Линклар

logo-print

Медведев таклифи хавотирга асос берадими?

  • Сарвар Усмон

Таҳлилчилар Россия президенти Дмитрий Медведевнинг Давлат Думасига тақдим этган "Мудофаа тўғрисида"ги қонунга ўзгартишлар лойиҳасида Ўзбекистон учун хатар кўрмаяптилар.

Таҳлилчилар Россия президенти Дмитрий Медведевнинг Давлат Думасига тақдим этган "Мудофаа тўғрисида"ги қонунга ўзгартишлар лойиҳасида Ўзбекистон учун хатар кўрмаяптилар.

Россия президенти Дмитрий Медведев 10 август куни "Мудофаа тўғрисида"ги қонунга ўзгартишлар лойиҳасини Давлат Думаси муҳокамасига тақдим этди.

Жорий қонун доирасида ҳам Грузия ҳудудига тап тортмай бостириб кирган Россиядан, Медведевнинг таклифи қабул қилингач, бошқа постсовет давлатлар, хусусан? Ўзбекистон учун таҳдид пайдо бўлмайдими?

Россия президентининг “Мудофаа тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар лойиҳаси тўғрисидаги хабар етиб келиши биланоқ мана шу савол туғилди.

Дмитрий Медведев Сочида - Давлат Думаси фракциялари етакчилари билан учрашувида Дума муҳокамасига тақдим этгани қонун лойиҳаси тўғрисида гапирар экан, “Бу ҳужжат (қонун лойиҳаси) Россия Қуролли Кучларидан Россиядан ташқарида фойдаланиш тўғрисида ва у бир йил олдин бўлиб ўтган воқеалар билан боғлиқ”, деди.

Президент Медведев ўтган йил августида бўлиб ўтган Россия-Грузия урушини назарда тутмоқда.

Ўша воқеалардан сўнг кўплаб таҳлилчилар Россия армиясининг бошқа давлат ҳудудига бостириб кириши ғайриқонуний амалиёт бўлгани тўғрисида айтган эди.

“Мудофаа тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритар экан, Россия президентининг ўзи ҳам ўша танқидлар асоссиз эмаслигини билвосита тан олди.

“Коммерсантъ” газетасининг ёзишича, Россия Қуролли Кучларидан уч мақсадда фойдаланилади:

Россияга қарши ташқи агрессияни қайтаришда;
мамлакат ҳудудининг дахлсизлигини ҳимоялашда;
Россиянинг халқаро мажбуриятларини бажаришда.

“Мудофаа тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритилгач эса Россия Армиясидан Россиянинг бошқа давлатлардаги қуролли кучларига қилинган ҳужумни қайтариш; бошқа бир давлатга қилинган ҳужумнинг олдини олиш ёки қайтариш; Россия фуқароларини чет элларда ҳимоя қилиш; денгиз ва океанларда қароқчиларга қарши курашиш учун фойдаланилади.

Демак, рус аскарининг милтиғини кўтариб, салом-паломсиз истаган давлатига кириб боравериши учун қонуний асослар яратилмоқда.

Ўтган йилги бир ҳафталик Россия – Грузия уруши эса милтиқ кўтарган рус аскарининг яқин қўшнилари ҳудудига кирмаслигига кафолат йўқлигини кўрсатиб қўйди.

Бас шундай экан, “Мудофаа тўғрисида”ги қонунга киритилажак ўзгартишлар Ўзбекистоннинг хавфсизлиги ва суверенлигига таҳдид пайдо қилмайдими?

Бу саволнинг пайдо бўлишига Қирғизистоннинг жанубида Россиянинг ҳарбий базасини очиш тўғрисида Москва билан Бишкек келишиб олганию бу режага Тошкентнинг кескин қарши чиққани ҳам асосдир.

Тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Толибов Озодлик саволларига жавоб берар экан, “Бир қарашда бундай қарор, яъни Россиянинг ҳарбий қўшинлари Россиянинг ҳудудидан ташқарида қўлланилиши мумкин, чунки хорижда Россияга тегишли объектлар бор ва улар ҳимоя қилиниши керак, деб айтилиши тушунса бўладигандек туюлади”¸ дейди.

Лекин, сиёсатшунос фикрича, шу ўринда бошқа бир савол туғилади:

- Қўшимча бир савол туғиладики¸ Россиянинг объектлари қаерда бўлмасин кеча қурилган эмас. Бу объектларга жиддий таҳдид бўлган мисоллар ëки уларга ҳужум қилинган ҳолатлар бормики¸ Россияни мана шундай чора кўришга ундаган бўлсин. Мен билмадим. Мен бундай мисолларни эслай олмайман.

Озодлик: Шундан келиб чиқадиган савол - нима учун айнан шу кунларда шу тўғрида қарор қабул қилаяпти?

- Биз охирги даврларда шуни кузатаяпмизки¸ Россиянинг ташқи сиëсатида¸ унга кўра¸ Россия собиқ совет макони ҳудудлари Россиянинг таъсиридан узоқлашаяпти, деб тахмин қилаяпти ва шундан хавотирда¸ деди Фарҳод Толибов.

Унинг айтишича, бугунги Россия элитаси орасида ана ўшандай хавотирлардан келиб чиқиб сиёсат юритаётганларнинг қўли баланддир.

Москвалик сиёсатшунос Санобар Шерматова эса янги қонун лойиҳасидан чўчишга ҳожат йўқлигини айтади.

-Янги қонун лойиҳаси МДҲ мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистон учун таҳдид, деб ўйламайман. Грузияни эслаб қўрқавермаслик керак, чунки у билан боғлиқ можаро уникал ҳодиса бўлган эди, деди Санобар Шерматова.

Сиёсатшуноснинг айтишича, Ўзбекистоннинг Россия сиёсатида, Қирғизистонда очилиши кутилаётган Россия базаси билан боғлиқ дипломатик зиддиятлар бўлаётганига қарамай, ўз муҳим ўрни бор, қолаверса, ҳарбий база учун жой танлашда Ўзбекистоннинг фикри инобатга олинажаги тўғрисида Москва баёнот берди.

Тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Толибов ҳам Ўзбекистонда Россиянинг ҳарбий объектлари йўқлиги сабабли бу мамлакатдан ҳарбий таҳдид йўқ, дейиш мумкин, деган фикрни билдирди.
XS
SM
MD
LG