Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:15

ЎИҲчилар ови давом этмоқда


Тожик расмийлари тарқатган маълумотларга кўра, йил бошидан буён мамлакатга Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг 20 га яқин аъзои қўлга олинган.
Тожик расмийлари тарқатган маълумотларга кўра, йил бошидан буён мамлакатга Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг 20 га яқин аъзои қўлга олинган.

10 август куни Душанбе яқинидаги қишлоқларнинг бирида Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идора ходимлари олиб борган махсус амалиёт натижасида Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларидан бири ўлдирилди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати масъули Муҳаммаджон Назриевнинг билдиришича, ЎИҲ аъзоси Шавкат Юсуповни тутиш амалиёти вазирликка етиб келган ахборот асосида Душанбе атрофидаги Рудакий туманининг Арбобхотун қишлоғида ўтказилган.

- Арбобхотун қишлоғидаги хонадонларнинг бирида яширинган Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзоси, исфаралик Шавкат Юсупов Ички ишлар вазирлигига қуролли қаршилик кўрсатгандан кейин маҳв этилди. Таъқиқланган ташкилот тузиш, ноқонуний қуролли гуруҳга алоқадорлик ва уюшган жиноятчиликка қўшилганликда айбланган Юсупов узоқ йиллар давомида халқаро қидирувда эди, деди вазирлик расмийси.

Муҳаммаджон Назриевга кўра, воқеа жойидан Калашников автомати ва портловчи моддалар топилиб, мусодара қилинган. Шу билан бирга, Юсупов яширинган хонадондан экстремистик руҳдаги адабиётлар ҳам топилган.

Вазирлик масъули айни пайтда бу ҳудудда Шавкат Юсупов билан яқин ҳамкорлик қилиб келган Ўзбекистон исломий ҳаракатининг яна бир аъзосини тутиш тадбири давом этаётганини билдирди.

Тожикистон ички ишлар вазирлиги миллий хавфсизлик ходимлари билан Тавилдарада олиб борилган махсус амалиёт чоғида Ўзбекистон исломий ҳаракат аъзоларининг кўпчилиги қўлга олингани ва улардан айримлари ўлдирилганини маълум қилган эди.

Тавилдара амалиётларида ўлдирилган Тожикистон фавқулодда ҳолатлар собиқ вазири Мирзо Зиёев ва унинг яқинларидан бири Неъмат Азизов шулар жумласидандир.

Аммо бу мамлакат шарқидаги аксилтеррор амалиётларида Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларининг жами неча аъзоси қўлга олинганига доир аниқ маълумотлар йўқ.

Бироқ, расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда шу йил бошидан буён ЎИҲнинг 20 га яқин аъзоси қўлга олинган.

Айни пайтда Ўзбекистон Исломий ҳаракати лидери Тоҳир Йўлдош ўтган ой Озодликнинг тожик шўъбасига юборган аудиоёзувида Тавилдарадаги воқеаларга ЎИҲнинг мутлақо алоқаси йўқлиги, Мирзо Зиёев ҳам Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзо эмаслиги ҳақида таъкидлаганди.
XS
SM
MD
LG