Линклар

logo-print

Чеченистон. Қўрқув муҳити


Зарема Саъдуллаева ва Алик Жаброилов қаровсиз боллалар ҳуқуқларини ҳимоя қилар эдилар.

Зарема Саъдуллаева ва Алик Жаброилов қаровсиз боллалар ҳуқуқларини ҳимоя қилар эдилар.

Россия президенти Дмитрий Медведев Чеченистонда ҳуқуқ фаоллари Зарема Саъдуллаева ва унинг турмуш ўртоғи Алик Жаброилов қотилларини албатта топиш тўғрисида кўрсатма берди.

Чеченистонда ҳуқуқ фаоли Зарема Саъдуллаева ва унинг турмуш ўртоғи Алик Жаброилов ўлдирилиши ортидан президент Рамзан Қодиров республикаг ҳуқуқ - тартибот идоралари раҳбарларини тўплаб фавқулодда мажлис ўтказган.

Қодировнинг билдиришича, Россия президенти Дмитрий Медведев қотиллик тергов қилинишини ва жиноятчиларни топишни буюрган.

- Бу муҳиш жиноятдир ва Конституция гаранти сифатида бу хол биринчи навбатда мени ташвишлантиради. Аминманки жиноятчиларни қўлга оламиз ва жазолаймиз, - деди Чеченистон президенти Қодиров.

Чеченистонда номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилган Зарема Саъдуллаева ҳамда унинг турмуш ўртоғи Алик Жаброилов жасадлари пойтахт Грозний яқинида ўзларига қарашли автоуловнинг юкхонасида топилган эди.

- 2009 йилнинг 10 август куни соат 14.00да Саъдуллаева ва Жаброиловни камуфляж кийган ва шахси номаълум қуроллилар ЮНИСЕФнинг Грознийдаги офисидан ўғирлаб кетишгани аниқланди. 2009 йил 11 август куни соат 04.00да уларнинг ўқдан илма-тешик бўлган жасадлари Грозний чеккасидан топилди, - деди Россия Бош прокуратураси матбуот вакили Владимир Маркин.

Зарема Саъдуллаева Чеченистондаги "Авлодни қутқаринг" номли ноҳукумат ташкилотига раҳбарлик қилган ва турмуш ўртоғи Алик Жаброилов билан бирга Чеченистонда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қаровсиз болаларга ёрдам бериб келган.

Чеченистон расмийларига кўра, ноҳукумат ташкилоти фаолларининг ўлдирилиши ортида республикада барқарорликни издан чиқаришни ният қилган кучлар турибди.

Айни пайтда ҳуқуқ ҳимоячилари Чеченистон раҳбариятини масъулиятсизликда айблашмоқда.

Москвадаги "Мемориал" инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Александр Черкасовнинг айтишича, агар ҳукуматда хоҳиш бўлганида эди ҳуқуқ фаоллари ҳаётини асраб қолиш мумкин эди.

- Уларни қидириш бўйича ўз вақтида чора кўрилганда эди, балки улар ҳаёти сақлаб қолинган бўлар эди. Бугун эса уларнинг жасади Грозний яқинидаги Черноречие туманида топилди. Биздаги маълумотларга кўра, уларни кул ранг ВАЗ-2110 русмли машинада олиб кетишган, - дейди Черкасов.

Россиялик ва халқаро ҳуқуқ фаоллари, Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси, Қўшма Штатлар Саъдуллаева ва Жаброиловларнинг ўлдирилишини кескин қоралаб, Шимолий Кавказда ноҳукумат ташкилотлари ходимларига қарши амалга оширилаётган зўравонликлар тўлқинидан ларзага келганликларини билдирди.

Таъкидлаш жоиз, ушбу қотиллик чеченистонлик бошқа бир ҳуқуқ фаоли Наталья Эстемированинг ўлдирилиши ортидан юз бермоқда. Ҳуқуқ фаоллари содир этилаётган бу каби қотилликлар Чеченистонда қўрқув муҳитини яна ҳам кучайтириши мумкинлигидан хавотирда.

"Мемориал" раҳбари Олег Орлов:”Ҳуқуқ фаоли Эстемирова ўлимига шахсан Рамзон Қодиров жавобгар”, деб айтган эди. Қодиров эса қотилликда жангарилар раҳбарларини айблаган.
XS
SM
MD
LG