Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:00

АҚШ Эрон таъсирини рад этмайди


АҚШ махсус вакили Ричард Холбрук Эроннинг Афғонистонга таъсирини инкор этмаслик керак, деб ҳисоблайди.
АҚШ махсус вакили Ричард Холбрук Эроннинг Афғонистонга таъсирини инкор этмаслик керак, деб ҳисоблайди.

АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Ричард Холбрук Американинг Афғонистон бўйича ишлаб чиққан стратегиясидаги айрим жиҳатларини очиқлади.

Вашингтондаги Америка тараққиёт марказида ўтган йиғинда жаноб Холбрук Афғонистон минтақада якка ўзи тараққий эта олмасилиги ва қўшни Эроннинг бундаги роли катта бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Ричард Холбрук фикрича, Қўшма Штатлар Афғонистон Эрон билан чегарадош эканини ва Эрон Афғонистон ғарбида катта таъсирга эгалигини инкор этмаслиги керак.

- Бу ерда ўтирганлардан ким Хиротда бўлган? Эроннинг қандай маданий, иқтисодий ва сиёсий таъсирга эга эканини Хиротга борсангиз сезасиз. Шу боис Эрон Афғон масаласида муҳим рол ўйнаши мумкин, - деди АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Ричард Холбрук.

Ўз чиқишида Холбрук Ҳамид Карзай илк бор президент этиб сайланганида Афғонистонда барқарор ҳукумат тузишда айнан Эрон конструктив рол ўйнаганини тилга олиб ўтди.

Шунингдек, Эроннинг Покистонга ёрдамлари ҳам беқиёсдир. Апрел ойида Токиода ўтказилган халқаро хавфсизлик анжуманида Теҳрон Исломобод ҳукуматига 330 миллион долларлик ёрдам ваъда қилган эди.

Савдо, маданий ва сиёсий соҳалардан ташқари Эрон Афғонистонда гиёҳванд моддалари ноқонуний савдосига қарши курашда ҳам конструктив рол ўйнаши мумкин. Ричард Холбрукнинг таъкидича, Афғонистонда етиштирилаётган наркотик моддалар ноқонуний оқими Эронда гиёҳвандлар сони ортишига хизмат қилмоқда.

- Эрон гиёҳвандлар сони бўйича жаҳонда олдинги сафларда турган давлатлардан саналади. Гиёҳванд моддалар Эронга Афғонистондан олиб ўтилади ва бу мамлакат учун катта муаммодир, - деди Холбрук.

Афғонистондан келаётган гиёҳванд моддалар оқими Россияни ҳам безовта қилмоқда. Бу борада Ричард Холбрук ўтган ой Москвада АҚШ президенти Барак Обама ва Россия президенти Дмитрий Медведев имзолаган қўшма мурожаатни тилга олди. Мазкур мурожаатда Россия лидерининг Афғонистондан гиёҳванд модалар ноқонуний оқими борасидаги хавотирлари билдирилган.
Вашингтондаги анжуманда Ричард Холбрук Афғонистонда 20 август кунига белгиланган сайлов билан боғлиқ вазият ва сайлов арафасида мамлакат бўйлаб хавфсизликни таъминлаш уринишларига ҳам тўхталди.

Холбрукнинг билдиришича, сайловлар вақтида, хавфсиз ўтказилиши учун Вашингтон Кобул ҳукумати билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.

Ўз навбатида АҚШ расмийси Афғонистонда коррупцияга қарши кураш, ҳукумат мухолифларининг авф этилиши, маҳаллий ва марказий бошқарувни такомиллаштириш Американинг Афғонистон стратегияси асосий жиҳатларидан эканини билдирди..
XS
SM
MD
LG