Линклар

logo-print

Cирдарёлик қурувчи йигит ўзи ва иш берувчи ўртасида бир неча йил давом этган, пировардида прокуратура ҳам, суд ҳам ҳал қилиб бермаган можаро ҳақида ҳикоя қилди. Яхшироқ эътибор берилса, бунда 40 йиллик тарих - тақдир мужассам бўлгани аёнлашади.

Танишув

Насриддинов Обидман. Сирдарë тумани¸ "Малик" ширкатлар уюшмасининг Усмон Юсупов маҳалласиданман. Бир ўғлим¸ бир қизим бор. Ëшим 40 дан ўтди. 1968 йилда туғилганман. Одамларнинг уйида ишлайман. Ким менга: “Томимни ëпиб бер¸ у ишимни қилиб бер¸ бу ишини қилиб бер” деса¸ шунақа ишлар қилиб юраман. Шу билан тирикчилик қиламан¸ оиламни боқаман.

Умр баëни

1985 йилда мактабни битириб¸ устанинг қўлига шогирдликка бордим. “Эшик¸ дераза ясайман” деб ўзимга касб-ҳунар қилиб олдим. Кейин армияга кетдим. Армиядан келиб ишга кираман десам¸ “у ерда иш йўқ¸ бу ерда иш йўқ” дегандан кейин ўзим мустақил ишлайдиган бўлдим. Иш қидириб¸ иш сўраб юрибмиз мана ҳозиргача.

Иш излаб

Бизда 1000-2000 сўмга ишласангиз¸ масалан, Қозоғистонга чиқсангиз, ўша пулингиз 10-15 минг бўлади. Масалан¸ бўйнимизда қарзимиз бор. Уй олганмиз¸ ҳовли қилганмиз. Акамга ҳам ҳовли қиламиз¸ четга ишга чиқмоқчи бўлдик. Фахриддин деган инсон келиб: “Мана шу ерда иш бор. Бирларинг икки бўлади. Яхши ойлик тўланади. Менинг оғайнимники¸ яхши иш. Уйнинг бетонини қуясизлар¸ томини ëпасизлар. Сизларга бизнинг Ўзбекистонга қараганда уч-тўрт баробар кўпроқ беради. Овқат¸ ëтиш тўғрисида умуман ўйланманглар” деб айтиб¸ бизни таможнягача олиб бориб қўядиган бўлди. Таможняда бизни у одамлар кутиб оладиган бўлди.

Қозоғистонда

Биз ўтдик. Паспортларимиз Ўзбекистондан ўтгандан кейин йиғиштириб олинди. Еттисойга¸ Қораке қишлоғига ишга борганимизда¸ ишни договор қилдик. Ўша пайтда ишимиз бизнинг пулга олти миллион 300 минг бўлди. “Бисмиллоҳ” деб ишни бошладик. Бошлаганимиздан кейин уч-тўрт кун яхши қаралди. У ëғига эсига тушса, овқат берарди¸ эсига тушмаса, йўқ. Тонготарда иш бошлардик¸ кечқурун шомда қайтардик. Иш бўлмаган кунлари далага бориб ишладик. “Нима иш бўлса¸ қилаверинглар. Пулларингни бераман¸ оласизлар”, деди.

Ҳайдалиш

Иш ниҳоясига етди. Том ëпилди. “Бу ëғига материалимиз йўқ. Энди ëғингарчилик¸ пахта терими бошланади. Сизларни ким жўнатган бўлса¸ ўшандан пулни оласизлар. Чиқиб кетасизлар. Йўлкира йўқ. мана паспорт” деди. Уйга келдик. Келган кунимизнинг эртасига Фахриддинга бориб айтган эдик: “Бўлди¸ мен сизларнинг пулларингизни олиб бераман” деди. Ўшандан бери бориб сўраймиз. “Бўлди”¸ дейди¸ “Эртага” дейди. Шундан бери икки йил ўтиб кетди.

Адолат излаб

Орадан икки йил вақт ўтгандан кейин “Мурожаат қиламиз” дедик. Прокуратурага мурожаат қилдик. Прокуратура беш ой терговни олиб борди. Терговга фақат биз чақириламиз¸ уни кўрмаймиз. Борамиз¸ савол-жавоб бўлади¸ қайтамиз. Ўзи ишламаймиз. Охири терговчидан “135-модда билан жиноят иши очган эдик, терговга далиллар етмаганлигидан иш ëпилди”, деган хат келди. Кейин “судга ўтди” деди. Биз ҳам тушунмай қолдик: бу ëпилдими ë судга ўтдими? Терговчидан сўрасак: “Мен судга ўтказиб юборганман. Энди бу ишни бориб суд билан ҳал қиласизлар. Уйда кутиб ўтиринглар¸ суд чақиради”, деди. Бир ой кутдик¸ суд бўлмайди. Кейин бориб сўрасак¸ “Қайси иш билан?” дейди. Биз “Нуриев Фахриддин” десак¸ “Биз унақа одамни билмаймиз” дейди. Кейин Еттисой туманидаги одамни билсак¸ жиноят иши ўшанга очилган экан.

Қозоғистонлик иш берувчи амнистияга тушди

Икки нафар боласи борлиги учун прокурор “Амнистия берилсин” деб илтимоснома киритибди. Биз ишлаган бўлсак¸ меҳнат қилган бўлсак¸ бизнинг пешона теримиз ҳам йўқ¸ у киши амнистияга тушиб кетаяпти.

Воситачи жавобгарликка тортилмади

Бизни ўша ерга олиб бориб жойлаштирган¸ “Ишонмасангизлар¸ мана пулларингизни олиб бераман. Олиб бера олмасам¸ мана машинам бор. Машинамни миниб кетаверасизлар” деган одам энди бўйнига ҳеч нарса олмаяпти. “Мен сизларни танимайман¸ билмайман” деяпти. Тўғри¸ унинг пули бор¸ ҳамма нарсаси бор. “Ўзбекистонда қорни тўқ бўлса¸ хоҳлаган нарсасини қилаверадими?” деган андишадамиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG