Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:56

Тожик қамоқхоналари ёпиқлигича қолмоқда


Тожикистонда фаолият кўрсатаётган халқаро ташкилотлар ва ноҳукумат ташкилотлари бир неча йилдан буён қамоқхоналардаги маҳбуслар шароити билан танишиш учун рухсат ололмай келмоқдалар.

Тожикистон Адлия вазирлиги қошидаги қамоқхоналар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Баҳром Абдулҳақовнинг билдиришича, Тожикистон мустақилликни қўлга киритгандан буён ўтган давр мобайнида ҳукумат вакиллари ва депутатлардан ташқари ҳеч ким қамоқхоналарга кира олмаган.

- Масалан, шу йил март ва апрел ойларида Хатлон вилояти халқ вакиллари қамоқхоналардаги вазият билан танишиб, бунга доир хулосаларини бошқармамизга тақдим қилишди, дея таъкидлади Абдулҳақов.

Қамоқхона бошқармаси расмийси парламент вакиллари қонун доирасида қамоқхоналарга кириши мумкинлигини уқтириб турган бир пайтда, Тожикистон Ислом уйғониш партияси масъулларидан бири Ҳикматулло Сайфуллозода бунга раддия билдиради.

У Тожикистон қуйи палатаси вакили ва Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий қамоқхоналарга кириш учун мазкур бошқармадан рад жавобини олганини айтади.

Хўш, нега халқаро ташкилотлар вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячилари, сиёсий партия фаоллари ва журналистлар Тожикистон қамоқхоналаридаги аҳвол билан танишиш ҳуқуқига эга эмаслар? Бу масаланинг ечими қаерда?

Бу саволга Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Тожикистондаги ваколатхонаси масъул ходими Пайём Фуруғи жавоб беради.

- Агар Тожикистон ҳукумати ҳам, парламенти ҳам қийноқларга қарши халқаро (ихтиёрий) протоколни ратификация қилса, у ҳолда, бу масала ўз-ўзидан ҳал бўлади. Ўша вақтдагина ҳар қандай ташкилот вакиллари қамоқхоналарга кириш ҳуқуқига эга бўлишади, дейди ЕХҲТ расмийси.

Тожикистон расмийлари мамлакат қамоқхоналарида сиёсий маҳбуслар борлигини кескин рад қилиб келадилар. Аммо мустақил таҳлилчилар айнан сиёсий ва ҳуқуқий масалалар мавжудлиги халқаро ташкилотлар ва сиёсий партия вакилларининг қамоқхоналарга кира олмаётганига асосий сабаблардан эканини таъкидлашади.

Мустақил таҳлилчи Раҳматулло Валиевга кўра, Демократик партияси собиқ раиси Маҳмадрўзи Искандаров, Ички ишлар собиқ вазири Ёқуб Салимов, Президент гвардияси бошлиғи Ғаффор Мирзоев каби ўнга яқин шахс Тожикистонда турли айблар билан қамалгани айтилса-да, аммо улар кўпроқ сиёсий ғоялари учун қамалган.

- Қизил Ярим ой халқаро ташкилотининг асосий вазифаларидан бири маҳбуслар ҳолидан бевосита хабардор бўлишдир. Аммо, кўп уринишларига қарамай, улар қамоқхонага яқин йўлатилмайди. Негаки бу ташкилот вакилларининг ана ўша шахслар билан учрашувларидан сўнг Тожикистон турмаларида ҳақиқатдан ҳам сиёсий маҳбуслар мавжудлиги ошкор бўлади, ҳукуматга эса бу ёқмайди, дейди мустақил таҳлилчи.

Аснода нафақат халқаро ташкилотлар вакиллари, балки Тожикистон Омбудсмени ҳам мамлакат қамоқхоналарига эркин кириб чиқиш имкониятидан маҳрумлиги билдирилди.
XS
SM
MD
LG