Линклар

logo-print

Душанбе "жосус"ни қайтармади


Сўнгги йилларда минтақа давлатлари махсус хизматлари тез-тез "жосус" овлайдиган бўлиб қолдилар.

Сўнгги йилларда минтақа давлатлари махсус хизматлари тез-тез "жосус" овлайдиган бўлиб қолдилар.

Тожикистон томони жосусликда айбланиб Душанбеда қўлга олинган Қирғизистон фуқароси Муҳаммад Салимзодани Бишкекка қайтариш илтимосини рад этди.

Расмий Душанбе Муҳаммад Салимзода Тожикистон Конституциявий тузимига тажовуз қилган жинояти экани учун ҳам Қирғизистонга қайтарилмаслиги ҳақида маълумот берган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ ходими экани айтилаётган Муҳаммад Салимзода Тожикистонда ўзга давлат фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб 29 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Миллати тожик бўлган Муҳаммад Салимзода Тожикистондаги фуқаролик уруши даврида бу мамлакатни тарк этган ҳамда Қирғизистон фуқаролигини олган эди. У 2008 йил августида Душанбе шаҳрида қўлга олинган.

Қирғизистон Бош прокуратураси Тожикистон ҳукуматидан Салимзоданинг Бишкекка қайтарилишини илтимос қилган эди.

Қирғизистон Бош прокурори ўринбосари Сумар Насиза Тожикистон томонининг рад жавоби Салимзоданинг яқин кунларда Бишкекка қайтарилиши юзасидан умидларни йўққа чиқаргани ҳақида маълумот берди.

Унинг айтишича, ўзга давлатда қўлга олинган фуқароларни ўз Ватанига қайтариш юзасидан Минск конвенциясида белгиланган ҳуқуқий йўл Тожикистон томонининг рад жавоб бергани билан якун топди.

Сумар Насизага кўра, энди бу масала Қирғизистон ва Тожикистон президентлари, парламентлар ва ҳукуматлар ўртасида ўтадиган ва узоқ давом этадиган музокаралар орқали ҳал этилиши мумкин.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, Россиянинг айрим оммавий ахборот воситалари бу хабарни “Тожикистон рус жосуслари учун ўч олди” қабилида шарҳладилар.

Гап шундаки, бундан икки йил олдин, яъни 2007 йилнинг сентябрида Бишкекда Қирғизистон Мудофаа вазирлигининг контрразведка бўлими зобитлари Валерий Пацуле, Дмитрий Гриб, Владимир Бережной ва Максат Мамиркановлар Россия фойдасига жоуслик қилганликда айбланиб қўлга олинган эдилар.

2008 йил апрелида эса бу тўрт зобитнинг икки нафари суд ҳукми билан 13 ва 14 йилга, қолган иккиси эса 4 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.
XS
SM
MD
LG