кўргимиз келади. Ўзбек қўшиқларини эшитгимиз келади¸ рақсларини кўргимиз келади. Бизда имконият бор¸ лекин Тошкент каналлари параболик антеннада бермайди-да ҳеч. Наҳотки Ўзбекистон телевидениеси шуни эплай олмаса?

Озодлик: Ўзбекистон элчихонаси ўтказадиган тадбирларга сизларни чақириб туришадими?

- Йўқ¸ йўқ¸ йўқ. Ўзбекистон элчихонаси қаердалигини ҳам билмаймиз. Москвада борлигини биламиз.

Озодлик: “Бир тадбир ўтказибди¸ ўзбекларнинг ҳолидан хабар олибди. Наврўз байрамида¸ мустақиллик байрамида” деган гаплар қулоғингизга чалинмаганми?

- Йўқ¸ мен бу гапни биринчи марта сиздан эшитаяпман. Бунақа нарса ҳеч қачон бўлмаган. Мен олти йилдан бери шу ерда ишлайдиган бўлсам¸ уйга бориб-келиб тураман¸ лекин биринчи марта шу гапни сиздан эшитишим. Ўзбекистон элчихонасида тадбир бўлишини сиздан эшитишим.

Озодлик: Ўзбекистон элчихонаси бировга ëрдам берибди¸ бировнинг ëнини олибди деган гапларни-чи?

- Биласизми¸ уч йил олдин иккита андижонлик ака-укаларнинг паспортлари магазиннинг ичида ëниб кетган эди. Ўшаларнинг икки-уч йилдан кейин бориб ҳужжат қилиб келганини эшитганман. Вақтинчалик паспорт ëзиб берибди экан. Шу билан кетганини эшитганман. Бундан бошқа нарсани эшитганим йўқ. Ўша болалар: “Охранасига 500 рубл берсангиз¸ киргизар экан, биз шундай қилиб кирдик”, деб айтди. Иккинчи марта 20 кундан кейин боришганида вақтинчалик паспорт ëзиб беришибди.

Озодлик: Ўзбекистон паспорти ëнингиздами?

- Ҳа¸ ëнимда. Мен ҳеч кимга бермайман.

Озодлик: Ўшанинг охирги варағида нима деб ëзилган?

- "Ўзбекистон республикаси Ўзбекистон фуқаросини ҳимоя қилади", деб ëзилган. Паспорт эгасини ҳимоя қилади, деган сўз бор.

Озодлик: Сўз бор¸ лекин амалда йўқ-а?

- Амалда билмадим. Келиш-кетишимизнинг ўзи. Келишга-ку келиб оламиз¸ кетишда лекин йўлларда жуда қийналиб кетамиз. Тошкентга борганимизда қийналамиз. Тошкентга самолëтда ҳам бордим¸ поездда ҳам бордим. Қўйлиққа борганингизда¸ дарров милициялар югуриб келади. Бизнинг Россиядан келаëтганимизни билади-да. Югуриб келиб: “Паспортинг қани?” деб пул талаб қилади. Тошкентдан водий томонга чиқиб кетишда пост бор. Агар ўша ерда сизнинг Россиядан келаëтганингизни билиб қолса¸ тамом. 50-70 минг бериб ўтиб кетган болаларни эшитганман. Ўзимизда шунақа қиладию¸ Россияда сизни қаердан ҳимоя қилади. Россияда ўзбекни ҳимоя қилганини эшитмаганман.

Озодлик: Ўзбекистондаги яқинларингига айтадиган гапларингиз борми?

- Нима ҳам дердим¸ соғ бўлишсин. Биздан хавотир олишмасин. Эплаб¸ бир бало қилиб юрибмиз¸ дейди Россияда ишлаëтган мардикор.

Хатим сизга омонат, жонингиз бўлсин саломат

Озодлик таҳририятига Қашқадарë вилояти Қарши тумани Насаф совхози Қозикент қишлоғида яшовчи Наим Очиловдан мактуб етиб келди. Мактуб муаллифи "Озодликнинг Қаршидаги мухбирига айтадаиган гапларим бор", деб ëзибди.

Ҳурматли Наимжон акага Озодлик мухбирлари 2005 йил Андижон қатлиомидан сўнг Ўзбекистонда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинганликларини айтиб қўймоқчимиз.

Озодликка бўлаётган кундалик телефон қўнғироқларининг айримларинигина эътиборингизга ҳавола қилдик.

Марҳамат, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
XS
SM
MD
LG