Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:45

Тошкентда пахтакорчилар хотирланди


1978 йилги СССР чемпионати. Бокунинг "Нефтчи" ва Тошкентнинг "Пахтакор" командалари ўйини.
1978 йилги СССР чемпионати. Бокунинг "Нефтчи" ва Тошкентнинг "Пахтакор" командалари ўйини.

11 август куни Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида бундан роппа-роса 30 йил аввалги авиаҳалокатда нобуд бўлган пахтакорчиларни хотирлаш маросими бўлиб ўтди.

“Пахтакор” жамоаси мутасаддиларидан бирининг маълум қилишича, бугун ўзбекистонлик футбол ихлосмандлари 30 йил олдин авиаҳалокатда қурбон бўлган 17 пахтакорчини хотирлаганлар.

- Ўшанга ош беришди. Энди ҳозир футбол бўлади¸ дейди жамоа мутасаддиларидан бири.

Тошкентлик футбол ихлосманди Темуржон ҳам бугун афсонага айланган футболчилар хотирасига ўтказилган тадбирлардан гапиради.

- 1979 йилда пахтакорчилар ўтирган самолëт қолдиқлари Украинанинг Куриловка қишлоғи устида самога сочилган. Яқинда Куриловка қишлоғида Украинанинг “Динамо Киев”¸ “Шахтëр”¸ Қозоғистоннинг бир-икки клублари ва “Пахтакор” клуби ҳомийлари кўмагида пахтакорчиларига монумент ўрнатилди. Бундан ташқари, Тошкентда шу муносабат билан ëшлар ва ўсмирлар ўртасида футбол мусобақалари ўтказилаяпти. Бир неча йилдан бери давом этиб келаëтган анъана ҳам бор. Ҳар йили 11 август куни “Пахтакор” клуби мутасаддилари¸ футболчилари Боткин қабристонига бориб¸ футболчилар қабрига гулчамбар қўйиб келишади¸ дейди тошкентлик Темуржон.

Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров эътирофича, бундан 30 йил олдин юз берган машъум ҳодиса ўзбеклар шуурида миллий фожеа каби из қолдирди.

- Қанақадир миллий фожеага ўхшаган нарса-да энди. Эсимда бор¸ дейди Фаррух Зокиров.

Бундан 30 йил аввал Украина осмонида учоқлар тўқнашган пайтда мулозимлар бу хабарни сир тутишга тиришдилар. Аммо миллионлаб ишқибозларнинг футболчилар тақдирига оид сўроқлар жавобсиз қолмади.

Пахтакорчиларнинг авиаҳалокатга учрагани ҳақидаги хабар қанорни ичидаги бигиздай бир жойдан тешиб чиқди.

Жамоа маъмурининг беваси Юлдуз Толибжонова 30 йил олдинги авиаҳалокат ҳақидаги хабарни кимдан эшитганини яхши эслайди.

- Мен ишдан қайтаëтиб¸ танишимни учратиб қолдим. У: “Турмуш ўртоғинг қачон учиб кетди?” деб сўраб қолди. Мен: “кеча”, дедим. У бўлса: “Самолëт ҳалокатга учраганидан хабаринг йўқми?” деди. Мен “Ким айтди?” десам¸ “Озодликдан хабар қилишди” деди¸ дейди Юлдуз Толибжонова.

Пахтакор жамоасининг 17 ўйинчиси авиаҳалокатга учраганидан бир ҳафта ўтгачгина бу ҳақда Совет Иттифоқи телеграф агентлиги хабар тарқатди. Унгача ахборотсиз қолган мухлислар орасида турли миш-мишлар урчиди.

- 1979 йилда мен Тошкентда эдим. Ўша вақтларда бирдан шов-шув гап бўлиб кетди. "Пахтакор командаси учаëтган учоқ Қрим осмонида кетаëтган пайтда тасодифан Леонид Брежнев ўтирган учоқнинг яқинидан ўтадиган бўлиб қолган. Яқини ҳам жуда узоқ масофа¸ бемалол ўтса бўлади. Ўша вақтда давлат раҳбарларининг хавфсизлигини таъминлаш учун осмонда узоқдан кўринадиган тарзда бўлса ҳам бирорта учоқ бўлмаслиги шарт экан. Шунинг учун Пахтакор командаси ўтирган учоқ уриб туширилган"¸ деган миш-мишни мен икки-уч жойдан эшитдим. Мен бу гапни анча зиëли одамлардан эшитдим¸ дея эслайди Абдулла ака.

