Линклар

Озодликка тингловчи ва муштарийлардан бўлаëтган қўнғироқлар¸ йўлланаëтган SMS хабарлар асносидаги суҳбатларда яна турфа мавзулар¸ турфа мулоҳаза ва истаклар жамланди.

Илк суҳбатдошимиз Хоразмдан. Суҳбатдошимиз 10 йилдан бери ўғлига тегишли ер участкаси бошқалар томонидан эгаллаб олинганидан нолиди.

- Мен Йўлдошев Ўразматман. Хоразмдан. Президент номига¸ МХХ раҳбари Иноятов номига ариза йўллаган эдим. Уведомление келди¸ лекин ҳеч бир жавоб хати ëки текшириш йўқ. Бу нима ҳақда?

Мен 1999 йил 25 ноябрда 39 сонли қарорга асосан ўғлимга жой ўрни олган эдим. Бир қўшнимиз ўзининг ер участкасининг бир қисмини сотиб¸ бизнинг ўғлимизнинг ерига жой солди. Шу ҳақда мен арз қилган эдим. Менда тўрт-беш суднинг қарори бор.

Бу қўшнимиз 25 йил қамалган одам¸ ҳеч нарсани эшитмайди. Ҳокимиятга ҳам бўйсунмайди¸ судларга ҳам қулоқ солмайди. 10 йилдан бери мен ҳамма ерга арз қилдим. Ҳеч ким келиб текширмайди¸ натижа йўқ. Биз 300 квадрат метр ерда ўтирибмиз¸ улар эса 350 квадрат метр ерни эгаллаб ўтирибди. Мен нима қилишни ҳам билмайман. Мен шуни сизларга айтай деб телефон қилган эдим¸ - дейди хоразмлик тингловчимиз.

Бизга Тошкентдан қўнғироқ қилган суҳбатдошимизни эса Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари хавотирга солмоқда.

- Ҳозир Медведев “Россия фуқароси қаерда бўлишидан қатъий назар биз уни ҳимоя қиламиз” деяпти. Охирги пайтларда Ўзбекистонда яшаëтган кўп фуқаролар ҳам Россия фуқаролигини олаяпти. Энди тасаввур қилинг: Россия МДҲ мамлакатларидаги фуқароларга Россия фуқаролигини беравериб¸ эртага бир кун бир нарса бўлса¸ “Биз фуқароларимизни ҳимоя қилаяпмиз” ëки бошқа нарса деб бир нималар ўйлаб топиши мумкин. Бунинг учун нима қилиш керак? Биз ҳам бир билдириб қўйишимиз керак.

Россия жуда ҳийлакор сиëсат юритадиган мамлакат. Биз ҳушëр бўлишимиз керак. Мен инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари¸ бир гуруҳ ташкилотлар Россия элчихонасининг ëнида пикет уюштиришининг тарафдори бўлардим. Ўзбекистон ҳукумати бу нарсага қарши¸ бу нарсага норози¸ бу нарсага ҳеч қанақа эҳтиëж йўқ¸ бу нарса давлатлар ўртасига путур етказиши мумкин деган даъволарни илгари суришимиз мумкин.

Қаранг¸ Ўзбекистонда яшаëтган кўпгина одамларга Россия фуқаролигини бериб ташлаяпти. Мен паспорт столига ўзимнинг шахсий ишим бўйича борганимда¸ кўпгина вилоятли ватандошларимнинг Россия фуқароси эканлигини кўриб ажабландим.

Юз тузилиши осиëлик бўлганлар ичида Россия фуқаролари жуда кўпайиб кетаяпти. Бу бир томондан яхши. Россияда бўлиб ,ўзбекларнинг бутун дунëга тарқайвергани яхши. Лекин бунинг иккинчи томони бор. Бирор шахс фуқаролиги бўлмаган давлатда яшаса¸ у ўша давлат учун хавф туғдиради. Нима демоқчиман?

Мисол учун Ўзбекистонда юрган Россия фуқароси бизлар учун хавф туғдиради. Тушунаяпсизми? Мана Осетияда ҳам худди шу нарса бўлди. Шунинг учун Ўзбекистонда фақат бир фуқаролик. Икки фуқаролик мумкин эмас. Лекин ҳозир мана шунақа нарсдаалр кўпайиб кетаяпти. Бу яхшиликка олиб келмайди¸ - дейди бу тингловчимиз.

Мана бу тингловчимиз эса Ўзбекистон келажагининг буюк эканига шубҳа билдирди.

- “Ўзбекистон келажаги буюк давлат” дейди. Мен умуман буюк давлатлигига ишонмайман. Сабаби¸ энди мустақил бўлганимизда¸ ҳурматли президентимиз президент бўлганида¸ Муҳаммад Солиҳ ҳам номзодини қўйдику¸ мен ўшандан олдин ҳам бу президентга ишонмас эдим.

Мен Қашқадарë вилояти Шаҳрисабз шаҳрида тураман. Менинг бир бўлам иккита молини сотиб Россияга кетди¸ аммо бир молининг ҳам пулини ишлай олмади. Роса қийналганидан кўзи кўр бўлиб қолди. Биттасидан хат келган эди. “Болангизнинг мазаси йўқ. Олиб кетинглар” деган мазмунда эди. У ҳам ўша ëқда ўлиб кетди. Қаерга кўмилган¸ нима бўлган ҳеч ким билмайди.

Ундан кейин ҳам бир киши ўлди. Пул йиғиб¸ уни олиб келишди. Оддий бир қишлоқдан тўрт киши ўлгандан кейин¸ Ўзбекистон бўйича минглаб қишлоқ¸ юзлаб шаҳар тўғрими? Бу миллионларни ташкил қилмаса ҳам уруш пайти ҳам бу даража бўлмаган демоқчиман-да¸ -дейди бу тингловчимиз.

Озодликка бўлаётган кундалик телефон қўнғироқларининг айримларинигина эътиборингизга ҳавола қилдик.

Марҳамат, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG