Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:46

Қарор кўп, ижро йўқ


Ўзбекистон ҳукуматининг бола меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш тўғрисидаги қарорлари мавжудлигига қарамай, мамлакатнинг барча ҳудудларида балоғатга етмаганларни пахта далаларида учратиш мумкин.
Ўзбекистон ҳукуматининг бола меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш тўғрисидаги қарорлари мавжудлигига қарамай, мамлакатнинг барча ҳудудларида балоғатга етмаганларни пахта далаларида учратиш мумкин.

Ўзбекистон Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарлари ёши 18га тўлмаганларнинг меҳнатидан фойдаланиш таъқиқланган ишлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Икки вазирлик ҳамкорликда қабул қилган қарорда айтилишича, мазкур ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 12 сентябридаги қарорини амалга ошириш мақсадида қабул қилинган.

Ўша қарор эса, Ўзбекистон Республикаси ратификация қилган “Ишга қабул қилиш учун минимал ёш тўғрисида”ги ҳамда “Болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларини таъқиқлаш ва уларга барҳам бериш юзасидан шошилинч чоралар кўриш тўғрисида”ги конвенцияларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор эди.

Мавзу юзасидан саволларимизга на Меҳнат вазирлигидан ва на Соғлиқни сақлаш вазирлигидан жавоб берадиган одам топа олдик ва масала тарихини мустақил ўргандик.

Маълум бўлишича, 18 га тўлмаганлар қилиши мумкин бўлмаган ишлар рўйхати биринчи марта тузилаётгани йўқ.

Бундай рўйхат дастлаб 1996 йилнинг майида, сўнгра 2001 йилнинг июнида тузилган, куни кеча - 8 августда кучга кирган рўйхат аввалгисининг янгилангани холос.

Демак, янги гап эмас. Шундай бўлсада, аслида ўта долзарб гап.

Қўлимизда 2001 йилги рўйхат. (8 август куни кучга киргани ҳам аввалгисидан кескин фарқланмаса керак.)

Рўйхатни кўздан кечирар экансиз, бу дунёда касб-кор ҳам кўп эканда, деб ҳайратга тушасиз.

Тегирмон машинисти, занжир синовчиси, синовчи чилангар, уруғчи, сиқувчи, каустификатор, жун ювувчи, новвой, холвапаз ва ҳоказо, ва ҳоказо. Айтилганлар – ишлар.

Бу ишлар учун 18 га тўлмаганлар ёлланмаслиги керак.

“Хина” ва “Басма” бўёқларини қадоқлаш билан ҳам 18 га тўлмаганларнинг шуғулланишини Меҳнат ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари таъқиқлаб қўйган.

Умуман, рўйхат жуда катта: фаолият соҳаларининг ўзи 34 та. Масалан, рўйхатнинг 34-инчи бандида 150 дан зиёд касб-ҳунар номи берилган.

Рўйхатнинг 16-инчи банди “Сопол маҳсулотлар ишлаб чиқариш”", деб номланган.

Бу банддан кулоллик билан боғлиқ 28 хил ишга 18 га тўлмаганларни жалб этиш мумкин эмаслиги аён бўлади.

Хўш, амалда қандай?

Гап кулолларга келиб тўхтаган экан, келинг кулоллар юртидан - Фарғонанинг Риштонидан эшитайлик.

Исмини айтмаслигимизни сўраган риштонлик билан мана бундай савол-жавоб қилдик:

- Бизда бунақа ëш болалар кулолчилик жойларида ишлашади.

Озодлик: Ëш болалар деганда 18 га кирмаганларни назарда тутаяпсизми?

- Балоғат ëшига етмаган йигит ва қизларни назарда тутаяпман.

Озодлик: Нима ишлар қилишади?

- Қизлари бўлса¸ кулолларнинг қолиплари бўлади-а¸ қолипларини ташишади.

Озодлик: Қолипларнинг оғирлиги қанча?

- Пиëланики бор¸ лаганники бор¸ косаники бор¸ оғирлиги ҳар хил. Энг ками ярим кило бўлиши мумкин. Лекин бир кило чиқадигани ҳам бор. Катта лаганларники бир кило¸ ҳатто ундан ортиқроқ ҳам чиқади. Агар 1000 та қолип ташиса¸ бир кунда бир тонна ташийди.

Ўғил болалар¸ лойларни пишитиш бўлади¸ зувала олиш бўлади¸ кимдир лойни пишитиб¸ муштдай-муштдай зувалаларни тайëрлаб туради. Сал оғирроқ. Қизларникига нисбатан оғирроқ ишларни ўғил болалар қилишади.

Озодлик: Гап 18 га кирмаганлар ҳақида кетаяптида-а?

- Ҳа. Каттароғи каттароқ ишларни қилишади. Кулолчилик дегани бу – битта цех-да, йўқ деганда 10-15 нафар киши ишлайдиган жой. 15 нафарнинг бештаси 18 дан катта ëш¸ дейди риштонлик.

Қолгани эса, 18га кирмаганлар, деди риштонлик.

Суҳбатдошимиз айтган ишларни таъқиқланган ишлар рўйхатига солиштирдик: рўйхатда уларнинг бари бор.

Таъқиқланган ишлар рўйхатида “18 га кирмаган бола бозорда арава судрамасин”, дейилмаган.

Лекин рўйхатнинг энг сўнгги қаторида умумий қилиб, “ўсмирлар учун белгилаб қўйилган меъёрлардан ортиқ юкларни кўтариш ва жилдириш билан боғлиқ ишларнинг барчаси”, деб қўйилган.

Сирдарёлик Ҳакимжон ака 18 га кирмаганларнинг ишлаётганларини ҳар қадамда кўриш мумкин, дейди.

Ҳакимжон ака: Атрофимизда масалан¸ бозорларда кўраман. Бозорда ëш болалар арава судрайди¸ кўпинча юк кўтаради¸ юк туширади¸ юк ортади.

Озодлик: Новвойхонада нон ҳам ëпадими?

- Ҳа¸ ëпади¸ дейди сирдарëлик Ҳакимжон ака.

Рўйхатнинг 25-инчи бандида “Бевосита тандир олдида ишлайдиган новвой”, деб ёзиб қўйилган.

Демак, 18 га кирмаган боланинг тандирга “кириб-чиқиши” таъқиқланган.

Бугунги лавҳамизга икки кишинигина жалб этиш билан чекландик. Тақиқланган ишлар билан 18 га кирмаганлар шуғулланаётгани тўғрисида ҳар бир ўзбекистонлик айтиб бериши мумкин.

Бас шундай экан, унда нима кераги бор, бундай рўйхатнинг?

Бу саволга оддий сирдарёликнинг жавобини эшитинг:

- Ривожланмаган мамлакатларнинг қаторидан қолмаслик учун шундай қарорларни қабул қилади.

Озодлик: Шунақа қарорлар қабул қилиб қўйса¸ ривожланган мамлакатлар қаторига кириб қоладими?

- Билмаган¸ ўқимаган одам “Ўзбекистон ҳам шуни қабул қилибди” деб ўйлайдида. Кўп одам бу ерни билмайдику. Китобда кўради ëки келганда мана шундай қарор қабул қилдик деб тушунтиради¸ дейди оддий сирдарëлик.

Боядан бери ҳамма гапни айтдигу 18 га кирмаганларнинг пахта теримида ишлатилиши тўғрисида индамадик.

Бу иш рўйхатнинг 28 бандида аниқ-тиниқ қилиб таъқиқлаб қўйилган.

Амалдачи?

Чўзайми гапни?
XS
SM
MD
LG