Линклар

logo-print

Қирғизлар ўзбек гази арзонлашидан умидвор


Таҳлилчилар фикрича, минтақадаги ҳозирги ижтимоий-сиёсий вазият Тошкентни газ нархини қайта кўриб чиқишга мажбур қилиши мумкин.

Таҳлилчилар фикрича, минтақадаги ҳозирги ижтимоий-сиёсий вазият Тошкентни газ нархини қайта кўриб чиқишга мажбур қилиши мумкин.

Тошкентда Қирғизистон делегацияси мамлакатга берилаётган ўзбек гази нархини арзонлатиш масаласида музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда қирғиз матбуоти хабар тарқатди.

Қирғизистон саноат ва энергетика вазири Илёс Давидовнинг айтишича, томонлар Ўзбекистон билан газ борасида тузилган шартномани ҳар олти ойда янгилаб турилишига келишганлар. Айни кунларда қирғиз делегацияси Тошкентда 2009 йилнинг иккинчи ярим йиллиги учун газ сотиб олиш борасида музокаралар олиб бормоқда.

Вазирнинг айтишича, қирғиз тарафи иккинчи ярим йиллик учун сотиб олинадиган газ нархини арзонлатиш масаласини кўтармоқда.

Бишкеклик сиёсатшунос Марс Сариев фикрича, қирғиз ва рус раҳбарияти томонидан Қирғизистонга Россиянинг яна бир ҳарбий қисми жойлаштирилиши ҳамда “Қирғизгаз” ширкати акцияларининг 88 фоизини “Газпром” сотиб олиши тўғрисидаги меморандумларнинг имзоланиши натижасида Ўзбекистон газ нархини туширишга мажбур бўлади.

- Геосиёсий нуқтаи назардан қаралганда Ўзбекистон газ баҳосини оширмаслиги керак. Бу Қирғизистоннинг янада Россия пинжига киришига сабаб бўлади. Минтақада лидерлик даъвосини қилаётган Ўзбекистон бунга йўл қўймайди. Чунки Қирғизистон ҳудудида Россия ҳозирлигининг кучайиши Ўзбекистон таъсирини сусайтиради, деди сиёсатшунос Марс Сариев.

Бишкеклик айрим мутахассислар ва иқтисодчилар ҳам бу фикрга қўшиладилар. Мустақил таҳлилчи Жумақодир Акенеев фикрича, агар Ўзбекистон Қирғизистонга арзон баҳода газ сотишдан воз кечса, бу ишни “Қирғизгаз” ширкатини сотиб олаётган “Газпром” амалга оширади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон томони иккинчи ярим йилликда Қирғизистонга сотиладиган газ нархини камайтириши мумкин.

Мустақил таҳлилчига кўра, масаланинг иккинчи жиҳати ҳам бор.

- Бу йил Тўқтўғул сув омборидаги сувнинг тақчиллигига қарамай, Ўзбекистон эҳтиёжи учун талаб қилинадиган 5,5 миллиард кубометр сувни бераяпмиз. Бу ҳам музокаралар жараёнига таъсир кўрсатиши мумкин, дейди мустақил таҳлилчи.

Бироқ “Қирғизгаз” ширкати раҳбари ўринбосари Қубан Мирзақановнинг айтишича, газ баҳоси пасайиши ҳақида гапиришга ҳали эрта. Чунки Ўзбекистон нархни белгилашда Россияга сотаётган газ баҳосидан келиб чиқади.

- Россия ўзбек газини ярим йил бир баҳода, кейинги ярим йилликда эса бошқа бир нархда сотиб олади. Россия газни 270 доллардан, кейинги ярим йилликда эса 210 доллардан сотиб олади. Йиллик нарх эса, умуман олганда, ўртача 240 доллар атрофида бўлади, деди Қубан Мирзаканов.

Қирғизистон уч йил аввал Ўзбекистон газининг ҳар минг кубометрини 45 доллардан сотиб олар эди. Кейинги йилларда бу нарх 100, 145 долларгача кўтарилди. 2009 йилдан бошлаб эса ўзбек гази Қирғизистонга 240 доллардан сотила бошлаган.
XS
SM
MD
LG