Линклар

Медведев мактубига муносиб жавоб берилади


Россия президенти маъмурияти бошлиғи муовини Алексей Громов Дмитрий Медведевнинг хати украин халқига йўлланмагани, балки президент Виктор Юшченкога ёзилган мактуб эканини билдирди.

Аввалроқ, Украина президенти котибияти бошлиғи Вера Уляченко Медведев мурожаатидаги "агрессив оҳанг" нафақат давлат раҳбари, балки бутун украин халқига қаратилгани ҳақда билдирган эди.

Хабарларга кўра, ҳозирда расмий Киев Медведев хатига муносиб жавоб ҳозирламоқда.

Эслатиб ўтамиз, Россия президенти Дмитрий Медведев ўз хатида Украина раҳбариятини давлатлар ўртасидаги муносабатларни ёмонлашувига ҳизмат қиляпти, дея қаттиқ танқид қилган эди.

Президент Виктор Юшченко номига йўллаган очиқ хатида Медведев Киевга янги элчи юбориш масаласи ҳам қолдирилганини айтган ва Россия Украинадаги январ ойида бўладиган сайловларда Москва билан муносабатларни яхшилашга ҳизмат қиладиган шахс президент этиб сайланишига умид билдирган.

- Аминман янги давр келади, лекин ҳозирги вазиятда элчимизни Украинага юбормаслик ҳақда қарор қабул қилдим. Элчимиз кейинроқ вазифасига киришади ва бунинг аниқ муддатини муносабатларимиз аҳволидан келиб чиқиб белгилаймиз.

Мен аминман, Россия-Украина муносабатлари стратегик ҳамкорлик даражасига албатта кўтарилади, бунга оз вақт қолди ва умид қиламан Украинанинг янги раҳбарияти бунга тайёр бўлади, - деди Медведев.
XS
SM
MD
LG