Воқеадан саккиз кун ўтиб, “Советский спорт” газетаси “Пахтакор” жамоасининг 17 ўйинчиси ҳамда мураббий ва врачининг дафн қилингани ҳақида кичик бир хабарни эълон қилди, холос.

Жамоа мураббийи¸ марҳум Игдал Тазитдиновнинг беваси Алла Тазитдинова тасарруфидаги кинотасмаларда “Пахтакор” жамоасининг дафн қилиниши акс этган.

Тасмада тобут кўтарган одамларнинг узун карвони аксланган. Тобут ичида эса жасад эмас¸ балки ҳалокат содир бўлган ҳудуддан олинган тупроқ бор эди, холос.

Ўзбек футболининг 17 ëрқин юлдузи осмону фалакда мажақланиб йўқ бўлиб кетган эди.

Футбол мухлиси Абдулла аканинг эслашича, бу ўзбек футболи энг баланд чўққига чиққан палла эди.

- Футболга ишқибоз эдим. Бориб турардим. Айниқса¸ Красницкий давридаги жамоа илгариги жамоадан баланд бўлиб¸ Совет Иттифоқи миқëсида биринчи ўринга чиққан вақтлари ҳам бўлган. Ўша пайтларда "Пахтакор" стадиони тўла бўлиб¸ зиналаригача одамлар билан тўлиб¸ “60-70 минг одам келибди” деган гаплар бўларди. Ўзи 50 минг одамга ўрин бор. Ўша вақтда жуда гўзал футболлар бўларди¸ дея эслайди Абдулла ака.

Пахтакорнинг ўша пайтдаги обрў-эътиборини марҳум санъаткор Эргаш Каримов ижросидаги “Учрашув” фильмидан ҳам билса бўлади.

Тошкентлик футбол ишқибози Темур назарида¸ “Пахтакор” жамоаси ўшандан буён 30 йил бурунги мавқеига кўтарила олмади.

- Ҳозир ўйинларда “Пахтакор”га нисбатан адолатсизлик бор. Нимагаки¸ Бунëдкорнинг ортида турганларнинг анча кучлилиги ва ҳакамларнинг уларни бугунги кунда тўхтатиб қолишга ожизлиги намоëн бўлаяпти¸ дейди Темур.

Суҳбатдошимизга кўра, миллий терма жамоаси бўлган “Пахтакор”га орадан 30 йил ўтиб сармоядорлар етовидаги “Бунëдкор” соя ташламоқда.

Орадан 30 йил ўтиб, осмони фалакда ҳалок бўлган ўзбек футболининнг юлдузларини номма-ном эслаймиз.

Идгай Борисович ТАЗЕТДИНОВ, 13.01.1933, мураббий, спорт устаси;
Михаил Иванович АН, 19.11.1952, халқаро тоифадаги спорт устаси, олий лигада 138 ўйинда 30 гол урган;
Владимир Иванович ФЕДОРОВ, 5.01.1956, ҳужумчи;
Олим Масалиевич АШИРОВ, 25.01.1955, ҳимоячи;
Равиль Рустамович АГИШЕВ, 14.03.1959, ҳимоячи;
Константин Александрович БАКАНОВ, 25.05.1954, ярим ҳимоячи;
Юрий Тимофеевич ЗАГУМЕННИХ, 7.06.1947, спорт устаси, ҳимоячи;
Александр Иванович КОРЧЕНОВ, 4.05.1949, ярим ҳимоячи;
Николай Борисович КУЛИКОВ, 25.04.1953, ҳимоячи;
Владимир Васильевич МАКАРОВ, 9.03.1947, ярим ҳимоячи;
Сергей Константинович ПОКАТИЛОВ, 20.12.1950, дарвозабон;
Виктор Николаевич ЧУРКИН, 25.01.1952;
Сирожиддин Ахмедович БОЗОРОВ, 1.01.1961, ҳужумчи;
Шуҳрат Мусинович ЭШБЎТАЕВ, 8.02.1959, ҳужумчи;
Владимир Валиевич СОБИРОВ, 14.01.1958, ҳужумчи;
Владимир Васильевич ЧУМАКОВ, 8.12.1932 жамоа врачи;
Мансур ТОЛИБЖОНОВ, 4.04.1944, жамоа маъмури.

Марҳум футболчилар номлари яқинда Украинада ўрнатилган ëдгорлик тошига ҳам ўйиб ëзилди.
XS
SM
MD
LG