Линклар

logo-print

Карточкали айирбошлаш

  • Садриддин Ашур

Банкоматлари бўлмаган ўзбек қишлоқларида пластик карточкадан фойдаланиш айниқса катта муаммога айланган.

Банкоматлари бўлмаган ўзбек қишлоқларида пластик карточкадан фойдаланиш айниқса катта муаммога айланган.

Ўзбекистонда маоши 100 фоиз пластик карточкага ўтказилган бюджет ташкилоти ходимлари иш ҳақларини нақдинага айлантириш учун турли усулларни ўйлаб топишга мажбур бўлмоқдалар.

Пластик карточкалар билан боғлиқ бугунги ҳолатни ўрганишни пойтахт Тошкентдан бошладик. Суҳбатдошларимизнинг айтишларича, фақат маош билан тирикчилик қиладиган одамлар учун пластик карточкалардаги пулни накд қилишнинг қонуний имкони йўқ. Шунинг учун улар супермаркетларда туриб, катта харажат қиладиган одамларни пойлашади:

- Мана бизнинг иложимиз йўқ¸ қиммат бўлса ҳам супермаркетлардан олаяпмиз. Лекин шунақа қўшниларимиз бор¸ улар олишолмайди ва супермаркетда пойлоқчи бўлиб туришади. Бизда “Demir” деган туркларнинг супермаркети бор. Кеча мен қўшнилардан сўрадим. “Шу ëққа бориб турамиз”, дейишди. Кимдир катта харажат қилаëтган бўлса¸ олдига югуриб борамиз ва “давай¸ сен бизга пулингни бергин, биз сен учун пластик карточкадан тўлаб берамиз, қанақадир қисмини сенга қолдирамиз”, деб айтамиз. Ўша харажат қилган одамга 1000-2000 сўм қолдиришаркан. Шунақа қилиб¸ нақд пул қилишаяпти¸ дейди тошкентлик суҳбатдошимиз.

Чунки, тошкентлик Дилбар опанинг айтишича, одамларнинг бошқа иложи йўқ. "Масалан, - дейди у, - қурилиш материаллари бозорида пластик карточка билан ишлайдиган терминалларнинг ўзи йўқ".

- У ерда банкоматлар йўқ ҳали. Бир-иккита катта супермаркетларда бор¸ лекин нархлари... Мана, кеча мен супермаркетдан гўшт олдим. Мен шу гўштни бозордан 7500 сўмдан олишим мумкин эди¸ лекин мен супермаркетдан 10 минг сўмдан олиб келдим.

Айтаяпман-ку¸ ҳеч қаерда ўтмайди. Ундан автобус олмаса¸ такси олмаса¸ аптекага кирсангиз¸ олмаса. Шунчаки, одамларнинг қўлига бериб қўйган. Бизлар-ку майли – шаҳарда турамиз. Масалан¸ менинг қариндошларимнинг ҳаммаси қишлоқда туришади. Улар бу нарсани нима қилиш кераклигини умуман билишмайди¸ дейди Дилбар опа.

Лекин қишлоқлик ўқитувчилар пластик карточкалардаги пулларни нақдига айлантириш йўлини топган кўринади. Бироқ ўз зарарига. Масалан, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида ўқитувчи бўлиб ишлаётган Ҳосилбой аканинг айтишича, пластик карточкадаги пулнинг 10 фоизи ҳисобига уни нақдига айлантириш мумкин:

Ҳосилбой ака: Масалан¸ ойликнинг 30 ëки 40 фоизини олиб қолади. Кейин пластик карточка беради. Уни ололмайсиз. Уни кейин бировга олиб борасиз. У: “Шунчасини берсанг¸ нақд қилиб бераман”, дейди. Масалан¸ “10 фоизни берсанг¸ бераман”, дейди. Бу дегани 100 мингдан 10 минг деганида.

Озодлик: Бу 10 фоизга хизмат қиладиган жой қаерда?

- Булар – бензин сотадиган колонкалар¸ ароқ сотадиган жойлар ва ҳоказо. Яна продукта сотадиган жойлар бор. Банкда умуман бермайди¸ дейди Ҳосилбой ака.

Жиззах туманининг Дўстлик туманидаги корхоналардан бирида ишлаётган Баҳодир эса тўрт ойдан бери маошларнинг 100 фоизи пластик карточкаларга ўтказила бошлангани учун ҳам асосий озиқ-овқатлар, яъни картошка¸ пиëз¸ гўшт ва бошқа нарсаларни олишда қийин аҳволга тушиб қолганларини гапиради. Лекин излаганга толе ёр деганларидек, Баҳодирнинг айтишича, ҳар ким ҳар қандай йўл билан бу боши берк кўчадан чикишга ҳаракат қилмоқда:

- Бизга энг қийини картошка¸ пиëз¸ гўшт бўладиган бўлса¸ унга ҳам ўзимиз йўлини топганмиз. Мисол учун, менинг ўзимнинг биттта-иккита танишларим бор. Шулар орқали йўл четида сув сотиб ўтирадиганлар бор-ку¸ биз ўшани пластикка оламиз-да уларга олиб бориб берамиз. Масалан¸ бир-икки блок 10-15 минг бўлса¸ улар бизга ўша пулни беради¸ биз уларга ўша айтган нарсасини олиб бориб берамиз. Шунақа қилиб алмаштирамиз. Энди барибир йўлини излаймиз. Бошқа иложимиз йўқ-ку¸ дейди Баҳодир.

Кузатувчиларнинг айтишларича, маошларни пластик карточкаларга ўтказилиши мижознинг ихтиёри билан амалга оширилиши керак. Бу нарса унга қулайлик учун яратилиши керак аслида. Лекин қашқадарёлик Ҳосилбой ака ҳозирги ҳолатни қулайлик, деб ҳисобламайди:

- Бу умуман қулай эмас. “Олмайман”¸ деганларга уриб-тепиб¸ “тепанинг буйруғи” деб айтади-да. Халқ олмай нима қилади¸ дейди Ҳосилбой ака.

Хўш, нега бўлмаса маошлар мижозларнинг қаршилигига қарамай, пластик карточкаларга мажбуран ўтказилаяпти? Истеъмолчининг ҳуқуқи қаерда қолди?

Биз ана шу саволларни Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти вакилларига бердик. Саволларимизга мутахассис Умарбек Ҳакимов жавоб берди.

Озодлик: Ҳозир Ўзбекистонда кўп корхоналарда¸ мактабларда пластик карточка мажбуран берилаяпти экан. Шунинг процедурасини билмоқчиман. Бу мажбурийми ëки ихтиëрийми?

Умарбек Ҳакимов: Истеъмолчи ҳуқуқи нуқтаи-назаридан бунга ҳеч ким мажбур қила олмайди.

Озодлик: Агар сизларга шундай одамлар мурожаат қилишса¸ сизлар чора кўрасизларми?

Умарбек Ҳакимов: Бунга лекин қонуний чоралар белгиланмаган.

Озодлик: Қандай қонуний чора белгиланмаган? Истеъмолчининг истеъмолчилик ҳуқуқи поймол бўлаяпти¸ маошини...

- “Шуни тўхтатгин¸ шуни қилмагин” деб бизлар кўрсатма берамиз¸ дейди Умарбек Ҳакимов.

Демак, мутахассининг айтишича, жамият камчиликларни бартараф қилиш учун ўша ташкилотга фақат кўрсатма беради экан, холос. Аҳолини пластик карточкалар билан таъминлаётган Ўзбекистон Марказий банкидан эса бу ҳақда маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG