Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:17

"Биз йўл очилишини талаб қилдик"


Тожик расмийлари бир гуруҳ тожикистонликларнинг чегарачилар ҳамроҳлигида “Ровот” сув тақсимлаш станциясига ҳужум қилиб, станция ишчиларини ҳайдаб юборганига оид хабарларни инкор қилмоқдалар.

12 август куни Press-uz.info ахборот агентлиги бир гуруҳ тожикистонликларнинг бу мамлакат чегара қўшинлари кузатуви остида Ўзбекистонга қарашли “Ровот” станцияси ҳудудига огоҳлантиришсиз бостириб кирганлари ва бу объектнинг ўзбекистонлик ишчиларини ҳайдаб чиқаргани борасида хабар тарқатди.

Воқеа юз берган кунни аниқ кўрсатмаган Press-uz.info ахборот агентлиги хабарида келтирилишича, режим зонаси мақомига эга “Ровот” станцияси Тожикистоннинг Конибодом туманидаги Ровот қишлоғида жойлашган ва у Ўзбекистон мулки саналади.

“Тоғдан оқиб келаётган сой сувларини тўплаш ва тақсимлашга ихтисослашган “Ровот” станцияси Фарғона вилояти Бешариқ тумани далаларини сув билан таъминлайди. Ушбу ҳолат юқори давлат даражасидаги барча тегишли ҳужжатларда қайд этилган”, деб ёзади Press-uz.info.

Манбага кўра, тожикистонлик бир гуруҳ фуқаро бу мамлакат чегара хизматчилари кузатуви остида мазкур ҳудудга бостириб кирган.

“Шундан сўнг деворлардаги ўзбек тилида ёзилган барча плакат ва йўриқномалар олиб ташланди. Ушбу шахсларнинг барча ҳаракатларида вандализм, шавқатсизлик яққол намоён эди. Улар гўё аввалдан режаланган сценарий бўйича яхши репитиция қилинган ролларни ўйнаётгандек эдилар. Станция ходимларини бу ҳудуддан ҳайдаб чиқарар экан, уларни “жиноий жавобгарликка тортиш” билан таҳдид ҳам қилишган, дея ёзади Press-uz.info Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага таянган ҳолда.

Мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида биз Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитасига сим қоқдик. Телефон гўшагини кўтарган подполковник Муслиҳ Имомқулов Тожикистонга тегишли Ровот анклавига доир хабарнинг уйдирма эканини таъкидлади.

- Ўзи бу ҳудуд аввалдан баҳсли ҳудуд. Тожикистонликларнинг Ровот анклавига ўтиб-қайтишида онда-сонда муаммолар бўлиб туради. Бугунги хабарларда деҳқонларимиз Ровот станциясини зўрлик билан эгаллаб олгани ва чегарачиларимизнинг ҳам бунга алоқаси борлигини ёзган. Бироқ бизнинг ҳарбийларимиз бу ҳудудга қурол билан кирганлари ҳақидаги гаплар уйдирма, деди тожик зобити Имомқулов.

Чегара қўмитаси расмийси мазкур масалага Тожикистон томони бефарқ эмаслиги, айни пайтда бу хабар юзасидан текширувлар олиб борилаётганини таъкидлади.

Шундан сўнг Ровот анклавидаги ер эгаларидан бири Маъруфжон Мамадовга сим қоқдик.

Маъруфжон аканинг гапларидан маълум бўлишича, ровотликларга тегишли 58 гектар экин майдонига бориш учун улар Ўзбекистон ҳудудидан ўтишга мажбур.

- 58 гектар ернинг сертификати бор. Бунга юз йил бўлган. Катта-катта боғларимиз бор. Биз шу пайтгача ўтиб турганмиз. Учта солдат туради, текшириб ўтказади. Рўйхат бор. Ўша рўйхат бўйича ўтказади. Олиб ўтадиган ҳамма нарсамизни текширишади. Лекин бизни ўзбек чегарачилари ўтказмай қўйишди. Биз: “Ахир бу туташ чегара-ку, биз шу йўлдан ўтиб юрганмиз-ку неча йиллар давомида? Бирор ножўя ҳаракат қилган бўлсак, ушланглар”, дедик, дейди ровотлик Маъруфжон ака.

Суҳбатдошимиз Ровот станцияси атрофидаги жанжаллар билан боғлиқ хабарларда асос йўқлигини ва бу ўзларига нисбатан туҳмат эканини билдирди.

- Биз деҳқонмиз-ку. Деҳқонлар унақа қилмайди-ку. Ҳеч ким жанжал қилгани йўқ. Фақат биз беш-олти кун тўпланиб, ўзбекистонлик чегарачилардан “йўлимизни очиб қўй”, деб талаб қилдик. Йўлимизни очишсин, биз бемалол ишга бориб келайлик, маҳсулотимизни топширайлик.

Ровот станциясининг олтита ишчиси бор. Ўзбекистондан келишади. Ҳар куни ишга келиб кетишади. Лекин уларнинг ўзлари бу ёққа келмай қўйишди. Энди уларни Ўзбекистоннинг ўзи чақириб олган эмиш. Ҳозир Ўзбекистонда қишлоқма-қишлоқ юриб, селсоветларда мажлис қилишиб, “Тожикистонга умуман ўтманглар”, дейишаётганмиш, дейди Маъруфжон ака.

Суҳбатдан маълум бўлишича, ҳозир Ровот станциясини тожикистонлик бир йигит бошқариб, Тожикистон ва Ўзбекистонга тегишли сувларни тақсимлаш ишлари унинг зиммасига юклатилган экан.

Аснода Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси расмийлари ҳам Ровотдаги воқеа юзасидан хабардор эканликларини, аммо Ровот ҳудуди Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги баҳсли ҳудудлардан саналмаслигини билдирдилар.

Элчиликнинг ўз номини айтмаган масъули ҳар ҳолда Ўзбекистон томони мазкур воқеа юзасидан бирорта баёнот ёки Тожикистон томонига норозилик нотаси йўлламаганини билдириш баробарида “бу икки давлат алоқаларининг яхши томонга ўзгаришидан манфаатдор бўлмаган шахслар иши бўлса ҳам ажаб эмас”, дея таъкидлади.

Мустақил таҳлилчи Давлат Усмон эса хабарнинг ўзбек расмийларини ёқловчи Press-uz.info ахборот агентлигида ёйинланганини қайд этаркан, “бунда узоқни кўзлаган сиёсат ётибди”, дея мулоҳаза билдиради.

- Ўзбекистон бу мазмунда хабарлар тарқатиш орқали Тожикистон гидроэнергетик лойиҳаларининг амалга ошмаслигига уринади. Ўз-ўзидан маълумки, қўшниси билан алоқаси яхши бўлмаган Тожикистонга хорижликлар сармоя ётқизмайди. Ўзбекистон томонининг бундай хабарларни тарқатишдан мақсади ҳам шу, дейди таҳлилчи.

Бошқа бир гуруҳ таҳлилчилар эса Тожикистон ўз ички ва ташқи сиёсатида қўшниси билан муроса йўлини тутган ҳолда иш юргизиши ва икки ўртада мавжуд муаммоларга давлат чегараларини делимитациялаш ва демаркациялаш тадбирларини тезлаштириш орқали ҳал қилиши лозимлигини таъкидлайдилар.

Эслатиш жоизки, шу йил 22 июлида Тошкентда ўзбек-тожик чегараларини делимитациялаш ва демаркациялаш бўйича давлатлараро комиссия аъзолари чегараларда мавжуд тўртта баҳсли ҳудуд юзасидан музокара ўтказган эди.

Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси ходимлари бу чегараларга боғлиқ ҳал қилувчи учрашув эканини таъкидлаган эсалар-да, мазкур музокаралар натижасиз ниҳояланган эди.

Ўзбекистон элчихонасидан олинган маълумотларга кўра, бу масала бўйича томонларнинг навбатдаги учрашуви шу йил август охирларида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG