Линклар

7 август куни Жумъа намози олдидан қилинган маърузаларда Тошкент масжидларининг имом-хатиблари мусулмонларга пойтахт бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов ҳақидаги ўринсиз мишмишлардан тийилишни тавсия қилдилар.

Тошкент шаҳри бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов 31 июл куни ўзи истиқомат қиладиган Янгиобод маҳалласида пичоқлаб кетилган, бу воқеа Ўзбекистонда, хусусан, пойтахт Тошкентда турли мишмишларнинг учришига сабаб бўлганди.

Жумъа маърузасида имомлар мусулмонларни бу воқеа атрофида кераксиз мишмишларни тарқатишдан сақлашишга чақирдилар. Улар лағв (беҳуда сўз) ва мишмиш тарқатиш (хусусан, мусулмон шаънига туҳмат ва бўҳтон қилиш) гуноҳи кабира (катта гуноҳ) эканини таъкидладилар.

Айни пайтда пойтахт имомлари Анвар қори Турсуновнинг бугунги аҳволи ҳақида ҳам гапириб, Тошкент шаҳри бош имоми тузала бошлагани, шифокорлар назорати остида юра бошлагани, атрофдагилар билан сўзлашаётгани, яқин орада бутунлай соғайиб, хизматга қайтишини таъкидладилар.

Анвар қори Турсуновнинг соғая бошлагани ҳақида бундан икки кун аввал Тошкент шаҳар имом-хатибининг ўринбосари Эргашали Рустамов ҳам Озодликка айтиб берганди.

- Биз ҳар куни у кишининг ҳолатларидан хабардор бўлиб турибмиз. Кеча ҳам соат 18.00 ларда у кишининг ҳузурида эдик. Биз кира олмасак ҳам, у кишининг олдига киришга фақат битта укаларига рухсат бўлган. Укалари кириб, у кишининг ҳолатларидан бизга хабар бериб турибди. Ортиқча ташвишга соладиган бир нима йўқ, деганди Эргашали Рустамов.

Айни пайтда Тошкент шаҳри бош имом-хатибига қилинган ҳужум борасида уч тахмин тилга олинмоқда.

Биринчиси, бу радикал диндорларнинг имом-хатибдан ўч олишидир, деган тахмин. Иккинчиси, имом хатибнинг шахсий тижорати устидан чиққан можаро, деган тахмин. Учинчиси эса, диндорларга қарши реппресиянинг янги тўлқинини бошлаш учун ҳукумат тарафидан атайлаб уюштирилган фитнадир.

Аммо бу радикал кайфиятдаги диндорларнинг ўчидир, деган тахминнинг тарафдорлари кўп бўлмоқда.

Бундай фикр тарафдорлари Анвар қори Турсунов Ўзбекистонда таъқиқланган диний оқимларга алоқадорлик ва таъқиқланган диний ташкилотлар тузганликда айбланганлар устидан ўтадиган маҳкама жараёларнида эксперт сифатида иштирок этгани, қамалган диндорлар билан суҳбатлар олиб борадиган ҳукумат комиссиясининг аъзоси эканини тилга олмоқда.

Аснода 7 август кунги маъруза чоғида Тошкент имомлари Анвар қори Турсуновга қилинган ҳужумнинг унинг диний фаолияти билан боғлиқ эканига оид тахминлар ҳақиқатдан йироқ эканини таъкидладилар.

Имомларга кўра, мазкур ҳужум Анвар қори фаолияти билан боғлиқ эмаслиги аниқ бўлган, бироқ тергов манфаатларидан келиб чиққан ҳолда бу борадаги маълумотлар ошкор этилмаяпти.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳри бош имомига ҳужумда гумон қилинган кишилар ушланганми-йўқми – бу ҳақда ҳам бирор маълумот йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG