Линклар

logo-print

"Россия қўш стандартдан фойдаланди"

  • Садриддин Ашур

Рус-грузин тўқнашувидан буён орадан бир йил ўтганига қарамай, Кремл Жанубий Осетия ва Абхазия бўйича ўз фикрини ўзгартиргани йўқ.

Рус-грузин тўқнашувидан буён орадан бир йил ўтганига қарамай, Кремл Жанубий Осетия ва Абхазия бўйича ўз фикрини ўзгартиргани йўқ.

Ўз ҳудудий яхлитлигини таъминлаш учун қуролли кучларини ишга солишдан тоймайдиган Россия ўтган йили Грузия ҳудудий яхлитлиги масаласига бошқачароқ ёндошди. Бунинг сабаблари нимада?

Жанубий Осетияда рўй берган Россия-Грузия ҳарбий тўқнашувига бир йил бўлди. Ўтган йилнинг 8 августига ўтар кечаси Грузия ҳарбийлари ҳудудий яхлитлигини тиклаш учун Жанубий Осетияга кирган, Россия ҳарбийлари эса катта ҳарбий куч ишлатиб, Грузиянинг катта ҳудудини босиб олган эди.

Пировардида Россия Жанубий Осетия ва Абхазияни мустақил давлат сифатида тан олди, Грузия эса шу кунга қадар Россияни босқинчиликда айблаб, ўз ҳудудларидан ҳали воз кечмаганини даъво қилмоқда.

Сиёсатшуносларнинг айтишларича, собиқ иттифоқ тарқалганидан кейин собиқ иттифоқ ҳудудларида ҳали мақоми белгиланмаган, зиддиятларга эга бўлган ҳудудлар кўп бўлиб, улардан бири Жанубий Осетия эди.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг айтишича, ўшанда Жанубий Осетияда айирмачилик кайфияти секин-секин сўниб, Грузия билан интеграциялашиб кетиши мумкин эди. Бироқ Россия ана шу кайфиятни сўндириш ўрнига уни парваришлаб борди:

- Россия мана шу сепаратчилик кайфиятларни ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий, ҳам геосиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб борди. Ўша ердаги Грузия аҳолисига Россия паспортлари тарқатилиб, улар Россия фуқароси, деб эълон қилинди. Сепаратчи кайфиятдаги ҳудудлар лидерларига Кремл томонидан жуда катта сиёсий ва иқтисодий ёрдамлар берилди, дейди сиёсатшунос.

Пировардида Грузия ўз ҳудудий яхлитлигини таъминлашда муаммоларга дуч кела бошлади. Грузия президенти Саакашвилининг Жанубий Осетияга қилган ҳарбий ҳужуми эса, Камолиддин Раббимовга кўра, унинг энг катта хатоси бўлди.

- Бу унинг энг катта хатоси эди. Натижада Россия ўзининг қудратли салоҳияти билан Грузияни бўлиниш ҳолатига олиб келди. Сиёсат ҳар хил бўлиши мумкин. Расмий сиёсатда давлатнинг яхлитлигини тан олиш билан бирга яширинча сиёсат - ўша давлатни парокандаликка олиб келувчи сиёсат ҳам олиб бориш мумкин. Россия ҳам Грузияга нисбатан ана шундай йўл тутди, дейди Камолиддин Раббимов.

Чеченистон мустақиллик талаб қилганида, рус самолётлари ва танклари Грозний шаҳрини ер билан яксон қилган эди. Нега энди Россия ўз ҳудудий яхлитлигини таъминлаш учун қурбонлар бериб бўлса ҳам катта урушлар олиб борадию, қўшни давлатлардаги айирмачи ўлкаларни қўллаб қувватлайди? Бунинг сабаби нимада, деб сўраймиз Камолиддин Раббимовдан:

- Биласизми, мана шу ерда Россия қўш стандартлиликдан фойдаланди. Бир томондан геосиёсий, яъни Москвадан оғишган давлатларни парокандаликка учратишга, уларни ички муаммоларини қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилаяпти. Буни нафақат Грузия мисолида, балки Молдова мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Россиянинг Приднестровье минтақасини Молдовадан бўлиб ташлашга бўлаётган ҳаракати мавжуд. Ёки Украинадан Қримни ажратиб олиш учун информацион компания аллақачон бошлаб юборилган. Яъни Россиянинг қўш стандарти шундан иборатки, у ўзининг яхлитлигини таъминлаш учун Чеченистонда икки марта қатлиом амалга оширди. Бошқирдлар ва татарларни эса сиёсий босим остида ушлаб турибди.

Россия бошқа давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини тан олишни истамайди. Лекин ўзининг ҳудудий яхлитлигини, қуроллар ёрдамида бўлсин ёки урушлар ёрдамида бўлсин, таъминлаб келаяпти. Аслида бу Россиянинг катта стратегик хатоси, чунки мана бундай зиддиятли ўйин бу ҳалокатга олиб келувчи ўйин, деб ўйлайман, дейди сиёсатшунос.

Камолиддин Раббимов фикрича, Россия бугун катта демографик муаммони ўз бошидан кечирмоқда. У ўзини қудратли давлат деб ҳис қилиши учун қўшни давлталар ички ишларига аралашаверади.

Сиёсатшуносга кўра, Қирғизистоннинг жанубига жойлаштирилаётган янги ҳарбий база ҳам минтақа учун катта муаммоларни келтириб чиқариши мумкин:

- Россия ҳарбий базасини энди Боткенда очмоқчи. Агар бу очиладиган бўлса, у Ўзбекистонга ҳам, Тожикистонга ҳам сиёсий босим ўтказиши мумкин. Қирғизистон эса бугунги кунда ўтиш давридаги бир давлат, унинг иқтисодий ва ижтимоий муаммолари кўп. Шунинг учун у ўз муаммоларини ечиш мақсадида маълум бир дивидентлар ҳисобига ҳарбий базалар очаяпти. Лекин аслида бу келажакда Марказий Осиёнинг бирлашиши учун катта муаммолар яратади, дейди Камолиддин Раббимов.

Наманганлик ҳуқуқ фаоли Носир Зокир фикрича, Грузия ва Украина бошқа собиқ иттифоқ давлатлари каби Россия чизган чизиқдан юрмаётганлиги ва Ғарбга интилаётгани учун ҳам, Москва бу давлатларда беқарорлик пайдо қилишга ҳаракат қилмоқда:

- Марказий Осиё давлатларига сабоқ бўла оладиган тарих бор. Россия 150 йилдан буён босқинчилик билан шуғулланиб келяпти. Туркистонга 1865 йили босиб келган эди. Ундан кейин 1958 йилда Венгрияга бостириб кирди, 1968 йилда эса Чехословакияга. 1979 йилда Афғонистонни хонавайрон қилди. У хоҳлаган пайтда, Ўзгандаги ёки Фарғонадаги воқеаларга ўхшаб, фитналар ташкил қилиб, армияси билан бостириб кириши мумкин. Биз ниҳоятда эҳтиёт бўлишимиз керак, дейди Носир Зокир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG