Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:29

"Дам олмасак ҳам қулоғимиз тинч"


Тожикистонликларнинг кўпчилиги учун ёзда дам олиш орзу бўлиб қолаётир.
Тожикистонликларнинг кўпчилиги учун ёзда дам олиш орзу бўлиб қолаётир.

Ўтган асрда Болтиқбўйи ва Европадаги бир қатор давлатларда дам олган тожикистонликлар, бугунги кунда ҳеч бўлмаганда қўшни Ўзбекистон санаторийларда дам олиш орзуси билан яшамоқдалар.

Ёз ҳам тугаб бормоқда. Аммо Тожикистондаги дам олиш уйлари раҳбарлари орасида ўтказган сўровимиз натижасида маълум бўладики, бу йилги ёзда ўтган йил шу даврига таққослайдиган бўлсак, мамлакатдаги ўнга яқин санаторийларининг кўпчилигида мижозлар сийрак.
Мазкур дам олиш уйлари масъуллари бунинг сабабини иқтисодий инқироз мамлакатдаги барча соҳаларга салбий таъсир кўрсатгани билан изоҳламоқдалар.

Мавзу баҳона бир қатор душанбеликларга “Сўнгги марта қачон ва қаерда дам олгансиз?”деган савол билан мурожаат қилдик.

Душанбелик Моҳира опа умрида хориж мамлакатлари санаторийларда дам олмаганини, аммо Тожикистондаги дам олиш уйларига бориб туришини айтади:

- Яқинда Ҳожа оби гармда бўлиб қайтдик. Яхши дам олдик. Лекин битта путёвка билан уч киши бир ҳафтадан дам олдик. Негаки етишмовчилик , пулимиз йўқ, - дейди Моҳира опа.

Тожикистон ичкарисидаги санаторийларнинг деярли бўм - бўшлигини Моҳирахон аксарият оилаларда мавжуд молиявий қийнчилик билан изоҳлади.

- Ҳозир одамлар дам олиш учун эмас,балки касалликдан тузалиш учун санаторийларга боради, булар ҳам мажбур бўлиб қолганлар,- дея қўшимча қилади аёл.

44 ёшли Элмурод ака эса Тожикистон санаторийлари халқаро стандартларга жавоб бермаслиги туфайли унга вақт ва пул сарфлашни истамаслигини айтади.

Суҳбатдошимиз сўнгги марта ўтган асрнинг 80 - йилларида Қора денгиз соҳилида дам олганини билдирди.

- Қора денгиз соҳилида дам олганман. Ҳозирги шароитда бунинг иложи йўқ, ҳамма нарса қиммат,етишмовчилик кўп. Шунинг учун дам олишнинг иложи йўқ.

Агар Союз давридагидек 100 сўм ойлик олсангиз-у ҳамма нарсангиз етарли ва ортиқча захирангиз бўлса, ёзда дам олиш мумкин. Ҳозир фақат болаларнинг яхши кийиб, яхши ейиши учун эрта - кеч меҳнат қилаяпмиз холос, - дейди Элмурод ака.

Рўзғор ташвишлари сабабли боши билан ишга шўнғиганини таъкидлаётган бу суҳбатдошимиз яқин келажакда ҳеч бўлмаганда қўшни мамлактлардаги яхши санаторийларда дам олишга кўзи етмаслигини айтиб куйинди.

Манзурахон эса Тожикистонда фуқаролик уруши бошланишидан сал аввалроқ Ўзбекистоннинг Шоҳимардонида дам олиб қайтганини билдирди.

- Шоҳимардон ва Йигитпиримларда мазза қилиб дам олса бўлади. Уларда шароити яхши. Лекин ҳозир йўл қийин, бу ёғи етишмовчилик. Ҳозир ҳамма бир тийин топса ўзини бозорга уради,- дейди Манзурахон.

93 ёшга кирган Бозор ота эса умрида икки марта Қозоғистондаги санаторийлардан бирида дам олганини, аммо ҳозирги шароитда у ёқларга бориш имконсизлигини айтади.

- Қозоғистондаги Ҳожа Аҳмад Яссавийда икки марта дам олганман. Жуда зўр жой. Ҳозирги замонларда у ёқларга қадам босиш жуда қийин. Чунки у вақтлар 17 сўм билан борар эдик. Энди 20 000 сомоний ( 4,5 минг доллар - таҳр,.) керак у ёққа бориш учун.

60 сомоний (тахминан 14 долар - таҳр,.) нафақа оламан. Бу пул уч кунлик овқатланишга етади. Шу ёшда бўлсам ҳам кетмон чопиб нон ейман. Дам олиш қаёқда,- дейди 93 ёшли отахон.

Бошқа бир суҳбатдошимиз 38 ёшли Нодирбек эса умуман санаторийларда бўлмаган экан.

- Шунисига ҳам шукур. Бир бурда беминнат нон топиб еяпмиз, мамлакатимиз тинч, минг қатла шукур,- дейди Нодирбек.
XS
SM
MD
LG