Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:51

Талабалар ташаббусдан норози


Кузатувчилар фикрича, Россияда анча муваффақият билан амалга оширилган талабалар отрядини қайта тиклаш ташаббуси Ўзбекистонда кутилган самарани бермаган.
Кузатувчилар фикрича, Россияда анча муваффақият билан амалга оширилган талабалар отрядини қайта тиклаш ташаббуси Ўзбекистонда кутилган самарани бермаган.

“Бунёдкор” талабалар меҳнат отрядларига жалб этилган ёшлардан ойлик маошининг 50 фоизини “Камолот” жамғармасига ўтказиш талаб қилинмоқда. Бу ҳақда “Веритас” ёш ҳуқуқ фаоллари ҳаракати маълумот тарқатди.

“Веритас” ёш ҳуқуқ фаоллари ҳаракатининг вакили Озодлик билан суҳбатда Хоразм, Самарқанд, Сирдарё ва Қорақалпоғистондаги баъзи олий ўқув юртларида талабалар “Бунёдкор” талабалар меҳнат отрядларига мажбуран жалб этилаётганини айтди.

Ҳаракат вакилига кўра бу ҳолат, жумладан, Урганч ва Нукус давлат университетларида кузатилмоқда:

- Улар ë ишлашга ë ўша суммани ўтказиб беришга мажбур қилинаяпти. Масалан¸ Хоразм вилоятида энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида қилиб белгиланган. Иш ўринлари йўқлиги сабабли ëшларнинг ўзлари иш топишга ундалган. Дейлик, фермерларда расмий иш ўринлари йўқ-ку. Талабаларга ректорат ва деканат томонидан: “Бир оклад иш ҳақини фермер хўжалигидан ўтказиб берсангизлар бўлди, ишга борсангизлар ҳам, бормасангизлар ҳам фарқи йўқ”, деган гап айтилган. Тошкент шаҳрида бу нарса ихтиëрий қилиб белгиланган¸ вилоятларда эса мажбурий¸ дейди ҳаракат вакили.

Демак, “Веритас” ҳаракати фаолига кўра, талаба ёшлардан ўзлари қидириб, иш топиши ва топган пулининг ярмини “Камолот”нинг университетдаги бўлимига ўтказилиши талаб қилинмоқда.

Биз ушбу ҳаракат баёнотидан сўнг тилга олинган олий ўқув юртларидан бири — Урганч давлат университети масъуллари билан боғладик. Университет раҳбарияти бу хабарни мутлақо инкор қилди.

- Йўқ¸ ëлғон гап бу. Мен ҳозир ҳаммасини сўраб суриштирдим. Факультетларга телефон қилиб, “Шунақа гап-сўз борми?” десам¸ “йўқ¸ бунақа нарса бўлиши мумкин эмас”, дейишди. Бир ойликни ўтириб беради, деган гап йўқ¸ деди Урганч давлат университетидаги гўшакни кўтарган ходим.

Аммо “Бунёдкор” меҳнат отрядига жалб этилган ва масалага ойдинлик киритиши мумкин бўлган талабаларнинг ўзлари Озодлик билан суҳбатлашишдан бош тортди.

Улар бунинг сабабини ўқишдан ҳайдалиб кетиш хавотири билан изоҳладилар.

Шундан сўнг биз “Бунёдкор” меҳнат отрядининг ёзги мавсумдаги иши қандай кечди?" деган савол билан “Веритас” ташкилоти тилга олган Самарқанддаги “Камолот” вилоят кенгашига боғландик.

Вилоят кенгаши раиси Наврўз Маҳкамов ҳам “Веритас” ҳаракати баёнотини инкор қилди ва меҳнат отрядининг вилоят бўйича бу ёз мавсумида кечган фаолиятини гапириб берди.

Наврўз Маҳкамов: Бу йил бизларда 15 дан ортиқ “Бунëдкор” отрядлари ташкил қилинди. Демак¸ асосан қурилишда¸ қишлоқ хўжалигида¸ ишлаб чиқаришда¸ медицина соҳасида¸ туризм соҳасида ишлашди.

Озодлик: Қанчадан ойлик олишди?

Наврўз Маҳкамов: Тахминан ҳар хил. Энг ками, ойига 150 минг сўмдан олишди.

Озодлик: Бу ихтиëрийми?

Наврўз Маҳкамов: Албатта. Ҳеч қанақа мажбурий тарафи йўқ.

Озодлик: Сиз Самарқанд вилоятидан қанча талаба жалб этилганини айта оласизми?

Наврўз Маҳкамов: Бу йил 600 нафардан ортиқ.

Озодлик: Уларга иш ўринларини топиб беришда қийналмадингизларми? Ўзбекистонда иш танқислиги¸ ишсизлик бор гап.

Наврўз Маҳкамов: Бизга қанча талаба мурожаат қилган бўлса¸ биз ҳаммасини 100 фоиз иш билан таъминладик.

Озодлик: Самарқанд¸ Хоразм¸ Қорақалпоғистондаги университетларда талабаларнинг университетдаги "Камолот" бўлимларини қўллаб-қувватлаш учун топган пулининг 50 фоизини Камолот жамғармасига ўтказиш жорий қилинган экан.

- Бошқа вилоятларни билмадим-ку¸ лекин Самарқандда бунақа ҳолат йўқ. Чунки ҳар битта талабанинг ўзининг ишлаб топган пули ўзиники. У хоҳлаган йўналишга ўзи сарф қилиши мумкин, деди Озодлик билан суҳбатда Самарқанд вилояти “Камолот” вилоят кенгаши раиси Наврўз Маҳкамов.

Агар “Камолот” ижтимоий ҳаракатининг марказий ва вилоятдаги бўлимлари вакилларига қулоқ солинса, “Бунёдкор” меҳнат отрядларининг ёзги мавсумдаги фаолияти жудда яхши кечган, деган тасаввур қолади.

Бундай отрядлар фаолиятини кузатган Ўзбекистондаги “Ҳозиржавоб гуруҳ” етакчиси Суҳроб Исмоилов эса бу нотўғри тасаввур бўлар эди, деган фикрда.

У бу лойиҳа аввалданоқ Россиядаги ишчи отрядлар лойиҳасидан нусха шаклида олинганига урғу беради:

- Россияда ушбу лойиҳа ишлаб кетди. Балки у ерда иқтисодиëт эркинроқдир¸ балки у ерда иш ўринлари бордир ва ëшлардан чиқаëтган қўшимча ишчи кучига талаб бордир. Ҳозир у ерда катта-катта объектлар ҳам ëшлардан тузилаëтган отрядларга топширилаяпти. Маҳаллий ҳукуматлар шунга ишонаяпти. Лекин Ўзбекистонда, афсуски, бу ташаббус яхши ишлаб кетмади. Мен бир неча "Камолот" вакиллари билан норасмий давраларда гаплашганимда¸ “Бунëдкор” лойиҳасининг ўз мақсадларига эришмаганини тан олишаяпти. Ҳозир бу лойиҳа кризис даврида турибди¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Суҳроб Исмоиловга кўра, кучли ва тезкор ишчи кучи бўлган ёшлар меҳнат отрядлари аслида қисқа муддатли ёзги мавсумнинг ўзидаёқ йирик ташкилотларнинг анчагина мушкулини осон қилиб қўйиши мумкин.

- Аммо иқтисодиёт эркин бўлмаган Ўзбекистон каби давлатда бундай ижтимоий лойиҳалар ривожи учун имкон йўқ. “Бунёдкор” меҳнат отрядларининг ташкил этилиши эса мамлакатда йил сайин аянчли тус олиб бораётган ишсизлик даражасини сунъий равишда туширишга уриниш бўлди, холос, дейди Суҳроб Исмоилов.
XS
SM
MD
LG