Линклар

БМТ Мянма мухолифати раҳбарини озод этишга чақирди


БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Мянма ҳукуматини мамлакат демократик мухолифати етакчиси Аун Сан Су Чжини зудликда озод этишга чақирди.

Ташкилот раҳбари Сан Су Чжига белгиланган уй қамоғи муддатини яна бир ярим йилга узайтириш ҳақидаги суд қароридан ташвишда эканини ҳам таъкидлади.

Мянма суди даставвал мухолифат етакчисига уч йиллик қамоқ жазоси тайин қилган эди. Бироқ ҳарбий хунта уч йиллик жазони уй қамоғига алмаштиришга қарор қилган. Мянма ҳукумати Су Чжини уй қамоғи шартларини бузганликда айблаб, унинг устидан олиб борилаётган маҳкама жараёнини бир неча ой давомида кечиктириб келаётган эди.

Мухолифат етакчиси уйига рухсатсиз борган АҚШ фуқароси Жон Йетога эса етти йиллик қамоқ жазоси тайинланди. Бундан ташқари, АҚШ фуқароси қамоқ жазосининг тўрт йилини мажбурий меҳнатда ўтказадиган бўлди.

Нобел мукофоти лауреати, 63 ёшли Аун Сан Су Чжи сўнгги 19 йиллик ҳаётининг асосий қисмини уй қамоғида ўтказган. Айни пайтда БМТ Хавфсизлик кенгашида Мянма суди қарорини қораловчи резолюция борасида бир қарорга келинмаган.

Сешанба кунги муҳокамаларда мазкур резолюция лойиҳасига Хитой, Россия ва Ветнам қарши чиққан.
XS
SM
MD
LG