Линклар

Нафақа кечикса савдогар айбдорми?


Айрим хабарларга қараганда Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида ойлик маошлари ойлаб берилмаяпти.

Айрим хабарларга қараганда Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида ойлик маошлари ойлаб берилмаяпти.

Ўзбекистонда пенсионерларнинг нафақа пуллари ва ишчиларнинг ойликларини ўз вақтида ололмаётганига асосий айбдор сифатида савдо ходимлари кўрсатилмоқда.

Жорий йилнинг август ойи бошида Андижон вилоят хокимлигида ўтказилган йиғилишда 4 август ҳолатига вилоят бўйлаб ойлик маошлари ва пенсия пулларини тўлалигича бериш имкони бўлмагани ҳақида маълум қилинган.

Бу ҳақда Москвадаги “Regnum” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

“Regnum”нинг Андижон вилоят ҳокимлигидаги манбага таянган ҳолда ёзишича, вилоятда июл ойи мобайнида савдодан келадиган тушум пулларининг банкка топширилиши 92 фоизни ташкил қилган ва бунинг натижасида ойлик ва пенсия пуллари берилиши кечиккан.

Кейинги пайтда Ўзбекистон расмийлари мамлакатда ойлик ва пенсия пулларининг кечикиш ҳолатлари бўлаётганини инкор қилаётгани йўқ.

Ўзбекистон Марказий банки пул муомаласи департаменти ходими ҳам Озодлик радиоси билан суҳбатда мамлакатда нақд пул танқислигини тан олган. Лекин у бу ҳолатнинг юзага келишига банклар айбдор эмаслигини таъкидлади.

- Муаммо бор, лекин бу банк билан боғлиқ бўлмаган муаммо. Бу ерда банкларнинг айби йўқ. Бу пулнинг айланиши, пулнинг банк кассасига тушиши билан боғлиқ муаммо.

Нақд пулнинг банк кассасига ўз вақтида туширилиши таъминланмаяпти. Бу жойлардаги маҳаллий ҳокимиятлар, солиқ идоралари билан боғлиқ муаммо. Улар нақд пулнинг банкларга тушишини таъминламаяптилар.

Пул айланиши етарли даражада эмас. Бу ҳолат банк билан боғлиқ бўлганида эди, биз унинг чорасини кўриб, вақтида тартибга солиб қўярдик, - дейди пул муомаласи департаменти ходими.

Озодлик радиоси билан суҳбатлашган, бироқ овози ёзиб олинишини истамаган андижонлик савдо ходими ҳақиқатан ҳам кейинги пайтда банкларга аввалгига нисбатан кам пул топшираётганини айтиб, бунинг сабабини харидорлар сони камайгани билан изоҳлади.

Унинг айтишича, ойлик ва пенсия пулларининг кечикишида савдо ходимларини айблаш ўринсиз, чунки айнан ойлик ва пенсия пулларининг берилишида узилишлар бошлангач, унинг савдоси ҳам орқага кета бошлаган.

Мустақил кузатувчи Тошпўлат Йўлдошев пенсия пуллари кечикишида тушум пулларидан ташқари яна иккита омилни сабаб тарзида келтиради.

-Авваламбор Ўзбекистонда тадбиркорлик масштаби жуда ҳам қисқарган. Ишсизлик туфайли тушум пуллари жуда кам. Бу биринчи сабаб.

Иккинчи сабаб, Ўзбекистонда бошқа мамлакатларга қараганда ҳарбий пенсионерлар: милициядан, армиядан, махсус хизматлардан истеъфога чиққан ходимларнинг нисбати умумий пенсионерлар нисбатига қараганда 10 фоизни ташкил этади. Лекин уларнинг пенсиялари энг ками 300 минг, бир хиллари ҳаттоки 600 минг сўмгача пенсия олади. Шу 10 фоиз ҳарбий пенсионерларнинг оладиган умумий пенсияси пенсия жамғармасининг 60 фоизини қоплайди. Шунинг учун оддий пенсионерларга пул етмайди.

Учинчи масала, Ўзбекистонда ишсизлик туфайли, иқтисод яхши тараққий этмаганлиги, нарх-навонинг ошиши туфайли инфляция даражаси анча юқори. Ҳукумат сунъий равишда шу инфляцияни сақлаб қолиш учун нақд пулларни бермасликка ҳаракат қилади.

Мана шу учта омил туфайли пенсионерларга пенсиялари вақтида етказиб берилмаяпти, - дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Кимдир пенсия пуллари кечикишига айни омиллардан ташқари бошқа сабабларни ҳам келтириши мумкин. Лекин аниғи ўзбекистонлик пенсионерларнинг нафақа пуллари берилишида узилишлар бўлаётганига салкам бир йил бўлаяпти. Кейинги ярим йил ичида эса ойлик маошлари берилиши ҳам кечикаётгани кузатилади.

Озодликка маълум бўлишича, нақд пул камлигини рўкач қилаётган мутасаддилар ойлик маошлари ва пенсия пуллари беришнинг турли усулларини қўллашмоқда.

Энг биринчиси, пластик карточкалар.

- Болалар пулига пластик карточка бераяпти. Уни 15-20 фоизга алмаштираяпти. Унга ҳам пул бермайди¸ продукта беради, - дейди Сурхандарёнинг Музробод туманида яшовчи онахон.

Ойлик маош ёки пенсия пули беришнинг иккинчи усули пулни бўлиб – бўлиб бериш.

Жумабой Очилдиев: Июн ойиникини ололмаяпман. Ярмини берди¸ ярмини ҳали бергани йўқ.

Озодлик: Нимага ярмини берди?

Жумабой Очилдиев: “Пул йўқ. пул кам. Берсак¸ тўрт-беш киши билан тамом бўлади” дейди.

Озодлик: Ярмини бериш олдин ҳам бўлармиди?

- Олти ойдан бери шунақа бўлиб келаяпти. 25 минг¸ 15 минг¸ 5000 қилиб беради. Ҳеч нарса ололмайсизам, дейди сурхондарёлик Жумабой Очилдиев.

Учинчи усул бирор корхона ишчи-хизматчиларига айни корхона ишлаб чиқараётган маҳсулотларни ойлик маоши ўрнига бериш. Масалан, уй рўзғор асбоблари ишлаб чиқариш корхонасида ишлаган одам ҳар ойлигига қозон, капгир, ҳакондоз ёки қошиқ-вилка олиши мумкин.

Кейинги усул эса, uzmetronom.com сайти ёзишича, ойлик ёки пенсия пулларини тангада бериш.

Хоразмлик ўқитувчилар эса ойлик маошларини ҳар қанақа усулда бўлса ҳам олишга розилар, асосийси беришса бўлди. Боиси:

-Ўқитувчиларга ҳали март ва апрел ойининг ойлик маошлари берилмаган, - дейди хоразмлик бир суҳбатдош.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG