Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:48

БМТ бош котиби ўзбекларни табриклади


Ўзбекистон нашрлари БМТ бош котиби Бан Ки Муннинг табригини чоршанбу куни эълон қилдилар.
Ўзбекистон нашрлари БМТ бош котиби Бан Ки Муннинг табригини чоршанбу куни эълон қилдилар.

БМТ бош котиби Бан Ки Мун Ўзбекистон мустақиллигининг 18 йиллиги ва пойтахт Тошкентнинг 2200 йиллиги нишонланиши муносабати билан ўзбек халқи номига табрик йўллади.

Президент Ислом Каримовга топширилган ва чоршанба куни ўзбек матбуотида эълон қилинган мазкур табрикда, Бан Ки Мун дунёдаги, жумладан, Марказий Осиёдаги барқарорликни сақлаш йўлида Ўзбекистон билан муносабатларни янада ривожлантирилишига тайёр эканини изҳор қилган.

БМТ бош котиби, шунингдек, Ўзбекистоннинг минтақадаги барқарорликни сақлаш йўлидаги ҳаракатларини юқори баҳолаб, 21 март куни кучга кирган Марказий Осиёда ядросиз ҳудуд ташкил этиш тўғрисидаги шартноманинг имзоланишини олқишлаган.

“Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни изга солиш йўлидаги халқаро ҳамжамият урунишларига кўмак кўрсатмоқда. Сизнинг кўмагингиз БМТ томонидан юқори баҳоланган.

2009 йил апрел ойидан бошлаб Кобулга Ўзбекистонда қурилган янги электр узатиш тармоғи орқали электр энергиясининг берила бошлаши ҳам Ўзбекистоннинг Афғонистонни иқтисодий жиҳатдан тиклаш ишига салмоқли ҳисса қўшаётгани белгисидир”, дейилади ўзбек интернет сайтларида чоп этилган БМТ бош котиби табригида.

Ўзбек нашрларининг қайд этишларича, БМТ бош котиби табригида Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигининг нишонланиши борасида ҳам фикр билдирилган.

Gazeta.uz нашри Бан Ки Мун табригидан бу борадаги иқтибосни келтиради.

““ ЮНЕСКО Бош конференцияси 34 –сессиясида Тошкентнинг 2200 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги резолюция қабул қилингани ҳам бу шаҳарнинг уникал тарихий ва замонавий илмий-маданий марказ эканининг аниқ тан олинишидир”, дейилади БМТ бош котиби табригида”, деб ёзади Gazeta.uz нашри.

Айни пайтда айрим мустақил интернет нашрлар тарқатган хабарларда айтилишича, Тошкентда мустақиллик куни арафасида махсус хизматлар “Тозалаш-аксилтеррор” амалиётини олиб бормоқдалар.

Регнум ахборот агентлигининг Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Бахтиёр Шокировга таяниб хабар беришича, амалиёт давомида 415 жиноят фош этилган ва аввал қидирувда бўлган 145 киши қўлга олинган.

Шу билан бир қаторда республика ҳудудида ноқонуний тарзда яшаётган 374 нафар чет эл фуқаролари аниқланган ва мамлакатдан чиқариб юборилган. Яшаш жойи номаълум бўлган 1237 киши эса реабилитацион марказларга жўнатилган.

Ички ишлар вазирлиги расмийси Бахтиёр Шокировнинг айтишича, “Тозалаш-аксилтеррор” амалиёти пайтида 350 ўқотар қурол, 300 портловчи модда ва 57 килограмм наркотик моддалар мусодара қилинган.

Ўзбекистон мустақиллигининг 18 йиллиги ва Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигини нишонлаш арафасида Ўзбекистон ҳукумати кенг кўламли ободончилик ишларини олиб боргани ҳам хабар қилинмоқда.

Тошкентни ободонлаштириш дастури асосида олиб борилган тадбирлар натижасида бир қатор турар жой бинолари бузилиб, кўплаб тошкентликлар бошқа ҳудудларига кўчирилгани тўғрисида маълумотлар бор.
XS
SM
MD
LG