Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:07

Ўзбекистоннинг бош аксилтеррорчиси ўлдирилди


Тергов томонидан Ҳасан Асадовнинг ўлдирилишига унинг касбий фаолияти сабаб бўлган, деган таҳмин олға сурилмоқда.
Тергов томонидан Ҳасан Асадовнинг ўлдирилишига унинг касбий фаолияти сабаб бўлган, деган таҳмин олға сурилмоқда.

Ўзбекистонда уч кун олдин Ички ишлар вазирлиги расмийси Ҳасан Асадовнинг номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилгани тўғрисида хабарлар берилмоқда.

Ўзбекистон республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати бошлиғи Светлана Ортиқова www.ferghana.ru ахборот агентлигига Ҳасан Асадов ўз уйида отиб ўлдирилгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.

Бош прокуратура расмийси Асадов ўз ишини масъулият билан бажарган принципиал ва жасур ходим бўлганини айтган.

Бу қотиллик ҳақида маълумот олиш учун Ички ишлар вазирлигига телефон орқали боғланганимизда вазирлик расмийси бу воқеа юзасидан шарҳ беришни истамади.

Аксар кузатувчилар ва ҳуқуқ фаоллари Ҳасан Асадовнинг ўлдирилиши унинг касбий фаолияти билан боғлиқ, деган фикрда.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Озодлик мухбири билан суҳбатда Асадов бегуноҳ қамалган ва қийноққа солинган шахсларга алоқадор кишилар томонидан ўч олиш мақсадида касбий фаолияти туфайли ўлдирилган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

- Кимдир қасдини олган бўлиши мумкин. Мен кўпроқ шунақа деб ўйлаяпман. Унга нисбатан қасд бўлиши мумкин. Негаки¸ бу шунақа органда ишлаган. Масалан¸ улар бошлаб берувчи, яъни ҳибсга оладигaн бошқарма. Инсонларнинг айби бўлмаса ҳам уларни ҳибсга олиб¸ биринчи бўлиб уларни айбли деб ҳисоблайдиган бошқарма. Тергов пайтида¸ бошқа пайтда одамларни қийноққа учратадиган бошқарма. Булар одамларни кузатади, одамларнинг уйларини кузатади¸ қилмаган ишни қилди дейдиган ëки варақалар ташлайдиган ташкилот бу, дейди Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев ҳам Ички ишлар вазирлигининг Терроризм ва коррупцияга қарши кураш бўлими бошлиғи Ҳасан Асадовнинг ўлдирилиши унинг касбий фаолияти билан боғлиқ, деган фикрда.

- Ҳасан Асадов ишлаб келган Терроризм ва коррупцияга қарши кураш бўлимининг 80 фоиз қиладиган иши демократларга¸ диссидентларга¸ ҳуқуқ ҳимоячиларига¸ журналистларга қарши кураш олиб боришдир. 20 фоизи тахминан коррупцияга қарши қаратилган.
Коррупцияга қарши иш олиб бораëтган пайтда булар энг кичкина¸ кўзга илинмайдиган порахўрларни – буларнинг ичида милиция, солиқ инспекторлари¸ божхонада ишлайдиганлари бор – ўшаларни таъқиб қилиб¸ уларнинг пора берганини қўйиб юбориб¸ пора бермаганини қўлга олиб юрган одамлар.

Лекин баъзи пайтда улар сал каттароқ одамларнинг вакилига ëпишишади. Масалан¸ наркотрафик билан шуғулланадиганлари бор¸ пора олиб воситачилик қиладиганлари бор. Шу воситачилик орқасидан кун кўриб юрган¸ бошлиқларини ҳам боқиб юрган одамларга янглиш тушиб қолишади. Хато қилиб тушганда¸ булар ë ишдан олинади ëки бошига бир бало тушади.

Менимча¸ Ҳасан Асадов коррупцияга қарши курашаман деб, раҳбариятнинг олдиндан розилигини олмасдан қилган ишлари учун эҳтимол хизмат вазифасини ўтаëтган пайтда ўшандан норози бўлганлар ўч олган бўлиши мумкин, дейди ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи.

Ўзбекистон республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати бошлиғи Светлана Ортиқованинг www.ferghana.ru ахборот агентлигига билдиришича, Ҳасан Асадов ўз уйида ўқотар қуролдан отиб ўлдирилгани юзасидан жиноий иш қўзғатилган.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев фикрича, Асадовнинг қотиллари топилиши эҳтимолдан йироқ.

- Ҳасан Асадов қотиллигининг ижрочилари топилиши мумкин¸ лекин унинг буюртмачилари топилмайди. Сабаби Ўзбекистонда энг катта лавозимга эга бўлган шахслар коррупциялашган. Бунинг илдизига етиб бормасин деб, Ҳасан Асадовни йўқ қилишган. Агар лозим топишса¸ қотилларни жазолаши мумкин. Лекин буюртмачилар топилмайди. Сабаби буюртмачиларнинг лавозими жуда катта бўлади, дейди Тошпўлат Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG