Линклар

"Уотергейт", "Қозоқгейт", "Матрёшкагейт"...


АҚШнинг 37-президенти Ричард Никсон сиёсий жанжал туфайли истеъфога чиқишга мажбур бўлганига 35 йил тўлди.

АҚШнинг 37-президенти Ричард Никсон сиёсий жанжал туфайли истеъфога чиқишга мажбур бўлганига 35 йил тўлди.

Бундан 35 йил аввал, 1974 йилнинг 9 августида АҚШнинг 37-президенти Ричард Никсон мамлакат тарихида биринчи марта “Уотергейт” жанжали туфайли истеъфога чиқишга мажбур бўлди.

Бундан 35 йил аввал, 1974 йилнинг 9 августида АҚШнинг 37-президенти Ричард Никсон мамлакат тарихида биринчи марта “Уотергейт” жанжали туфайли истеъфога чиқишга мажбур бўлди.

1972 йили АҚШ президентлигига навбатдаги сайлов арафасида Демократик партия номзоди Жорж Маквергеннинг сайлов штаби жойлашган Вашингтондаги “Уотергейт” меҳмонхонасида беш киши қамоққа олинди.

Бу одамлар сантехник сифатида меҳмонхонага орқа эшикдан кирган эдилар. Бу “сантехник”лар сайлов штабига овоз тингловчи мосламаларни ўрнаштираётган ва партияга тегишли ҳужжатларни фотосуратга олаётган бир пайтда қўлга олинди.

Бу воқеа америкаликларда катта қизиқиш уйғотган ва президент Ричард Никсоннинг истеъфога чиқишига сабаб бўлган “Уотергейт” жанжалининг бошланиши эди.

1972 йилнинг ноябрида ўтказилган сайловда Ричард Никсон иккинчи муддатга президент этиб сайланди. 1973 йилда “Вашингтон пост” ва бошқа бир қатор газеталар “Уотергейт” жанжалини яна ёдга олдилар. Бу эса жанжалнинг АҚШ Сенатида муҳокама қилинишига сабаб бўлди.

Сенат ўтказган текширув натижасида Ричард Никсон сайлов жараёнидаги рақибини жосуслар кузатиб юриши учун маблағ ажратгани, махсус тайёргарликдан ўтган жосуслар Марказий разведка бошқармаси қўллови билан бу ишни бажаргани маълум бўлган.

1973 йили “Уотергейт” меҳмонхонасида қўлга олинган беш киши ва улар билан ҳамкорлик қилган йигирма бир кишига нисбатан маҳкама жараёни бўлиб ўтади. Бу жараён телевидение орқали бевосита эфирда намойиш этилади.

Айбланувчилар орасида президент Никсоннинг маслаҳатчилари ва АҚШ бош прокурори ҳам бўлган.

Демократик партия вакиллари эса мустақил тергов ўтказиб, президент Никсон маъмуриятининг яна бир қатор ходимлари ҳам “Уотергейт” ишига алоқадор эканини аниқлаганлар.

1973 йилнинг июл ойида Сенат қўмитаси Никсон идорасидаги сўзлашувлар магнит лентасига ёзилиб тургани ва бу аудиоёзувлар орасида “Уотергейт” меҳмонхонасига алоқадор сўзлашувлар ҳам борлигини тасдиқлайди. Бироқ президент Никсон ўз лавозимидан фойдаланган ҳолда, бу ёзувларни терговга тақдим этишдан бош тортади.

Бироқ АҚШ Олий суди президентда бундай ваколат йўқлиги ва у аудиоёзувларни терговга тақдим этишга мажбур экани тўғрисида қарор чиқаради. Шундан сўнг Ричард Никсон мавжуд аудиоёзувларни прокуратурага топширади.

1974 йилнинг феврал ойида эса АҚШ вакиллар палатаси президент Никсонга нисбатан импичмент эълон қилиш тўғрисида қарор чиқаради.

Шу йилнинг 5 августида Никсоннинг “Уотергейт” воқеасига бевосита алоқадор экани аниқланади. Орадан уч кун ўтиб, 8 август куни Ричард Никсон истеъфога чиқиши тўғрисида баёнот беради ва 9 август куни президентлик лавозимини тарк этади. Преидентлик ваколатлари эса вице президент Жеролд Фордга топширилади.

“Уотергейт” атамаси шундан бери сиёсий луғатдан ўрин эгаллаб келмоқда. Бу сўз кўпинча президентлар билан боғлиқ жанжалли воқеаларни англатадиган халқаро атама бўлиб қолди.

Бундан ташқари АҚШда президент Рейган билан боғлиқ “Ирангейт”, президент Клинтон даврида эса “Моникагейт” атамалари пайдо бўлди.

Постсовет ҳудудида эса сўнгги йилларда президентлар билан боғлиқ “Кучмагейт” (Украинада), “Қозоқгейт” (Қозоғистонда) ва “Матрёшкагейт” (Қирғизистонда) каби сиёсий жанжаллар содир бўлганини эсга олиш мумкин.
XS
SM
MD
LG