Линклар

Беш миллионлик бош эгаси ҳалок бўлди


Айрим покистонликлар Толибон раҳбари Маъсуднинг ҳалок бўлганига ишонмайдилар.

Айрим покистонликлар Толибон раҳбари Маъсуднинг ҳалок бўлганига ишонмайдилар.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жэймс Жонс покистонлик Толиблар етакчиси Байтуллоҳ Маъсуд ҳаво зарбалари оқибатида ҳалок бўлгани ҳақда ишонарли далиллар борлигини айтди.

Жаноб Жонс Маъсуднинг 5 август куни ҳалок бўлгани 90 фоизга амин эканини таъкидлади.

- Тўғрисини айтсам, менинг ўзим ҳам бунга тўлиқроқ ишонч хосил қилишни хоҳлардим.

Лекин Маъсуднинг ўлдирилганини 90 фоиз аниқ деса бўлади. Бу хабарни Покистон ҳам тасдиқлади.

Гарчи Маъсуднинг қабиладошлари буни инкор этаётган бўлишса-да, биз ишонарли даллилларга эгамиз, - деди Жэймс Жонс.

Покистон расмийлари мамлакатдаги Толибон ҳаракати етакчиси Байтуллоҳ Маъсуд чоршанба куни амалга оширилган ҳарбий амалиётлар чоғида ўлдирилган бўлиши мумкинлигини билдирган эди.

Исломобод расмийларига кўра, чоршанба куни Жанубий Вазиристонда АҚШнинг учувчисиз бошқариладиган учқичлари ёрдамида берилган ҳаво зарбаларида Байтуллоҳ Маъсуд, унинг турмуш ўртоғи ва бир нечта тан соқчиларининг ўлдирилган.

Покистон Ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший Толибон етакчисининг ўлдирилганини тасдиқлаш мақсадида бир гуруҳ расмийлар Жанубий Вазиристонга сафар қилганини билдирган эди.

- Мендаги ва хавфсизлик идорасидаги маълумотга кўра, Байтуллоҳ Маъсуднинг ўлдирилгани тўғрисидаги хабарларга ишонса бўлади ва айни пайтда биз бу хабарни воқеа жойидан тасдиқлашга уринмоқдамиз. Бироқ, мендаги маълумотларга кўра, бу ишончли хабардир ва Толибон етакчиси ўлдирилган, - деб айтган эди Покистон Ташқи ишлар вазири.

Айни пайтда Покистон расмийлари Толибон етакчисининг дафн қилиб бўлингани тўғрисида ҳам хабар тарқатдилар. Покистон кўчаларида эса, Байтуллоҳ Маъсуд ўлими ҳақида бир бирига зид хабарлар тарқалган.

- Айримлар унинг ҳали ҳам тирик эканини гапирмоқда, бошқалари ҳалок бўлган демоқда. Газеталар ҳам Маъсуднинг ҳалок бўлгани ҳақда хабарлар тарқатди. Кимга ишонишни ҳам билмаймиз, - дейди покситонлик Муҳаммад Иршод.

Исломободдаги банк ходимларидан бири Муҳаммад Хофиз эса Байтуллоҳ Маъсуд ўлдирилгани тасдиғини топган тақдирда ҳам бундан умумий вазият ўзгармаслигини айтади.

- Мамлакатда терроризмни таг - томири билан йўқ қилмас эканмиз, Байтуллоҳ Маъсуд ўлими ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Уни ўрнига ўнта Байтуллоҳ келиши мумкин, - дейди Муҳаммад Хофиз.

Байтуллоҳ Маъсуд сўнгги йиллар давомида Покистон бўйлаб бир неча ҳужумлар содир этган “Теҳрики-Толибон” гуруҳига етакчилик қилган. Покистоннинг олдинги ҳукумати Маъсудни 2007 йил декабрида собиқ бош вазир Беназир Бҳуттога суиқасд уюштиришда айблаган. АҚШ ҳукумати Байтуллоҳ Маъсуд боши учун 5 миллион доллар мукофот пули ваъда қилган.
XS
SM
MD
LG